• Барча учрашувлар
  • Эртага

Хабарлар

  • Ўзбегим футбол шарҳловчилари атрофидаги гаплар ёҳуд шарҳловчиларга ўқиш тавсия этилади

  • Рукн: Янгиликлар » БОШҚА ЯНГИЛИКЛАР
  • Бугун футбол “Миллионлар ўйини” эмас, “Миллиардлар ўйини”га айланиб улгургани барчамизга аён. Бу борада, албатта, нафақат футболчилар, балки футбол шарҳловчиларини ҳам ҳиссаси катта. Ушбу ёзганларимда бугунги ўзбек шарҳловчилари ҳамда уларнинг халқаро миқёсдаги потенциали, камчиликлари ва устун тарафлари борасида фикр юритишга жазм этганман. Ахир, футболчиларни танқид қилавериб эзиб юбордик-ку.

    Кўпчилик шарҳловчиларимиз ўз билим потенциали ёки шарҳ бериш борасида хориж шарҳловчиларига ютқазиб қўйишларини ўзлари ҳам жуда яхши билишса керак. Агар ундай бўлмаса, “гап исботи билан”  деганларидай бу гапларимни бир қанча далиллар асосида келтириб ўтсам. Масалан, биз ўзимизни шарҳловчиларимизни чет эл (айтайлик, рус ) шарҳловчилари билан солиштирадиган бўлсак: Чет эл шарҳловчилари ўйинни бошидаги 2-3 дақиқани тўлиқ футболчиларнинг исм-шарифлари, стадион, об-ҳаво, мухлислар сони ва шу каби маълумотлар билан жуда ҳам ТЕЗЛИК билан таништириб ўтишади ва ўйинни шиддатини сўндирмаган ҳолда яна ҳудди шу ТЕЗЛИК ва “ИНТРИГА” асосида ўйинни шарҳлашда давом этишади. Яна бир жиҳат: хорижлик шарҳловчиларни интеллектуал салоҳияти, футбол терминлари ва “Умумий футбол тилини” ишлатиш қобилияти а-а-анча юқори даражада.

    Бундан ташқари, футболда бўладиган ҳар бир воқеа, ҳар бир тўхталиш ёки бирор мунозарали вазиятлар изоҳсиз қолмайди ва энг қизиқарлиси, уларнинг изоҳи жуда қизиқарли ва мантиқий асосли чиқиши кишини янада ўйинга бўлган қизиқишини оширади, ЗЕРИКТИРИБ қўймайди. Бошқа бир устунлиги терминлар ва футболчилар исмини тўғри шарҳлай билишидадир. Хуллас, уларнинг шарҳини кузата туриб, ўз устида ишлаганлиги, бир матчни шарҳлашдан олдин обдон тайёрланганлиги, ҳар бир ўйинчини исм-шарифи қандай айтилишини ўганиб чиққанлиги, жамоалар, стадион ва шу каби турли хил масалалар устида ҳам яхшигина маълумотга эга эканлиги яққол кўриниб туради. Натижада, уларни шарҳини “бир нафасда”, ЗЕРИКМАСДАН, мириқиб тинглайди киши…

    Ўзимизни шарҳловчиларга келадиган бўлсак. Бу борада, авваламбор, Давлат ака Турдиалиевга мингдан-минг ташаккуримни етказмоқчи эдим. Чин дилдан. Ҳали ҳеч қачон “Спорт” телеканали бунчалик шиддат ва ғайрат билан ишламаганди, бунгача ҳеч вақт футбол матчлари ёки футбол хабарлари ва турли хил футболга оид маълумотлар бу қадар берилиб келинмаган. Шу билан бирга, албатта, футбол репортажлари ва янгидан янги шарҳловчиларни ҳам кузатиб келяпмиз. Уларнинг аксари ёшлардан иборат.

