|
Ушбу мавсум ўзбек футболи учун кўтарилиш даври бўлди. Барча терма жамоаларимиз ўз олдиларига кўйилган вазифаларни уддалашди, клублар ўртасидаги мусобақада “Насаф” ОФК кубогини қўлга киритди. Ўзбек футболи учун мавсумнинг муваффақиятли ўтишида ҳакамларимизнинг ҳам ҳиссаси бор. Хусусан, Равшан Эрматов яна бир марта юртимиз футбол халқаро аренада муносиб ҳимоя қилди. У 2010 йилда ЖЧнинг 5та ўйинини бошқарган бўлса, якунланаётган йилда эса Эрматов 4та финални бошқариб борибди. Ушбу мақоламиз орқали “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳибининг 2011 йилги фаолиятига назар ташлаймиз.
БИРИНЧИ ФИНАЛ Бу мавсум Осиё футболи учун Осиё кубоги билан бошланганидан хабарингиз бор. Турнирнинг очилиш учрашуви қуръага кўра Ўзбекистон терма жамоаси иштирокига тўғри келди. Шунинг учун илк ўйинга Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бошқаришини (худди ЖЧ-2010да бўлгани каби) кута олмасдик. Ҳакамларимизга эса мусобақанинг энг қийин ўтиши кутилган ўйинлар топшира бошланди. Эрон ва Ироқ терма жамоалари ўртасидаги баҳсни бошқаришга ҳар қандай ҳакам ҳам ботина олмайди. “Осиёнинг энг яхши ҳакам ёрдамчиси” унвонини қўлга киритган Абдуҳамидулло Расулов мазкур ўйинни мавсумдаги энг қийин ўйин сифатида эътироф этганининг ўз ҳам кўп нарсадан дарак. Ҳакамларимиз гуруҳ бошқарган Япония ва Саудия терма жамоалари ўртасидаги ўйин ҳам гуруҳнинг ҳал қилувчи баҳси бўлиши кутилганди, аммо саудияликлар муддатидан аввал плей-офф йўлланмасидан маҳрум бўлгани учун бу ўйин расмиятчилик учун ўтказилди, холос. Чорак финалнинг Эрон – Жанубий Корея ўйини ҳам ҳакамларимиз учун осон кечмади. 120 дақиқа этган учрашувнинг 105-дақиқасида кореяликлар ғалаба тўпини киритишга муваффақ бўлишди. Шундан Равшан Эрматов мусобақани тарк этиши ҳам мумкин эди. Бу ҳақда ҳакамимизнинг ўзи қуйидагиларни таъкидлаганди:
“Очиғини айтганда, финални бошқаришимни кутмагандим. Мусобақа бошланишидан аввал ҳакамлар қўмитаси раҳбарлари бизга бир нарсани таъкидлашганди: "Қайси давлат ярим финалга чиқадиган бўлса, ўша давлатлар ҳакамлари чорак финалдан сўнг ўз уйига кетишади. Ярим финалдан бошлаб, мусобақада фақат нейтрал ҳакамлар қолади. Бунга ҳамма тайёр бўлиб турсин, бундан ҳеч ким хафа бўлмасин". Ундан ташқари, Осиё футболига катта хизмат қилган Субҳиддин Моҳд Солиҳ фаолиятидаги сўнгги йирик турнирда иштирок этаётганди. Финал унга топширилиши ҳам мумкин эди. Терма жамоамиз чорак финалда Иорданияни мағлуб этганидан сўнг, аввало терма жамоамизнинг ғалабасидан хурсанд бўлиб, меҳмонхонага қайтдик. Турнир бошланмасидан айтилган гапни ёдда тутган ҳолда, секин кийимларимизни жомадонга жойлай бошладик. Боз устига, уйни, оилани соғингандик. Чорак финалнинг эртаси куни ҳакамларнинг йиғилиши бўлиб ўтди ҳамда мусобақадан қоладиган ва кетадиган ҳакамлар рўйхати эълон қилинди. Ҳайрон қоларли томони, бизнинг ҳам қолишимизни айтишди. Терма жамоалари ярим финалга чиққан давлатлардан фақат бизни мусобақада қолдиришди. Роса уйга қайтгим келганди. Хафсалам пир бўлди. Авваллари ҳеч бунақа бўлмасди. Ҳар бир мусобақада охиригача қолишни истардим. Чақалоқларни меҳри бошқача бўларкан, шекилли, улар кўз олдимга келиб кетди. Шундай бўлса-да, кейинги ўйинга тайёргарлик кўра бошладик”.
