| 18.05.12 16:00 Олий лига Нефтчи -:- Шўртан | 19.05.12 23:45 Чемпионлар лигаси Бавария -:- Челси |
Абдураҳмон Фозилов
Олимхўжа Бўронов
Бахтиёр Ашурматов
Санъат Шарипов
Фарҳод АбдуллаевКиритилган вақти: 15.05.2012 19:21
Киритилган вақти: 16.05.2012 13:13
Киритилган вақти: 17.05.2012 16:54
Киритилган вақти: 16.05.2012 18:53
Киритилган вақти: 17.05.2012 16:12
Италия терма жамоаси 1982 йилда жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Умуман кучли таркибга эга бўлган, аммо жамоага чемпионликни тақдим этган футболчилар ҳақида гап кетганда мулоҳазалар асосан икки футболчи атрофида айланади. «Паоло Россининг ақл бовар қилмас даражадаги тўпурарлик қобилиятини эътироф этишимиз шарт», - дейишганди шарҳловчилар, - «аммо жамоа сардори Дино Зоффнинг хизматларини унутмаслигимиз даркор. Бразилияга қарши кечган машҳур учрашувда Росси хет-трик қилганди, аммо ўша голларнинг бирортаси ҳам жамоага ғалаба келтирмаган. Хуллас қаҳрамон унвонини шу Росси ва Папага тенг улушда бўлиб бериш керак. Ҳисоб 3:2 эканлигида бразилияликлар бор куч билан олдинга ташланишганди ва ўшанда Зофф икки марта қутқарган – Тониньонинг оёқлари остидан тўпни эгаллаб олган, Сократеснинг ажойиб зарбасини қайтарган» - Сократеснинг боши билан берган зарбаси мен қабул қилган зарбалар ичида энг хавфли ва айёри, менинг ташланишим эса энг қийини бўлганди, - эслайди Дино Зофф. Айнан мана шу икки ном футболчи учун чегара бўлмаслигини, кучли истак ва профессионализм ҳар қандай мақсадлар йўлида асосий устунлик беришини исботлайди. Росси ва Зофф. Бири қамоқдан чиқиб таркибга қўшилган бўлса, иккинчиси қирқ ёшни уриб қўйганди. Дино Зофф жаҳон чемпионатлари финалида иштирок этган энг ёши улуғ футболчи саналади (40 йилу 133 кун). Шунинг учун ҳам уни «Папа» деб атагандилар. Ҳақиқатдан ҳам у чемпион таркибнинг «отаси» эди. 2000 йилнинг 12 июлида у «Италияга қилган хизматлари учун» ордени билан тақдирланган, 2003 йилнинг 29 ноябрида эса Италиянинг сўнгги 50 йилдаги энг яхши футболчиси деб топилди. У 1942 йилнинг 28 февралида Италиянинг шимолида жойлашган Мариано қишлоғида туғилди. Унинг ота-онаси оддий деҳқон бўлсалар-да, ўқишига қаттиқ эътибор қаратишар ва Динога футбол ўйнашга рухсат фақатгина уй вазифаларини бажарилишидан сўнггина тегарди. Одатда болалар дарвозага туришга қизиқмайдилар ва уларнинг ичида энг кучсизи ёки футбол ўйнашни билмайдигани икки устун орасида жой эгаллайди. Аммо Дино ўша пайтларданоқ дарвозабонликка меҳр қўйганди ва унчалик баланд бўйли бўлмаса-да, барча ҳаракатларини шунга бағишларди. Италиянинг энг машҳур скаутларидан бири Умберто Донда ўз ҳудудидаги навбатдаги «текширувлар»нинг бирида Динони пайқаб қолади ва биратўла икки суперклуб «Ювентус» ва «Интер»га тавсия қилади. Қизиғи, ўз даврининг ажойиб мэтрлари, истеъдодни хидидан биладиган мутахассислар, жамоаларнинг мураббийлари Ренато Чезарини ва Жузеппе Меаццалар