Э-почта:
Парол: Қайднома
Парол тиклаш
18.05.12 16:00   Олий лига     Нефтчи -:- Шўртан 19.05.12 23:45   Чемпионлар лигаси     Бавария -:- Челси

Хабарлар





Хабарлар архиви






Жавоб ўрнида жавоб

Рукн: Янгиликлар » ЎЗБЕК ФУТБОЛИ
Ўтган куни сайтимизда роса баҳслашув бўлди. MONTYOR ники остидаги мухлисимиз билан таниқли журналист Бобомурод Абдулла ўртасида ўзига ҳос фикрлар алмашинуви бўлиб ўтди. Майлида, кидир ҳақдир, кимдир унчаликмас. Бу яхши албатта, баҳсда ҳақиқат қарор топади. Бугунги кун мавзуси ҳам ўша баҳсга сал ўхшаб кетади. Тўғрироғи баҳс эмаску, сайтимизнинг айрим фойдаланувчиларига бўлган жавоб деб атасак ҳам бўлади. Яхши маънодаги жавоб, аниқроқ айтадиган бўлсак, Ҳасанали отамизнинг сайтимиз юзерларига берган фикрлари. Бу мавзуни ёзилишига "Футбол ва Зебунисо-2" мақоласи сабаб бўлган. Гап нимада эканлигини билиш учун "Футбол ва Зебунисо-2" мақоласини ўқиб кўринг, ҳаммаси ойдинлашади.

Демак, Ҳасанали отани тинглаймиз...

****

Таҳририятга чақирдилар. Келдим... Кўришдим... Сайтимизни ўқидим... Жуда таъсирландим. Компьютер анжомларини мен энди хуш кўра бошладим. Ҳар бир сатр ортида муайян одам, муайян фикр, дунёқараш, муайян тақдир бўй-басти билан рўй-рост турибди. Ҳар бирини кўз олдимда тасаввур қилишга уриндим. Илгари ҳам сайтда фикр билдирилар экану, бехабар эканман. Қаричилик. Замондан орқада қоляпман. Сизлар учун оддий нарса, мен учун ғайриоддий, афсонавор туюляпти. Ҳаммангизга раҳмат. Ҳаққоний фикрларингизни менга йўллаганингиз учун раҳмат.

ДЕРБИ ҳам, MIRSA_REDS ники остидаги ўғилларим ҳам ҳақ гапни ёзганлар. Эътибор беринг, бирор журналист футбол ҳаётидан бирор фактни матбуотга олиб чиқади. Қизиқроқ, қизилроқ, баъзида сариқроқ тарзда олиб чиқади. Бошқалар бу мавзуни давом эттирадилар. Бу футбол факти ҳамма нашрларни айланиб чиқиши мумкин. Шацкихнинг “айтмаган сўзлари” бунга мисол бўла олади. “Ўткир таом”га ўрганиб қолган киши нозик, нимтаътир мазаларни сезмас бўлиб қоляпти-да, кейинги чиқишларни ўқиб ранжияпти. Кўп чайналди, деяпти. Бобур Акмалов “Шацких жавоблари” факти атрофида яна бир мавзуни ёритди. “Аччиқ таом”га ўрганиб қолган ўқувчи қиё боқмайди. Агар ўқиса, турли “сабзавоту камёб резаворлар таъмини” сеза олармикан? Мен мақоламда аввало футболимизда Пул номли тўранинг ўрнини қидирдим. Қолаверса, умуман замонамиз нафасида Пулнинг ҳолатини англамоқчи бўлдим. Уринишларим ўхшамай қолдими, дейман. Назар ранжида қилиб, ўқиб чиқиб, баҳра топмабсизки, Сиздан узр сўрайман.

