Э-почта:
Парол: Қайднома
Парол тиклаш
18.05.12 16:00   Олий лига     Нефтчи -:- Шўртан 19.05.12 23:45   Чемпионлар лигаси     Бавария -:- Челси

Хабарлар





Хабарлар архиви






Мозий юлдузлари

Денис Лоу (Шотландия)

Паст бўйли, озғин, бунинг устига гавдасига нисбатан катта кўзойнак тақиб олган ўсмирга қараб туриб, келажакда ундан буюк футболчи чиқишига ишониш мушкул эди.

«Хаддерсфилд» клубига назорат учун келган болакайни спорт билан фақат шахмат ёки шашка боғлаб туриши мумкиндек тасаввур қилган клуб менежерларининг фикрлари ҳам ҳамоҳанг келди — бу боладан футболчи чиқмайди. 

Аммо унинг бахтига кейинчалик «Ливерпуль»даги фаолияти орқали дунёга маш ҳур бўлган, буюк мураббий Билл Шенкли клубда ўша вақтда клубда ишларди. Шенкли истеъдодли футболчиларни кашф қила олиш маҳорати билан машҳур, жумладан, кейинчалик, Англия футболи афсоналаридан бири Кевин Киганни ҳам у топган. Билл 15 ёшли ўсмирни ёнига чақирди ва исмини сўради.

— Лоу, — деб жавоб берди бола, — Денис Лоу
Афсонавий ва жарангдор исмларга бой бўлган футбол оламида биринчи бор бу исм янгради ва яна бир дурдонанинг миллионлар ўйинидаги ҳаёт йўли бошланди. Йиллар ўтади, Голландия қишлоқларидан бирида яна бир бола дунёга келади. «Манчестер Юнайтед»нинг ашаддий ишқибози бўлган жаноб Бергкамп айнан мана шу исм шарафига ўғлини Деннис деб номлайди.    

— Сенга имконият бераман, — деди нафақат тактик, балки уста психолог сифатида ном қозонган мураббий, — ановилар сенга ишонмаяптилар, сен ўзингни кўрсатиб қўйгин.
Илк кундаёқ мураббийнинг оталарча муносабати Денисга қўшимча куч ато этди ва қисқа вақтда унинг клубга кераклигига ҳеч ким шубҳа қилмасди.  
20-асрдаги Шотландиянинг энг яхши футболчиси, «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» афсонаси Денис 1940 йилнинг февралида, Абердинда туғилди. Уларнинг яшаш жойлари шимолий денгизга яқин эди ва отаси балиқ овлаш гуруҳида муҳандис бўлиб ишларди. Лоулар оиласи жуда камбағал яшашарди, кўпинча Денисда оёқ кийими сотиб олиш учун ҳам пули бўлмас, дўстларининг бутсаларини кийиб шуғулланишга мажбур бўларди. Кейинчалик футболчида пайдо бўлган кучли характер, курашувчанлик ҳисси айнан оғир ўтган болаликнинг самараси бўлса, не ажаб.

У ёшлигидан «Глазго Рейнжерс» клуби фанати эди, аммо Шотландия чемпионатида ўйнаш Денисга насиб этмади. Англияда, 16 ёшида «Хаддерсфилд» клуби сафидан жой олган Денис бир йил ўтиб илк профессионал шарт номасига эга бўлди. 18 ёшида эса у Шотландия терма жамоасидаги илк ўйинини ўтказди ва Уэльс терма жамоаси дарвозасини ишғол қилди. 

Денис «Хаддерсфилд»даги дастлабки мавсумларда чап қанот ҳимоясида ўйнади, фақат баъзи вазиятлардагина уни олдинроқда ўйнатишарди. Шунинг учун ҳам унинг илк жамоасидаги статистик кўрсаткичлари унчалик сермаҳсул эмас – 81 ўйинда 16 гол. Дениснинг тўпурарлик маҳорати илк бор «Вест Хэм» га қарши кечган кубок учрашувида намоён бўлди. Қалин қор ва муз остида кечган ўйинда у рақиб дарвозасини беш марта аниқ нишонга олди ва жамоасининг 5:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади. Умуман, Лоу алоҳида учрашувларни ўта ёрқин ўтказиши билан машҳур эди. Унинг ҳисобига жуда кўп хет-триклар ва покерлар ёзилган, жумладан, Шотландия терма жамоаси тарихидаги иккала покер ҳам Денис Лоуга тегишли. Унинг фаолиятидаги иккинчи клуби «Манчестер Сити» таркибида эса ҳатто битта учрашувда олтита тўп муаллифига айланган («Лутон» — 6:2). Яъни футболчининг ўйини чиқиб қолса, уни тўхтатиб қолиш ниҳоятда қийин эди. 
1960 йилда «Манчестер Сити» уни ўша пайтларда британ футболидаги рекорд суммага, 55 минг фунтга сотиб олади. Манчестерда Лоу узоқ қолмади, гол уришда давом этаётган ҳужумчига ўша пайтларда нисбатан анча бой бўлган Италия клублари кўз тика бошлашди. «Торино» клуби Денис ва яна бир ҳужумчи Жо Бэйкер учун 100 минг фунт тўлайди. 