уни рад қиладилар. - Яна камида 4 см ўсишинг керак, балки кўпроқдир. Ана ўшанда олдимга кел, - дейди «Юве» устози Чезарини. Вақт ўтиб Дино Туринга келди, аммо бу сафар жамоанинг у учун 750 минг доллар тўлашига тўғри келганди. Чезаринининг «кўрлиги» клуб учун 750 минг долларга тушганди. «Интер» мураббийи Меацца эса ҳатто унинг исмини ҳам сўрамаганди. Донданинг кучли мутахассис эканлиги ва «бўлмайдиган бола»ни олиб келмаслигини билса ҳам, ўша пайтда эътиборсизлик қилганди. Икки марта машғулотларда кўриб, жавоб бериб юборганди. Орадан ўн йил ўтади. Италия терма жамоасининг навбатдаги учрашувини Донда билан томоша қилиб ўтирган Меацца сўрайди: - Дарвоқе, бир вақтлар менга олиб келган болакай нима бўлди? - Айтарли ҳеч нима, - дейди Донда, - у Дино Зофф бўлди ва терма жамоага жалб қилинди. Ана у, майдонда, танияпсанми? Хуллас икки суперклубдан рад жавобини олган Дино уйга қайтди ва маҳаллий «Марианезе» жамоасида ўйнай бошлади. 19 ёшида эса «Удинезе»нинг назарига тушди ва у ерда фаолиятини бошлади. Динонинг А-сериядаги дебюти яхши чиқмади. 1961 йилнинг 24 сентябрида клуб «Фиорентина»дан 2:5 ҳисобида мағлубиятга учради. - Ўша учрашувдан бир неча кун ўтиб кинога боргандим, - хотирлайди дарвозабон, - танаффус пайтида ўйиндан лавҳалар кўрсатишди. Зал қоронғу бўлса-да, ҳар бир голдан кейин ўзимни жуда ноқулай сезгандим. Бутун мавсум давомида у атиги уч маротаба асосий таркибда майдонга тушди. «Удинезе» эса мавсум охирида пастки ўринлардан бирини эгаллади ва А-серияни тарк этди. Қуйи лигадаги дастлабки мавсумда Дино жамоанинг асосий дарвозабонига айланди, деярли барча учрашувларда майдонга тушди ва яна селекционерларнинг назарига тушди. А-сериянинг аутсайдерларидан бири «Мантова» клуби Зофф билан шартнома имзолади. Кейинги мавсумлар ҳам Дино жамоаси учун омадсиз кечди. Динонинг ўзи учун эмас албатта. У ҳар тарафдан ўзини кўрсата олди, қаторасига икки йил айнан унинг қаҳрамонликлари туфайли клуб элитада жон сақлай олди. Аммо клубнинг ҳужум чизиғи лигада энг пастки даражада эди, бу ўз оқибатини кўрсатди ва учинчи йили клуб лигани тарк этди. Ҳатто ўша мавсумда ҳам Дино ўз дарвозасидан атиги 38 та тўп олиб чиққанди холос. Динонинг фаолиятидаги дастлабки кучли клуб «Наполи» бўлди. У янги клубидаги илк мавсумидаёқ Италия вице-чемпионига айланди ва терма жамоага жалб қилинди. Динонинг терма жамоадаги дебюти 1968 йилнинг апрелида Болгарияга қарши учрашувда рўй берди. Ўша йили Дино терма жамоаси билан биргаликда Европа чемпионига айланди. Шундай бўлса-да, у терма жамоа таркибида яққол устун саналмасди. «Кальяри» дарвозабони Энрике Албертози унга ҳар жиҳатдан рақобат кўрсатарди. Жумладан, 1970 йилги мавсумда «Кальяри» Скудеттони қўлга киритди ва мураббий Мексикадаги ЖЧда Албертозига кўпроқ ишонч билдирди. Аммо кейинчалик, Динодан 3 ёш катта бўлган дарвозабон футболни тарк этди ва кейинги учта мундиалда Дино