| 18.05.12 16:00 Олий лига Нефтчи -:- Шўртан | 19.05.12 23:45 Чемпионлар лигаси Бавария -:- Челси |
|
Норбек Ниёзов
«Арена» |
ЎЗБЕК ПЕЛЕСИ | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| Киритилган сана: 2012-01-31 15:15 | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
Ҳамид Раҳматуллаев. Бу исмни тилга олишингиз билан ўзбек футболининг катта ёшли ишқибозлари ўтган асрнинг 60-йилларини, ўн минглаб мухлислар билан тўлиб тошган “Пахтакор” стадиони эсга олишади ва қайғу билан “Ҳа, у Ўзбек Пелеси эди” дейишади. 1960 йилда “Пахтакор” биринчи марта мамлакат чемпионати олий лигасида иштирок этишни бошлади. Дасталбки уч мавсум давомида тошкентликлар энг кучли жамоаларнинг додини беришди ва кучли олтиликка қадар чиқа олишди. Мухлислар эса жамоанинг асосий футболчилари – Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов ва албатта Ҳамид Раҳматуллаевларнинг номларини меҳр билан тилга олишар, уларнинг ўз яқинлари деб билишар эди. 1942 йил, 28 январ. Тошкентнинг эскишаҳар қисмида Турғун ота ва Санобар ая хонадонида биринчи фарзанд дунёга келди. Унинг исмини Ҳамид деб қўйишди. Ҳалоллик, меҳнатсеварликни ҳаётнинг биринчи қоидаси қилиб олган бу хонадонда ҳар бир фарзанд ўз ўрнини билар, аввало оиласи, яқинлари учун ёрдам бериш, энг муҳими, яхши инсон бўлишга ҳаракат қилишарди. 1949 йил сентябр ойида Ҳамид Тошкентдаги 102-мактабнинг биринчи синфига борди. Ёшликда унинг футболга меҳри тушишига маҳалла яқинида “Спартак” стадионининг жойлашгани ва у ерда энг моҳир футболчиларнинг ўйнагани сабаб бўлган бўлса эҳтимол. 5-синфда у ёзги таътилда дам олиш оромгоҳига боради, у ердаги футбол мусобақасида Ҳамиднинг жамоаси ғалаба қозонганидан сўнг у “Спартак” футбол мактабига ёзилади. Дастлаб ҳужумда ўйнаган қорачадан келган йигитча ўзининг меҳнатсеварлиги ва майдонни яхши кўра билиши билан кўпчиликнинг эътиборига тушди. “Спартак” болалар жамоасидаги бу истеъдодни мухлислар “Қора” деб аташарди, кейинчалик бу ном “пеле”га ўзгарди. “Пахтакор” ташкил топганидан сўнг жамоа болалар мактаби мураббийи Исоқ Тошмуҳамедов Ҳамидни бу ерга таклиф қилди. У ва Сергей Арутьюновларнинг бошчилигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ва “Пахтакор” ёшлари таркибида мамлакатнинг турли шаҳарларида ўтказиладиган мусобақаларда Ҳамид мунтазам иштирок этар, ҳар гал улар қайтганидан мактабдош дўстларига сафар таассуротларини айтиб берарди. Таъкидлаш лозимки, Ҳамид Раҳматуллаев мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ “Пахтакор”нинг ўринбосарлар таркибидан жой эгаллади. Ўринбосарлар жамоас сардори сифатида ўзини кўрсатган Раҳматуллаевни асосий таркибга жалб қилишди. Усталар орасида ҳам Ҳамид йўқолиб қолмади, аксинча ўзининг меҳнатсеварлиги, ўз ишига бўлган муҳаббати, ажойиб истеъдоди туфайли Красницкий, Стадник, Пшеничников, Азизхўжаев, Абдураимов каби юлдузлар ўйнаётган жамоада ўз ўрнига эга бўлди. Ҳамид Раҳматуллаев ҳужум остида ҳаракат қилар ва жамоадошларининг гол уришлари учун қулай имкониятларни яратиб берарди. У 1960-70 йилларда, 11 мавсум давомида “Пахтакор”нинг асосий таркибида тўп сурди. Бу кўрсаткич бўйича у Геннадий Красницкий ва Биродар Абдураимовлардангина ортда қолади. Сардор сифатида у жамоасини олдинга бошлай олар, мухлисларнинг қалбидан жой оладиган ўйинларни намойиш этарди. 1968 йилги мавсумда “Пахтакор” Собиқ Иттифоқ кубогининг финалига йўлланмани қўлга киритди. Москвада “Торпедо”га қарши учрашувда Раҳматуллаев бошчилигидаги тошкентликлар муносиб кураш олиб боришди ва 0:1 ҳисобида ютқазишди. Раҳматуллаев 1971 йилдан катта футболни ташлаб мураббийлик соҳасига ўтди. Аввало, “Пахтакор”нинг ёшлар таркибида ишлай бошлади. Келгуси йилдан эса жамоанинг асосий таркиб мураббийлар штабида фаолият олиб бориб, “Пахтакор”нинг биринчи лигадан олий лигага чиқишида катта ҳисса қўшди ва “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий” фахрий унвонига эга бўлди. Таъкидлаш лозимки, Ҳамид Раҳматуллаев қайси ёш тоифасида ва қайси бир жамоада ўйнаган бўлмасин, барчасида жамоа сардорлиги