Ҳа, ҳакамларимизнинг муҳим ўйин учун олиб қолишганди. Ўзбекистон терма жамоаси финалга чиқа олмади. Натижада Эрматов-Расулов-Ильясов учлиги Австралия ва Япония ўртасидаги финал учрашувини бошқарди. Бу ўйин 120 дақиқа давом этганини таъкидлаб ўтишимиз лозим.
Дарвоқе, Равшан Эрматов 2007 йили Жанубий-Шарқий Осиёнинг 4та мамлакатида бўлиб ўтган Осиё кубогида иштирок эта олмаганди. Боиси, энди Осиё кубоги-2007га тайёргарлик кўраётганида ҳакамни ФИФА зудлик билан Канадада ўтадиган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига “командировка” қилганди. У ерда Эрматов 4та ўйинни бошқаришга муваффақ бўлганди.
2004 йили Хитой мезбонлик қилган Осиё кубогида эса истеъдодли ҳакамимизга битта ўйин топширилган холос. У пайтда Равшан эндигина 26 ёш бўлиб, ФИФА ҳакамлигига қабул қилинганига бор-йўғи бир йил бўлганди.
ИККИНЧИ ФИНАЛ Эрматовнинг қолган 3та финали куз ойларига тўғри келди. Осиё чемпионлари лигасининг ҳал қилувчи ўйинида Жанубий Корея ва Қатар клублари ўртасида кечган бўлса-да, ОФК ҳакамлар қўмитаси финални Эрматовга топширди. Айтмоқчимизки, бу ўйинга япониялик Нишимура, саудиялик Халил ал-Ғамдий, БААлик Ал-Бадвавий каби ҳакамлар ҳам тайинланиши мумкин эди. Лекин ОФК фақат Эрматов гуруҳини танлади. Бу галги финал ҳам 120 дақиқа давом этди. Ғолиб эса пенальтилар серия орқали аниқланди. Учрашувда Эрматовга қанотларда Абдуҳамидулло Расулов ва Баҳодир Қўчқоров ёрдам беришди. Қизиқ томони, Эрматов бошчилигидаги ҳакамларимиз ОЧЛнинг плей-офф (нмчорак, чорак, ярим финаллар)нинг бирорта ҳам ўйинини бошқармаганди. Ўзбекистон бошқа ҳакам – Валентин Коваленко чорак финалнинг “Сеул” ва “Ал-Иттиҳод” ўртасидаги жавоб ўйинида иштирок этди. Биринчи рақамли “трио”миз эса гуруҳ босқичининг 6та ўйинини бошқариб борганди. Демак, улар гуруҳ босқичини дам олишсиз ўтказишган.
Дарвоқе, Эрматов биринчи марта ОЧЛнинг финал ўйинини 2007 йили бошқарган. Ўшанда финал 2та баҳсдан иборат бўларди ҳамда “Урава Ред Даймондс” (Япония) ва “Сепоҳон” (Эрон) ўртасида жавоб ўйинини ҳамюртларимиз бошқариб боришган.
УЧИНЧИ ФИНАЛ Ноябрь ойининг 13-санасида Эрматов ўзининг мавсумдаги учинчи финалини бошқариб борди. Ўша куни “Пахтакор” ва “Насаф” жамоалари Ўзбекистон кубоги соҳибини аниқлаш учун майдонда саф тортишди. Аҳамиятли томони, Эрматов ЖЧ-2014нинг БАА – Жанубий Корея саралаш баҳсини бошқарганди. Демак, айтиш мумкинки, ҳакамларимиз БААдан қайтиб, аэропортдан тушиши билан тўғри “Пахтакор” стадионига келишган. Ҳар ҳолда уларда аввалги ўйиндан кейин тикланиш ва янги ўйинга тайёрланиш учун вақт бўлмаган. Кубок финалида эса Равшанга Абдуҳамид Расулов ва Жаҳонгир Саидов ёрдам беришди.