учун «кўк чироқ» ёнганди. Бунгача эса қаҳрамонимиз сўнгги бор клуб алмаштирди. «Ювентус»нинг раҳбарига айланган Жампьеро Бониперти собиқ ҳужумчи бўлса-да, клубга янгича ғоя олиб кирди. «Ҳимояси кучли жамоа энг кучлидир» дейиларди унинг шиорида. Айнан шу шиор асосида жамоага ўша пайтнинг энг яхши дарвозабони Дино Зофф Туринга келтирилди. «Ювентус» Дино учун юқорида айтилган суммадан ташқари, дарвозабон Кармиьянини ҳам бериб юбордилар. Кейинги мавсумлар Бонипертининг нақадар ҳақ эканлигини исботлади, Дино Зофф «Юве» шарафини ҳимоя қилган кейинги 11 мавсумнинг олтитасида туринликлар Скудетто соҳибига айлангандилар. Терма жамоадаги иштирок, ҳусусан жаҳон чемпионатлари дастлаб Зофф учун у қадар ёрқин кечмади. 1970 йилда Италия кумуш медални қўлга киритган бўлса-да, юқорида таъкидланганидек, у бутун турнирни захира ўриндиғида ўтказганди. 1974 йилда у унчалик катта хатоларга йўл қўймаган бўлса-да, бутун жамоа билан биргаликда шармандалик ичида мамлакатга қайтдилар. Терма жамоа биринчи босқичдаёқ курашдан чиқиб кетганди. 1978 йилда Аргентинада ўтган мундиалда эса терма жамоа тўртинчи ўринни қўлга киритган бўлса-да, Зофф кўпчилик томонидан танқид остига олинди. Чунки у узоқ масофадан кўп голларни қўйиб юборганди. Голландиялик футболчилар – Хаан ва Брандтс, бразилиялик Нелиньолар анчагина узоқ масофалардан Италия терма жамоаси дарвозасини ишғол қилгандилар. Ўша пайтда Зофф 36 ёшда эди ва кўпчилик бу ҳолатни унинг ёши билан боғлашди, футболни тарк этишини талаб қилдилар. Аммо олдинда Зоффни Италия тарихидаги энг зўр дарвозабонга айлантирган мундиал кутиб турарди. Дастлаб 1980 йилда бўлиб ўтган Европа чемпионатида Зофф ажойиб ўйинлар кўрсатди. Гуруҳ босқисидаги уч учрашувда бирорта ҳам гол қўйиб юбормади. Рақиблар эса жиддий эдилар – Испания, Англия ва Бельгия. Гуруҳдан Бельгия финалга чиқди, Италия эса учинчи ўрин учун баҳсда Чехославакияга имкониятни бой берди. Испанияда ўтказилган 1982 йилги жаҳон чемпионати олдидан у барчани ҳайрат кўчасига етаклаганди. 1981 йилги мавсумда у «Ювентус»га навбатдаги Скудеттони тақдим қилди. Ҳа, у тақдим этди. Чунки дарвозабон бутун мавсум давомида атиги 15 та гол ўтказиб юборганди. Кейинги мавсумда эса қирқ ёшли дарвозабон 30 учрашувда 14 (!!!) маротаба ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди холос. Яна Скудетто. Натижада Испанияга борадиган таркибга биринчи бўлиб унинг исми ёзилди ва унга яна терма жамоа сардорлик боғичи топширилди. Дастлабки гуруҳ босқичида итальянларга Польша, камерун ва Перу рақиблик қилди. Уч ўйинда 2 гол ўтказган Зофф жамоаси билан кейинги босқичга осонгина чиқиб олди. Уларни эса жаҳон чемпиони Аргентина ва Бразилия терма жамоалари кутиб турарди. Аввал Аргентина (2:1), кейин эса Бразилия (3:2) мағлуб этилди. Ўша учрашувларда Зофф гол ўтказиб юборган бўлса-да, фаолиятидаги энг яхши ўйинларини ўтказганди. Ярим финалда яна