    Тўғри, уларда ҳам катта интилиш, ҳаракат бор. Ҳатто, уларни орасидан бир нечта “пичоққа илинадиганлари” ҳам бордир (масалан, Дилшодбек). Лекин, лекин…

    Лекин, баъзида шунақа шарҳловчилар ўйинни шарҳлаб қоладики, ҳудди футбол ўйинини эмас, теннис бўйича “Ташкент Опен” турнирини шарҳлаётган шарҳловчига, ёки бўлмаса, институтда семинарга тайёргарликсиз келган талабанинг ўтилган мавзуни жавоб бераётганига ўхшатиб юборасан киши (ҳар замонда “уху-уху”, деб йўталиб ҳам қўйишади, шунда қизиқарлироқ чиқади, деб ўйлашадими). Баъзида эса, худди телефонда ўртоғи билан гаплашаётгандек бир гапни ёки сўзни шу қадар кўп такрорлашадики, бу ёқда ўтирган мухлис “Ҳа, эшитяпмиз, ука, гапиравер” - деб юборгиси келади.

    Яқинда, бир бола ўйинни шарҳлаб қолди. Узр-ку, овози бирам хунук. Уни эшита туриб, бобом ҳам “бошқа касб танласа бўлар экан”, деб қўйди. Ахир, бу журналистика. Бунда минг қобилиятли бўлсин овоз ҳам асосий ўринда туради. Яна бир тоифа ёш шарҳловчимиз бор: “энеса-энеса” (“энди эса” демоқчи бўлади), деб “еб қўяди” одамни. У ҳам кўринмай қолди. Бошқа бир гуруҳ ёшларимиз эса, бир воқеага, ҳолатга ёки бирор ўйинчига “ёпишиб” олишади. Бир ҳолатни чайнайвериб-чайнайвериб, чарчатади одамни. Айниқса, жумлалардан чалкашиб кетиш, сўзларни тўғри айта олмаслик, қайта-қайта мана шунақа хатолар қилиши жуда ҳам кўп кўзга ташланаяпти ва бироз ғашга ҳам тегаяпти. Майли, улар ҳали ёшдир, ҳали ўз устларида ишлашар ҳам. Бироқ, ўзимизни “старик комментчиларимиз”га нима бўлаяпти. Умуман олганда, биз уларга ўрганиб ҳам қолганмиз (балки шунинг учун ҳам уларни ҳеч танқид қилмасмиз). Ҳаттоки, кўпчилик ишқибозларимиз уч-тўртта шарҳловчиларимизни овозларини фарқлай ҳам олишмайди. Комилжон Жумаев, Мурод Ризаев, Давлат Турдиалиевлар ўйинни шарҳлайдиган бўлишса, ҳудди оиламизнинг бирор аъзоси (албатта, бу футбол ишқибозларига тегишли)ни тинглаётгандек, ТВ олдига михланиб ўйинни кузатамиз. Лекин, афсуски, “эски” шарҳловчиларимиз ҳам ҳар замонда (кўпинча десак ҳам бўлар) “ЧП” қилиб қўйишади-да. Уларни кўпинча интеллектуал салоҳият ва маркерлик (баҳолай билиш) қобилияти, ўйин ҳолатлари ечимига нисбатан индикаторлик муносабатида, ўйинчилар баҳоси ва ҳакамларни вазиятга баҳосига коммент бера олиш аспектларида оқсаётганликлари бор гап.

    Ахир, биргина шарҳловчининг изоҳи билан, миллионлаб мухлислар бирор-бир ҳолат ёки футболчи борасида ўз хулосаларини чиқариб олишади. Бизникилар эса жуда кўп ҳолларда “БИЛМАДИМ” ёки “ҲАЙРОНМАН(!)”, “ЎЗИНГИЗ ХУЛОСА ЧИҚАРИБ ОЛИНГ”, деб қўя қолишади. Балки, баъзи ҳолатлар борасида “шарҳсиз
    кузатиш” ҳолатларини мухлисларга қўйиб бериш мумкиндир. Лекин, баҳс-мунозарали ҳолатларни шарҳлаб, изоҳини мухлисга тушунтириб бериш шарҳловчининг ВАЗИФАсига кирмайдими, азизлар?