унга топширилар эди. Ҳалоллик, меҳнатсеварлик, юқори истеъдод ва адолатлилиги туфайли у ҳамиша мураббийлар ва жамоадошлари томонидан ана шундай қадрланар эди. 1959 йилда “Пахтакор” ёшлари Бутуниттифоқ турнирида иштирок этишади. Қозоғистоннинг Чимкент ва Петропавловск шаҳарларида ўтказилган минтақавий турнирларда тошкентликлар барча рақибларини йирик ҳисобда доғда қолдиришади. Сергей Арутьюнов бошчигидаги жамоа шу йил ёшида Россиянинг Кострома шаҳрида, мусобақанинг финал босқичида иштирок этади. Учинчи ўрин учун баҳсда “пахтакор”чилар ереваннинг “Спартак” жамоасини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб бронза медални қўлга киритишади. Қизиғи шундаки, Биродар Абдураимов, вгений Казаков, равил Багаутдинов каби футболчилар ўйнаган жамоада яна етакчилик Раҳматуллаевнинг чекига тушган эди. Ҳамид Раҳматуллаев ўзининг қисқа умри давомида улкан ишларни қила олди. У 36 йиллик ҳаётининг 20 йилини “Пахтакор”га бағишлади. У “Пахтакор”нинг асосий таркибида олий лигада 185 марта майдонга тушиб 19 та гол муаллифи бўлган. Турли даражадаги мусобақалар – олий, биринчи лига, кубок учрашувлари ва халқаро турнирлардаги умумий ўйинлар сони 208 тани ва голлари сони 36 тани ташкил этади. Раҳматуллаев катта футболни тугатгач жонажон жамоасида мураббийлик қила бошлади. Олим Аширов, Михаил Ан, Владимир Фёдоров, Василис Хадзипанакис кабилар уни устоз деб ҳурмат қилишарди. 1976 йилда Москвадаги мураббийлар тайёрлаш олий мактабига, дўсти Баҳодир Ибрагимов билан биргаликда ўқишга кирди. Икки йил мобайнида ўқишни муваффақиятли якунлаган Раҳматуллаев республикамизнинг энг иқтидорли мураббийларидан бири сифатида гавданала бошлаганди. У Тошкентга қайтгач жамоа бошлиғи сифатида фаолият олиб борди. 1978 йил 12 апрель куни Ҳамид Раҳматуллаев автоҳалокатга учради. 17 апрель куни эса шифохонада оламдан кўз юмди.
Наримон Жалолов: Мен биринчи марта Ҳамид Раҳматуллаевни 1961 йилда “Пахтакор” билан ишлай бошлаганимда учратдим. У биринчи танишишимизданоқ ўзининг яхши хулқи, интизоми, энг муҳими – футболга меҳри билан қалбимга йўл топди. Биз бирга ишлай бошладик. 1968 йилда мен Ашот Григорянни орденга ва Ҳамид Раҳматуллаевни “Меҳнат шон-шуҳрати” медалига тавсия қилдим. 1968 йил йил июль ойида мукофотлар ўз эгаларига топширилди. Ўша пайтда Ҳамид ҳали ўйнаётган футболчилар орасида биринчи бўлиб давлат мукофотини олганди. Мен “Пахтакор” билан Ливан ва Ироққа бирга борганман. Бош мураббий Борис Аркадьев Ҳамиднинг кўпинча билимларига таянар, ўйинларнинг схемасини тузишда унинг маслаҳатларига қулоқ солар эди. Раҳматуллаев ёшлар билан ишлар, улардаги истеъдодли тезда илғаб олар, уларнинг имконият эшикларини очар эди. У Мақсуд Шарипов ва равил Зокировлар билан қалин дўст ва маслакдош эди. Уларни ўзига устоз деб билан, хориж сафарларида ҳам улар билан бир хонада яшар эди. 1973 йилги воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. “Пахтакор” Болгарияда мавсумолди йиғинларини ўтказди. Жамоа устози Вячеслав Соловьев онаси оламдан ўтгани туфайли уйига қайтиб кетади. 25 кун давомида “Пахтакор”нинг бутун тайёргарлик машғулотларини Раҳматуллаев олиб борди ва у жамоани мавсумга тайёрлади. У ўзи билан ишлаган мураббийлар – Михаил Якушин, Борис Аркадьев, евгений елисеев, Александр Келлер кабиланжан жуда кўп нарса ўрганди. Бу билимлар унинг Москвадаги мураббийлар тайёрлаш олий мактабини аъло баҳоларга битиришида ёрдам берди. У ҳар доим катталарнинг ҳурматини жойига қўяр, ёшларга эса ўзининг билим ва тажрибаларини ўртоқлашарди. Таъкидлаш лозимки, унинг ўғли Сардор ҳам отасининг изидан бориб Ўзбекистон футболининг ривожига ўзининг ҳиссасини қўшмоқда.
Бугун, 31 январь соат 19.10да "Ўзбек футболи юз ёшда" эшиттиришида сиз Ҳамид Раҳматуллаев ҳақида ажойиб маълумотларга эга бўласиз. "Машъал" радиосида тингланг. ФИКР БИЛДИРИНГ: ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК! БИЛДИРИЛГАН ФИКРЛАР:
|
|
||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Бобур Мирзо
NEVER_WALK_ALONE
«Чемпион» ҳакам
«Чемпион» фото
Arsen_Wenger|
|