Бу трансфер футболчи фаолияти учун хато қарор эди. Тажрибада ҳам британиялик футболчиларнинг Италияда муваффақият қозониш ҳолатлари кам эди, Лоу ҳам истисно бўла олмади. Туринда узоқ қолмаганининг яна бир сабаби эса автоҳалокат бўлди, британиялик футболчиларга «хос равишда» маст ҳолда автомобиль бошқарган Лоу аварияга учради ва узоқ вақт даволанишга мажбур бўлди. Тузалгач эса у Туринда қолишни истамади, Манчестерга қайтди. Бу сафар «Сити» эмас, Мэт Басби бошчилигидаги «Манчестер Юнайтед» футболчи учун янги рекорд сумма – 116 минг фунтдан воз кечди ва футболчининг энг ёрқин йиллари айнан шу клуб билан боғланди. Манчестер Лоуни қаҳрамонлардек кутиб олди. Ҳатто статистикларнинг ҳисоблаши бўйича, ушбу трансфердан сўнг «Олд Траффорд»га ташриф буюрувчи мухлислар сони қўшимча 5000 га ошганди.        

Лоу кўз билан боғлиқ муаммоларини ҳам сал бўлса-да ҳал қилди, майдонга линзасиз туша бошлади. Аммо барибир у узоқни яхши кўра олмасди, бу унинг ўйин услубида ҳам сезиларди. Денис кўпроқ яқин масофаларга тўпни узатарди, қисқа комбинацияларда самаралироқ ҳаракат қиларди. Унинг зарбаси эса доимо кучли ва аниқ бўларди. Айниқса, 1964 йили футболчи учун янада сермаҳсул кечди. У мавсум давомида 60 та гол муаллифига айланди ва бу голлар унга «Олтин тўп»ни олиб келди. 

Лоунинг устунликлари ҳаракатчанлик (ҳатто кўпчилик ҳаддан зиёд деб баҳолашарди), техника ва чап оёқдаги кучли зарбаси эди. Гавдаси кичик бўлса-да, чапдастлиги туфайли жуда кўп яккакурашларда ғолиб келар, айниқса, дарвоза яқинидаги тўпларни турли акробатик усуларда голга айлантиришга уста эди. Тез-тез жароҳат олар, аммо тикланиш жараёни ҳам тез бўларди, мухлислар майдонда яна ўша курашга тўймас Лоуни кўришарди. Шунинг учун ҳам уни баъзилар «Шерюрак» деб  аташарди. У ҳар қандай зарбани, оғриқни кўтара олар, бундай вазиятларда ниҳоятда кучли шахс сифатида гавдаланарди. Қаттиқ таъқиб остида ҳам эркин ўйнай оларди.

Авваллари Буюк Британияда яхлит терма жамоани ташкил қилиш ғоялари ҳам кўп бор илгари сурилган ва турли сўровномалар ўтказилган. Маълум бўлишича, 60-йилларда (эътибор беринг, 1966 йилда Англия жаҳон чемпиони бўлган) бу таклифни қўллаб-қувватловчилар кўп бўлган экан. Бунинг асосий сабаби эса айнан Денис Лоу ва шимолий ирландиялик Жорж Бест бўлган экан. Инглиз ишқибозлари бу икки юлдузни ўз терма жамоаларида кўришни жуда исташган.
Ҳақиқатан ҳам Лоу, Бест ва англиялик жаҳон чемпиони Бобби Чарльтонлар «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД»нинг етакчи футболчилари эдилар. Бу уч афсона биргаликда клубни ҳам афсона даражасига кўтаргандилар. Бу уч футболчи биргаликда 665 та маротаба клуб рақиблари дарвозасини ишғол қилган ва ҳар бири навбати билан «Олтин тўп»га эга чиққанди. Клуб бу даврда икки марта Англия чемпионлиги ва бир марта кубок соҳибига айланди. 1968 йилда «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» Европа чемпионлар кубогини қўлга киритди, афсуски, қаҳрамонимиз «Бенфика»га қарши кечган финал учрашувида майдонга туша олмади. 1999 йилги ЕЧЛ финали олдидан Скоулз ва Кинсиз қолган Алекс Фергюсон матбуот анжуманида Лоуни ёдга олган ва усиз ҳам 1968 йилги финалда ғалаба қозонган «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД»ни мисол қилиб келтирганди.

70-йилларга келиб, клубнинг янги мураббийи Томми Дохерти ёшларга кўпроқ эътибор қарата бошлади ва Лоу «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД»даги ўйинлари сонини 400 тага етказиб (236 гол), «Манчестер Сити»га қайтди. 