Мавзуни бадиий тилда ёритишга ҳаракат қиляпман. Бу уринишларимга FF-UZ ники остидаги мухлисимиз 5 баҳо қўйибдилар. Уларга ёқибди. Лекин бу борада камчиликлар ҳали кўп эканки, AHAD мақоламни “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига муносиб кўрибди. Кўп адибларимизга ўхшаб бадиҳам зўрма-зўраки, ясама бўлиб қоляпти шекилли. Мақоланинг баъзи жойларида талабани ўз билимидан паст қўйган, охирги ҳақиқатга мутлоқ даъвода бўлган доцент тилига ўхшаб қолдими, дейман. Балким шундайдир. Лекин лекциядан газетанинг устунлиги шундаки, толиби илмда маъруза мавзусини танлаш ҳуқуқи йўқ. Муштарий хоҳлаганини ўқийди, “лекциядан” қочиши шарт эмас. Ўша саҳифани ёпади-ю, лекторга ўхшаб қолганлар узоқларга даб бўлади. AHADжон, танлов ҳуқуқи етук жамиятнинг бирламчи белгисидир. Бошқалар қатори “Чемпион” ҳам Сизга танловни туҳфа этяпти. FF-UZ, Сиз сезгир ўқувчи экансиз. Муаллиф бадият қароргоҳига интиляпти-ю, йўлида орфографиянинг панжара тўсиқлари учраса, хатлаб ўтиб кетяпти. Мақоламда мақсадни қидирманг. Севгида, нафратда, изтиробда мақсад бўлмайди. Муаллиф Сизларга қалбини бўшатган холос. Оқ қоғоз олдида бениқоб, хатто белибос ҳолатда қолган. КАНН ҳам муаллифнинг бу ҳолатини назарга олиб, бошқалар сингари жуда синчков бўлганида эди, нариги хонага яқинлашиб қолган қарияни ялпоқланишда айбламасмиди? Балки унга лектор унвонини бериб қўярмиди? MIRSA_REDSнинг ёшини билмайман. Лекин менинг келиним ҳам невара кўрган. Келиним билан аҳил-иноқмиз. У менинг жонкуярим, меҳрибоним. Лекин шундоқ бўлса-да, у бировнинг боласи. Шунинг учун ўз қизимга мурожаат этиб, қаттиқ-қуруқ гапларни айтяпман. “Қизим сенга айтаман, келиним эшит” мақомида. Зебунисо мени тушунади деб ўйлайман.

Ник деган чеҳраларга ҳеч кўника олмаётибман. Муҳримжон сайтда менга йўналган сўзларни қоғозга кўчириб берган. Шу қоғоз ҳозир қаршимда. Энди тасаввуримда USNUPC ники остидаги инсон турибди. Номингизни билмайман. Ўғлим, деб гапира қолай, ижозатингиз билан. Сиз ярим соат вақтингизни, умрингизни менга бағишлабсиз. Раҳмат. Бундай саҳоватни ҳозирги кунда жуда кам учратамиз. Умр шиддат билан ўтмоқда. Мақсадга йўналган вақтимиз турмушнинг ҳар бир дақиқа-ю сониясини талаб қиляпти. Бирор кимсанинг кўнглига қўл солмаймиз, шахсий фикри билан қизиқмаймиз. Ҳамма ерда қулоғига бир нима тиқиб олганларни кўраман. Бир-биримизни тингламаймиз. Қўшиқ эшитамиз. Машаққатлар чекиб Сиз мени тушунишга ҳаракат қилибсиз. Раҳмат. Мен шундай ёшдаманки, боғимда ғимирлаб, кейин танчада оёқ узатиб, новвотчой хўплаб, Машрабни мутолаа қилиб умр кечирсам, менга ярашади. Мен эса бунга рози эмасман. Яланғочнинг Култепа маҳалласидан ҳафтада бир “Пахтакор”га қатнайман. 43 йилдан бери шундай. Ўқчидан шу ерга кўчиб келганимиздан бери шундай. Яқин жой эмас. Касби-кори, мансаби, миллати, ёшидан қатъий назар ишқибозлар билан ҳамдард бўлиб келаман. Ҳозир эса Ўрдага, Муҳримлар олдига серқатнов бўлиб қолганман. Айтмоқчиманки, футбол туфайли юртим билан 3 соат бирга бўлиб келаман. Кўчада юраман. Кўча кўрганман. Кўчадагиларни танийман. Кўчани тушунаман. Ҳаётимдан бир лавҳани Сизга айтиб берай, ўғлим, эшитинг.