    Бошқа бир жиҳат: ўйин бошланди, саломлашдик, қайси ўйинни кузатаётган эканимизни билдик. Бўлди. Хаёл қочади. Ўн дақиқаларгача каловланиб, кейин таркибларни таништириш эсга тушиб қолади. Баъзида эса, шу қадар маълумот беришга киришиб кетишадики, интернетдан олинган юзлаб маълумотлардан қайси бирини айтсам, деб бу ёқда кечаётган ўйин ҳам қолиб кетади (баъзида ўйинлардаги шарҳловчилар томонидан амалга ошириладиган 2-3 минутлик танаффус ҳам шу сабаблидир). Қўшимчасига охирги пайтларда шевага (Тошкент шевасига) жуда кўп мурожаат қилиб юборишмоқда. Баъзида, булар атайлаб шунақа гапиряптими, деб ўйлаб қоламан. Кўплаб ҳолатларда шарҳловчиларимиз эътиборсиз бўлиб қолишмоқда.

    Масалан, ўйинга қўшиб берилган дақиқалар экранда кўрсатиб ўтилади, бундан бир қанча муддат ўтиб эса, “Асосий вақт тугади, ҳакам неча минут қўшиб берган экана, ҳозир аниқлашга уриниб кўрамиз”, - деб қўйишади. Ёки бўлмаса, экранда инглизча кўплаб статистик маълумотлар кетма-кет бериб турилади.

    Шарҳловчиларимиз эса жим (Ҳаммаси ҳам эмас). Балки, бу уларнинг бу маълумотларга тушуна олмаганидандир. Энг ёмони, кўплаб “фоул”ларни хато етказишади. Масалан, ўйин қоидаси ҳужумчи томонидан бузилади ва ҳакам жарима тўпини тепишни кўрсатади. Бу ҳолат қадрли шарҳловчимиз томонидан “офсайд” деб баҳоланиб турибди-да(!). Албатта, бу барчаси бор гап. Буларни сиз ҳам биларсиз. Ҳаммасини ўзим кузатиб, куюниб ёзаяпман. 

    Бугун мен шарҳловчиларимизни камчилкларига тўхталишга қарор қилдим. Устун тарафлари эса, менимча, ҳаммамизга маълум. Масалан, ўйинга ва ўйинчиларга нисбатан реал танқидий муносабатларига “беш кетаман”. Айниқса, майдонда ўзимизни футболчилар тўп кутишса (оббо, кечирасиз, “тўп суришса”, демоқчийдим). Хуллас, танқидни “қотириб қўйишади”. Бундан ташқари, мақолларни ишлатиш, ўринли юмор ҳамда “тандирдан янги узилган” маълумотларни бериш борасида уларга тенг келадигани йўқ.

    Нима бўлганда ҳам “Танқид бу– ривожланиш учун қўйилган қадам” деган иборага таяниб, ушбу мақола(ча)мни ёзишга аҳд қилдим. Мен бу билан шарҳловчиларимиз ишидан қониқмаяпмиз, улар ишлай олишмаяпти демоқчи эмасдим. Шунчаки, баъзи ҳолатларга сал эътиборлироқ бўлиб, ўзимизнинг шарҳловчиларимиз янада мукаммалроқ ва билимлироқ бўлишларини истаб шу ишга қўл урдим, холос. Яхши шарҳловчиларимиз ҳам етарли ва уларни тиним билмасдан бизга хориж ва ўз чемпионатларимизда бўлаётган ажойиб ўйинларни янада қизиқарлироқ қилиб етказиб беришаётганликлари учун ҳам Р-А-Ҳ-М-А-Т! Мирзаҳаким ака, Давлат ака, Комилжон ака, Муроджон ака ва Даврон ака Файзиевларга алоҳида ташаккур.

    Шу галда, Даврон Файзиев ўз устида ишлаётганлиги анча кўзга ташланаётганлиги ва бу хизмати учун унга ҳам алоҳида ташаккуримизни билдириб қоламиз (Д.Файзиев олдинлари анча, таъбир жоиз бўлса, секин ва озроқ зерикарлироқ шарҳлар эди, ҳозир эса, овозлар баландлашган, тезлик ҳам жойида, вазиятларга шарҳлар, гол ва бошқа ҳолатларга реакциялар, хуллас…ҳаммаси жойига тушиб келаяпти).