Унинг клублар миқёсидаги сўнгги ўйини эса кўпчиликнинг ёдида қолди, икки хил туйғуни келтириб чиқарди. 1973/74 йилги мавсумнинг сўнгги турида у ўзининг собиқ ва қадрдон клуби «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД»га қарши майдонга тушди. Ўша пайтга келиб «шаҳарликлар» га очко унчалик керак эмас, «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» эса лигани тарк этиш хавфида қолганди. Ўйиннинг 85-дақиқасигача ҳисоб очилмади. «Сити» навбатдаги комбинацияни амалга оширади ва Денис товони билан нозик зарбани ижро этади – 1:0. Нималар қилиб қўйганини англаган Лоу ўзини тута олмас, ҳар қандай голни қўлини кўтарган ҳолатда фанатларга миннатдорчилик тарзида нишонлайдиган футболчининг қўллари бу сафар кўздаги ёшни артиш учун ҳаракатга келади. Майдон марказига келгач эса бутунлай йиғлаб юборади. 
Энди «Юнайтед» мухлисларининг аҳволини тасаввур қилиб олаверинг. Ҳозиргина бой берилган бир очко уларни 2-дивизионга улоқтириб ташларди. Фанатлар майдонга тушиб, собиқ кумирларини бўлакларга бўлиб ташлашга тайёр ҳолатга келадилар. Тартибсизликлар бошланади ва бир неча дақиқага ўйин тўхтатилади. Айнан ўша воқеадан ке йин «Олд Траффорд»да темир панжарали ихоталарни қўйиш бошланганди. 

Денис Лоу кейинчалик ўша оқшомни ҳаётидаги энг изтиробли бўлганлигини тан олганди.
Лоу Шотландия терма жамоаси сафида 30 та гол муаллифига айланди ва бу кўрсаткич Кенни Далглиш томонидан янгиланди. Унинг терма жамоа сафидаги энг ёрқин ўйини эса 1967 йилда «Уэмбли»да бўлганди. Шотландлар Англия устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозондилар ва учрашувнинг энг яхши ўйинчилари Лоу ва унинг ҳужумдаги шериги Жим Бакс тер бўлганди. 

Унинг жаҳон чемпионатида ўйнаш орзуси 1974 йилда ушалди, аммо Лоу Германияда ўтган мундиалда ўзини кўрсата олмади. Заир (Конго Демократик Республикаси)га қарши кечган турнирнинг дастлабки ўйинида Лоу жуда кўп вазиятларни қўлдан чиқарди. У африкалик «шогирд лар»ни унчалик менсимади ва бемалол дарвозани иш ғол қилса бўладиган ҳолатларда ҳам, чиройли ўйнашга, турли финтларни ишлатишга киришиб кетди. Жуда кўп оширилган тўпларни товон билан ёки акробатик сакрашлар орқали якунлашга ҳаракат қилди. Ўйиндан сўнг уни бу енгил муносабати учун айбладилар ва кейинги икки учрашувда Лоу майдонга туширилмади. Айнан биринчи учрашувда бой берилган имкониятлар Шотландия терма жамоасига қимматга тушди, чунки гуруҳдаги бош қа жамоалар – Бразилия ва Югославия терма жамоалари тўплар нисбатига кўра ке йинги босқич иштирокчисига айландилар. 
            
Мундиалдан кейин футбол билан бутунлай хайрлашган Денис Лоу футбол шарҳловчиси сифатида ҳам бир неча йил фаолият юритди. 
Ўтган йили, «Манчестер Юнайтед»нинг Европа Чемпионлар кубогидаги ғалабасининг 40 йиллиги муносабати билан «Олд Траффорд» яқинида Бест, Чарльтон ва Лоунинг ҳайкали қад кўтарди. Лоунинг ватандоши Сэр Алекс Фергюсон ҳайкал устидаги чойшабни тушириш бахтига муяссар бўлди ва бунинг ҳақиқатан ҳам бахт эканлиги ҳақида ўша маросимдаги қисқа нутқида таъкидлаб ўтди.


Денис Лоу
12 феврал, 1940 йилда Шотландияда туғилган. 
Амплуаси: ҳужумчи
Англия чемпиони: 1965, 1967
Англия кубоги соҳиби: 1963
Европа Чемпионлар кубоги соҳиби: 1968
Шотландиянинг 20-асрдаги энг яхши футболчиси.
Англиянинг энг яхши футболчиси: 1963
Европанинг энг яхши футболчиси: 1964
Терма жамоа сафида 55 ўйинда майдонга тушиб, 30 гол киритган.
Лақаблари: «Шерюрак», «Вундеркинд», «Олд Траффорд қироли».




Чемпионатлар






Блоглар

БАРЧА БЛОГЛАР »






HAMKORLARIMIZ XABARLARI

Uff.uz promotion

РЕГИСТРАЦИЯ »

KO'PROQ KO'RSATISH »



© "Football Media Star" МЧЖ. 2006-2012.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуҳлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.
Дизайн: www.uff.uz
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигидан 0441-сонли гувохнома билан рўйхатдан ўтган.
Топ рейтинг сайтов в Tas-IX