Ҳарбий хизматни собиқ Иттифоқда, ҳар томонлама ўрнак бўлгувчи жойда, Бойқўнғирда ўтаганман. Жезқозғон номли ҳарбийлар шаҳрида ўтаганман. Илтимос билан катта бош қўмондон генерал-лейтенант Каманин олдига ҳам кирганим эсимда. Шунда ундан рад жавобини олганман. Гап бундай эди. Онамни табриклаб, ўзбек тилида телеграмма юбормоқчи эдим. Учинчи май куни бир кимса эшикни қоқиб, мендан табрик телеграммасини элтиб беришини хоҳлаган эдим. Ойижонимга “Здраствуй, дорогая мама”, деб ёзаманми энди? Йўқ. Оддий орзуим амалга ошмаган эди. Рота қўмондони капитан Мельников ҳаммамизга русча исм қўйиб олган эди. Ҳамма кавказликларга ҳам, менга ҳам. Биласизми, ўзбек фильмларининг ҳамма киноленталари рус тилида чиқар эди. Кейин ўзбек тилига дубляж қилинар эди. Биласизми, футбол ўйинларини бир тайм Ахбор Имомхўжаев ўзбек тилида, иккинчи таймда Рем Турпишев рус тилида олиб борарди. Шунга ҳам хурсанд бўлар эдик. Биласизми, Собиқ Иттифоқ ҳукумати ҳамма миллат, маданият ва ҳамма тилларни йўқотиб, битта ягона совет миллатини ташкил қилмоқчи эди, бунга тўлиқ эришолмади. Мустақил давлат бўламиз деб орзу қилишга ҳам ўша даврда журъат эта олмас эдим.

Ўғлим, Она тилимиз бой, жозибадор ва гўзал. Буни сезасизми? Текинга келган неъматларни инсон қадрламас экан. “Нексия”га тўлангандек 18 миллион тўласак, нарсани шунда авайлаймиз. Тангрим бизга тана аъзоларимизни берган. Пул тўламаганмиз. Ўпкани қуритиб тамаки тортамиз. Онамиз тил берган алла айтиб. Ҳақини ҳеч кимга тўламаганмиз. Шу она тилимиз туфайли одам бўлиб юрибмиз. Уни ҳам қадрламаймиз. Уни ҳам тамаки эмас, сўкиниш тутунига қориштириб ташлаймиз. Бир олим тадқиқот ўтказган. Баъзи ўзбеклар ҳаётида фақат 1200 та сўз ишлатар экан. Жумладан, “анақа” сўзини 24 хил маънода ишлатар экан. Жаргонларни айтмай қўя қолай. Ўғлим, шуни кўча деб атаяпсизми? Ахир тили қашшоқ инсонни фикри ҳам қашшоқ бўлади-ку. Айб Сизда эмас. Тинглаганингиз, қўшиқларда тил қашшоқ ғализ бўлса, газетларда баён ожиз бўлса, уларнинг аксарияти бошқачароқ ёзилган бўлса, кинолар сценарийси Сиз айтмоқчи кўча тилида ёзилса, актёрлар сценарийдан бошқа ҳеч нарсани ўзбек тилида ўқимай, ўз она тили қашшоқ бўлиб қолган бўлса, Сиз кўчада қолиб кетгансиз-да. Ўзбек тилида футбол репортажларини эшитинг, кейин Уткину Маслакларни эшитинг. Фарқ жуда катта. Ўрисча гапни ўзбек тилига ағдариб кўринг. “Зарбдор мақомга чиқиб олди”, “ҳимоячиларни сочиб ташлади”, “дарвозанинг тўртинчи қаватини қидиряпти”, “ҳужум аланга олди”, “қафасга олишди” (блокировка), “серсавлат зарба” (шикарний удар), “довдир зарба” (блуждаюший удар), “маккор зарба”, “тўлғанма ҳужум”, “бостирма ҳужум”, эҳ-ҳе, талайча. Бундай ибораларни бизда ким ишлатади? Сиз айтган ўша кўчада қолиб кетган бутун Ўзбекистонга ўзининг қашшоқ тилида репортаж олиб борганларми? Ўша баннерлардаги икки метр келадиган  ҳарфлардан тортиб, метро вагонларидаги реклама сўзларигача ҳаммаси Она тилимизни буклаб, ғижимлаб, нашрларга узатишяпти. Улар эса тилимизни дазмоллаб, саҳифаларни тўлдиришяпти. Кўчада юрган болам нима қилсин? Ўзбек театри репетицияси, кинодублларини бориб кўринг. Ҳамма мулоқот рус тилида олиб борилади. Улар рус тилини мукаммал билса майлига эди. У ҳам йўқ, бу ҳам йўқ. Аросат. Менинг ишқибоз ўғлим на қилсин? Бу саволга ҳозир жавоб қидираман.