    Фикримга якун ясар эканман, барча шарҳловчиларимиздан янада эътиборлироқ ва “замонавийроқ” (Халқаро журналистика талабларига жавоб бера оладиган) бўлишларини ва уларни миллионлаб “қора кўзлар” кузатиб боришаётганлигини унутмасликларини илтимос қилиб қолар эдим. Шу билан бирга, ҳамма шарҳловчиларимизни, журналист ва қаламкаш акаларимизни кириб келаётган Янги йил билан қутлаб қоламиз. Янги йилда янги куч, янги ғайрат билан ишлашларингизни тилаб Самарқандлик ёш футбол мухлиси.


    Нодирбек, (NAPOLEON)

  • Манба: www.uff.uz   

  • Ўқилган: 4697. Фикрлар: 0. Сана: 28.12.2010 09:34.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Чемпионатлар

A - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Португалия 3 7
2 Мексика 3 7
3 Россия 3 3
4 Янги Зеландия 3 0

B - Гуруҳи

Жамоа Ў О
1 Германия 3 7
2 Чили 3 5
3 Австралия 3 2
4 Камерун 3 1

SARA FIKRLAR

14.06.2017 10:40
SER11

Мана буни хакикий муъжиза деса булади, аммо уни биз эмас бизга яратиб берди Оллохим.
Эсласангиз биринчи муъжиза куръа ташланганда булган эди - биз хаёт гурухига тушган эдик. Иккинчи муъжиза биз Сурияга ютказганимизда, Жан. Корея хам 3 очко йукотган эди. Мана сизга 3- муъжиза - Катар оркали бизга тортик килинди. Омад дегани шу булса керак. Лекин омад омадлиларга келади. Бабаян омадлими? Йук, биз мухлислар омадлимиз, чунки Бабаян узининг "энг кучли" таркиби билан келган омадларни бирин кетин кукка совуриб булди. Биз унга булган ишончни бутунлай йукотиб булдик (мен аллакачон йукотган эдим). Майли чика олмайлик, лекин бу Бабаянсиз булсин.
2,5 ойдан ортик вакт бор.
- Вакт етарлими?
- Бабаянсиз етарли!
Мана сизга бугунги кун шиори:

Хайр Бабаян!
Салом Россия -18!

14.06.2017 09:54
Пахтакор

Футбол тизимида расмий иш юритаётган ОАВ мард ходими борми? Шу пайтгача мухлислар томонидан, футболга умуман алоқаси бўлмаган шоуменлар томонидан, қолаверса айрим бир МТЖ аъзоси хисобланган футболчилар томонидан гапирилаяпти: тренерни алмаштирилиши, янги қон кераклиги, тизимни ўзгартирилиши хақида. Лекин бирон бир ОАВ ходими Ўша МТЖ тренерларидан, УФФ бошлиқларидан интервью шу пайтгача олингани йўқку?!?!

14.06.2017 02:35
UZNASAF

Биз футболимизга юрагимиздан жой берганмиз, мухлисмиз. Терма жамоа саралашни ажойиб натижалар билан бошлаганда, стадионда жўр бўлиб мадҳиямизни куйладик. Бу манзара футболга, ватанга бўлган ҳиссиётларни юзага чиқарганди! Вақт ўтиши билан терма жамоамиз аъзолари ва Бабаян учун ўтиб бўлмас синовлар юзага келди. Эрон билан ўйинда бирортаям зарба бера олмаган жамоага ким ҳам маъқул фикр билдира оларди? Ислоҳотлар керак футболимизга. Энг аввало Бабаянга ўхшаган инсонларни умуман тозалаш керак ўзбек футболидан. Ҳаром ғалабалар орқали Пахтакордек
жамоани шарманда қилган бундай орсиз одамга ҳам олимпия, ҳам МТЖни топширишнинг оқибатлари аён бўлди.


UFF.uz. "Football Media News" MChJ, 2016 yil
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.
Дизайн: www.uff.uz
Расмий хабарларда ва блогларда кетган маълумот - мақолаларга муаллифлар ва блоггерларнинг ўзлари масъулдирлар.
Яндекс.Директ тизими осон бўлиши учун фойдаланувчи компьютеридаги қизиқиш ва изланишларга оид "линк"ларни кўрсатади.
Реклама қилинаётган маҳсулотлар ва хизматлар турлари лицензия ва сертификатларга эга.