ТЎРТИНЧИ ФИНАЛ Эрматов иштирокидаги мавсумнинг сўнгги финалининг қадри анча баланд. Ўзбек ҳакамларига нафақат ОФК, балки ФИФА ҳам қаттиқ ишонишини маълум қилди. Японияда бўлиб ўтган мусобақада 6та ҳакамлар гуруҳи иштирок этиб, турнирда жами 8та ўйин ўтказилганидан хабарингиз бор. Эътиборлиси, фақат ўзбекистонлик ва италиялик ҳакамлар 2тадан ўйинни бошқариб боришди. Европалик ҳамкасбидан фарқли ўлароқ, ҳакамларимиз финални ҳам бошқаришди. “Барселона” ва “Сантос” ўртасидаги баҳсда қанотларда Абдуҳамид Расулов ва Баҳодир Қўчқоров ишлашди.
Хабарингиз бор, “Барселона” футболчилари Японияга учиб келиш олдидан, 10 декабрь куни “Реал” билан куч синашган эдилар. Ушбу ўйин ўтгандан кейин Эрматовга қуйидагича савол бергандим: “Эл-Класико”ни бошқаришни истармидингиз?”. Унинг жавоби қуйидагича бўлганди: “Бундай ўйинни бошқаришни истаганим билан, бу ўйинни ҳеч ким бизга топширмайди. Шунинг учун вазиятга реал қараш керак”. Шунда мен: “Ҳа, тўғри, аммо, тайёр бўлиб туринг, “Эл-Класико” бўлмаса ҳам, “Барселона” иштирокидаги финални бошқарасиз”, дея ёзиб юборгандим.
Шундай бўлди ҳам. Равшан “Барселона” – “Реал” ўйинини бўлмаса ҳам, Мессиси бор “Барса” ва Неймари бор “Сантос” учрашувини бошқарди. Эрматовга эса ўйинчиларнинг қизиғи йўқ. Аксинча, ўйинчилар учун ҳакамнинг ким экани муҳимроқ.
3ТА “ПОКЕР” Кўриб турганингиздек, ҳакамимиз мавсумда 4та финал ўйинини бошқариб борди. Бундай ўйинларнинг жисмоний ва руҳий юкини кўтаришнинг ўзи бўлмайди. Эрматов эса бундай ўйинларга ўрганиб қолди. Унга шундай мураккаб ўйинлар керак. Йил давомида у ана шундай ўйинларнинг кўпини бошқариб борди. Натижада ОФК кетма-кет тўртинчи маротаба Осиёнинг энг яхши ҳаками деб топди.
Шунингдек, айнан Осиёда энг яхши ҳакам бўлган йиллари, Ўзбекистонда ҳам Эрматов йилнинг энг яхши ҳаками деб топилмоқда. Демак, у 2008, 2009, 2010 ва 2011 йилларда ҳам қитъада, ҳам Ўзбекистонда ўз касбининг тенгсизи деб топилди ва бу борада “покер дубль” ёки “дубль покер” соҳибига айланди.
ФИФА йил якунларига кўра, энг яхши ҳакамни аниқламайди. Аммо турли нашрлар бундай рейтингни эълон қилиб боради. Масалан, Euro-football.ru сайти “Йилнинг энг яхши ҳаками” деб топди. Сайт ўтказган сўровномада асосан мухлислар иштирок этишди.
Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси эса сўровнома ҳакамлик бўйича мутахассислар ўртасида ўтказади ва унинг натижаси обрўлироқ ҳисобланади. Январь ойида бундай рейтингни IFFHS эълон қилиб қолади. Ўтган йилги жадвалда Эрматов англиялик Ҳовард Уэбб биринчи ўринни эгаллаганди. Бу сафар кетма-кет 4 марта Осиёнинг энг яхши ҳаками бўлган ва бир йилда 4та финални бошқариб борган Равшан Эрматов 1-ўринни эгаллайди-ёв...
ФИКР БИЛДИРИНГ:
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
БИЛДИРИЛГАН ФИКРЛАР:
| barselona1998 |
2012-01-01 13:56:56 |
|
| Ассалаума алайкум.Хурматли Олимхужа Буронов.Узбекистонда футболнинг ривожланишига азиз СИЗ ЖУРНАЛИСТЛАРнинг хам хиссаси катта.Халкаро майдонларда Хакамларимизга ОМАД тилайман. |
|
МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ
БЛОГГЕРЛАР
|