Ҳар бир даврда маълум бир тоифа одамлар миллатнинг руҳониятини белгилайди. 20-30 йилларда муаллимлар белгилаган эди. Кейин ҳарбийлар, кейин инженерлар ва ҳакозо. Ҳозир дунё миллатларининг аванғордида кимлар турган экан деб ўйланиб қолдим. Сиёсий арбобларми? Қисқа муддат Россияда, Грузия ва Украинада шундай бўлди. Тадбиркорларми? Йўқ, уларнинг заҳмати халқ кўзидан нарида ўтади. Миллат раҳнавардида уруш йиллари бизда шоирлар туришган. Ҳозир киночиларми? Ҳофизларми? Йўқ! Менимча, футболчилару футбол ишқибозлари миллат майдонига аста чиқиб келишмоқда. Фикримга тушунтириб, асослаб берайин. Ўғлим, кулманг. Бунинг учун футболни сифатлаб бераман.

Аввало ҳар қандай ўйин овунчоқдир, мураббийдир. Ҳаётнинг синов, машқ, ўсиш майдонидир. Секин-аста футболга бутун миллат тикилиб боряпти. Бошқа ўйинга эмас. Нима учун? Чунки инсоният асрлар мобайнида орзу қилган эзгу ниятларини футболда кўряпти (кўрмоқчи). Масалан, тенглик ва адолатни. Трибуналарда тенглик, майдонда адолат ҳукм суради. Ҳар қанча довруғи билан керилмасин, кучсиз бўлса, майдонда барибир ютқазади. Трибунада йўқсилу тўралар, мирлару хўжалар 90 дақиқа ўйин олдида тенгдирлар. Кенг кўчаларда, майдонларда, осмонўпар иморатларда, хуллас кенгдан кенг дунёда табақаланиб юра-юра, фақат шу стадион чаноғи ичида тенгликни топадилар. Ишқибозлар бирга қувонишади, биргаликда қайғуришади. Нима учун миллиардлаб одам майдонга тикиляпти. Мен ҳозир бунинг сабабига етиб кўрайин:

1. Тангрим инсонга ато этган энг буюк иккита аъзосидан бири бу қўллардир. Тўққиз миллион йилдан бери инсоният нимага эришган бўлса, шу қўллари билан эришган. Энди 90 дақиқа майдонда шу қўлларни ишлатмайди. Таъқиқларнинг энг гўзали, энг ҳикматлиси шу эмасми?

2. Футболчи ақл ишлатмаса, тўп кетидан югургилаган Али аканинг итига айланиб қолади. Шахматчининг хотира ақли эмас, сонияларда ўзгариб турган фактларни таҳлил қила оладиган ақл билан ўйналади бу ўйин.

3. Футбол энг жамоавий ўйинларнинг энг жамламаси. Футбол ҳикматини камина отангиздан яна бир бор эшитинг ва футболни бунданда қаттиқроқ севинг. Бирор кимса футболда юз йилда бир туғилувчи ҳар қандай даҳоларнинг даҳоси бўлмасин, жамоани ўзидан устун қўймаса, барбод бўлади. Шарманда бўлади. Юқори коллективизм шу ердадир. Жамоа ичига мутлоқ сингиб кетган алоҳида шахслар шу ердадир.