бир бор Польшага тўқнаш келган Италия 2:0 ҳисобида устун келди. Финалда ГФР доғда қолдирилди (3:1) ва Дино Зофф футбол тарихидаги энг ёши улуғ чемпионга айланди. - Дино жамоамизнинг бу турнирдаги энг муҳим ўйинчиси эди, - деганди мундиал қаҳрамони Паоло Росси, - у ҳақиқий етакчи эди, барча учун, айниқса мен учун намуна бўлганди. У терма жамоа сафида 112 ўйинда майдонга тушди. Паоло Малдини ва Фабио Каннавароларгина уни ортда қолдиришди холос. Шу ўринда Зофф пайтида терма жамоалар ҳозиргидек кўп учрашув ўтказмаганликларини таъкидлаган бўлардим. 59 учрашувда эса у терма жамоани сардор сифатида бошлаб тушди. Бу жиҳатдан ҳам ундан яхшироқ кўрсаткичга яна ўша Каннаваро ва Малдини, шунингдек, Факеттилар эгалар холос. Рақамлар, рекордлар кўпроқ ҳужумчилар фаолиятида учрайди, аммо Дино Зофф фаолиятида ҳам бундай рекордлар талайгина. У А-Серияда 570 ўйинда 430 гол ўтказди, бу борадаги коеффицент (0.754 гол ҳар ўйинга) Италияда ҳозиргача рекорд саналади. 1972/73 йилги мавсумда эса у 903 дақиқа ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлай олди. Бу рекорд 1994 йилда «Милан дарвозабони Себастян росси томонидан (928 дақиқа) янгиланганди. Унинг қуруқ сериялари Италия терма жамоасида ҳам бор. Жумладан, 1972 йилнинг сентябрида Югославияга қарши ўртоқлик учрашувида тўп ўтказиб юборган Дино, ЖЧ-74 нинг дастлабки учрашувигача гол ўтказмади. Яъни 12 ўйин – 1142 дақиқа у дарвозаси даҳлсизлигини сақлади. Бу натижа ҳалигача бирор терма жамоа дарвозабони томонидан янгилангани йўқ. Энг таҳсинга сазовор жиҳати шундаки, Зофф жароҳатларсиз ва танафуссиз 22 мавсум ўйнади. Унинг энг катта жароҳати 1971 йили «Наполи» сафидаги машҳулотлардан бирига тўғри келган ва ўшанда у 7 ўйинни ўтказиб юборганди холос. Агар мана шу жароҳат бўлмаганда, Зофф танафуссиз 514 ўйин ўтказган дарвозабон сифатида эътирофга сазовор бўларди. Айнан шу жароҳат унинг бу сериясини 175 ва 332 га бўлиб юборди, аммо ўша 332 ҳам Италияда рекорд ҳисобланади. Яна бир жиҳати шундаки, Зофф «Ювентус»даги 11 йиллик фаолияти давомида чемпионатнинг бирор бир ўйинини ўтказиб юбормаган! Яна бир рекорд натижа эса, Дино Зофф А-Серияда 570 бор майдонга тушган. Бу кўрсаткични ҳеч ким янгилай олгани йўқ, Шу ўринда унинг 2 мавсум Б-серияда ўйнаганини ҳам эслаб ўтиш жоиз. Дино Зофф кейинчалик мураббийлик соҳасида ҳам ўзини синаб кўрди. «Лацио» жамоасини муваффақиятли бошқарди. Евро-2000 да эса у терма жамоани тайёрлади, кўпчилик томонидан Германияда чемпион бўлган жамоа эмас, айнан Европа чемпионати кумуш медали билан кифояланган Зофф жамоаси кучлироқ ва томошабопроқ эканлиги эътироф этилади. Аммо финалда терма жамоа финалнинг сўнгги дақиқасида чемпионликни французларга бой беришганди. Айнан ўша учрашувдан кейин Зофф ва Берлускони ўртасида жиддий нифоқ юзага келганди.
Озоджон Ҳамраев
Elgamo & Barsa_Messi
Норбек Ниёзов
«Чемпион» саволи
Рустам Қўчқоров|
|