4. Лекин бу ҳам ўйиннинг асл моҳияти эмас. Ҳар биримизнинг ҳаётимиз кунлардан, ойлардан, йиллардан, даврлардан иборат. Ҳар бир кунимизни, ойимизни, йилимизни мақсад билан белгилаймиз. Мақсадга эришган пайтларимиз энг ширин лаҳзаларимиздир. Шу лаҳзалар учун дунёда яшаймиз. Футболда ҳам шундай. Инглизчадан “goal”нинг луғавий мазмуни ҳам мақсаддир. Ҳаётимизда умрга татигулик бир-иккита мақсад бўлади. Футболнинг бир-иккита голларини шундай мақсадларга ўхшатаман (юзга етиб қолган баскетбол очколари, голлари эмас. Ҳаётнинг майда-чуйда, бачкана мақсадларига ўхшайди). Эллик йил ичида қандай голларни кўрмадим. Санасам адоғига етмайман. Калла-гол, кўкрак-гол, тизза-гол, товон-гол, афсуски, ғирром-голларни ҳам кўряпман ва ҳакозо. Энди футболни олқишлашдан ўзимни базўр тўхтатаман. Энди Сизу бизни олқишлайман.

Менимча, ушбу даврларда шоиру адиблар эмас, муҳандису олимлар эмас, балки миллатнинг руҳониятини футболчилар, футбол атрофидагилар ва ишқибозлар белгилайди. ФУТБОЛ — тўдалашиб кўчада турган, суҳбат мавзусини 20 та анақаю, 30 та мунақа сўзи билан изҳор қилиб турган, 5-10 та чапани ёшларнинг эрмаги эмас. ФУТБОЛ энди қўли пул кўрган баъзи бойвочча, қўли остидаги тур деса турадиган, ёт деса ётадиган оқсоч чўриси ҳам эмас. ФУТБОЛ ғозийман деб керилган тўрасининг стадион тимсолида, ҳалқ олдида ғўдайган шахсий адоватининг гўри ҳам эмас. Бирор бир атоқли шахс яратган катта ҳовлисининг тўри ҳам эмас. Футбол халқ ўйини. Футбол халқ қувончи. Футбол халқ ғурури. Футболда халқ суйган фозил, оқил, одил ўғлонларнинг футболчилик, мураббийлик, журналистлик, маъмурлик фаолияти камол топяпти. “Гол”да куни кеча О.Аҳмедовни кўрдингизми? Бугунги Одилнинг 15 йил олдинги Қосимов инсонпарварлигидан баланд эканлигини кўряпман. Фикр доираси ўша Миржалолдан кенгроқдир. Олдинлари фаолиятини ташлаган футболчининг ҳолати вой эди. Чунки давру-даврон сурган пайтлари ўйнагани тўп, ўйлагани маишат эди. Ҳозир ундай эмас. Уларнинг аксарияти мулкдор, пулдор, саҳоватли комил инсонлардир. Сездингизми, О.Аҳмедов кўзларида шуҳратпарастликдан асар ҳам йўқ экан. АҚШнинг киноюлдузи Калифорния штатининг губернатори бўлган бўлса, бугунги футбол юлдузимиз келгусида БМТ раҳбари бўлса, ҳайрон қолманг. Келгусида Равшан Эрматов ЮНЕСКО раҳбари бўлса, ажабланманг. Бугунги футбол журналисти келгусида халқ ардоқлаган буюк адиб бўлиб, ФИФА раҳбари этиб тайинланса, ўзингизни йўқотиб қўйманг.
 
Шу ўринда КАННдан узр сўраб ўтаман. Бошқалар ўрнини газетамиз вакили Х.Ҳамидов эгаллаши камтаринлик бўлмайди деб, олдингизда мунофиқ суратида қолиб кетибман. Ҳозир Янги йил табриги маъносида айбимни ювмоқчиман. Футбол журналистикасини мақтамоқчиман. Шоирларимиз ё жимиб қолган, ё бир-биридан мавзу ўғирлаб, маддоҳлиқ қилиб юрган, халқнинг тилига тушган биронта шеър ёзишмаётган бир пайтда замонамиз Шоири футбол мавзусида шеър ёзиб, садоқатни, ҳамжиҳатликни, ҳалолликни, ёрқин эҳтиросли ҳаётни куйлаб, уларни янги поэтик тимсолини яратиб беряпти. Бу ҳам футбол туфайли. Футбол тантанаси. Бир нечта тил билгувчи ёш, зукко, Зафарлару Диёрлар, Муҳримлару Бобурларни, Санъатлару Авазларни айтмайсизми. Булар ҳам футбол туфайли эмасми? Камина отангизга 40 йилдан бери тахмонларда бекилиб ётган жиндек қобилият, жиндек маҳорат, жиндек истеъдод меваларини халқ дастурхонига тортиқ қилаётган ҳам футбол эмасми? Яқин кунларда янги “Футбол” студияси албатта ташкил топажак. Ҳамма стадионларимиз, телеоператорларимиз жаҳон талаби даражасида бўлажак. Бу давримиз даъвати. Бизда ҳеч қачон ўйингоҳларимиз халқнинг оломонга айланган жойи, оломоннинг эса дарранда подасига, газанда тўдасига айланган жойи бўлиб қолмайди. Асло. Стадионларимиз сингилларимиз, қизимиз, аҳли аёлимиз билан бирга келиб, оилавий ишқибозлик қилиб кетадиган маданият ва спорт масканига айланажак. Бу ерда ҳеч ким бандасининг бетига мой чопламайди, лой чапламайди. Инсон чеҳраси озор топмайди. Биз мўминлармиз. Энди Ғарб ишқибозликни биздан ўрганади. Бу ҳам давр талаби. Футбол даргоҳида амалпарастлар ўрнига амалдорлар, амалдорлар ўрнига актив амалиётчилар келишади.

Мен бунга бугун ишонаман. Чунки Сиз ярим соат қийналиб ёзганларимни ўқиб чиқдингиз. Бу давр нафаси киосклардан таралмоқда. Ҳаётимда кўп бўлган кимсага қалбимни очаману, у эса кўнглимга оёғини артиб кетар эди. Инсон эътиборига зор бўлиб қолаберар эдим. Товушим титраб, кўзларимга ёш қалқиб, ўз бекатимда ёлғиз қолаберар эдим. Энди ёлғиз эмасман. Шу бекатимда минглаб ишқибозларим бор. Ихлосмандларим билан биргаман. Сиз борсиз, ўғлим USNUPC. Энди бу ник кўзимга ёқяпти. Балки маҳалладошимсиз, балки қариндошимсиз. Лекин бир-биримиз учун аввало фикрдош бўлиб қолаверайлик.

Хатто табиат ҳам сўзларимни тинглайман деб қошимга келиб, айтганимга тарафкаш бўлиб тургандек, футболбоп об-ҳавони яратиб қўйибди. Қишинг қани, табиат? Аёз бағрида футбол шабадаси майин эсган, қорлари остида кўз кўрмас футбол жилғалари оққан қишинг қани? Ҳар бир одам қишдан ҳам, футболдан ҳам умидвор ҳозир.

Кейинги учрашувгача Сизни соғиниб,
Ҳасанали отангиз.

Манба: www.uff.uz   

Ўқилган: 12008. Фикрлар: 0. Сана: 29.12.2009 07:37.

 УШБУ ХАБАРГА ЎЗ ФИКРИНГИЗНИ БИЛДИРИНГ.
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН ЎТИШ КЕРАК!




Чемпионатлар






Блоглар

БАРЧА БЛОГЛАР »






HAMKORLARIMIZ XABARLARI

Uff.uz promotion

РЕГИСТРАЦИЯ »

KO'PROQ KO'RSATISH »



© "Football Media Star" МЧЖ. 2006-2012.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуҳлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.
Дизайн: www.uff.uz
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигидан 0441-сонли гувохнома билан рўйхатдан ўтган.
Топ рейтинг сайтов в Tas-IX