Э-почта:
Парол: Қайднома
Парол тиклаш

28.07.14 01:00   Ўртоқлик учрашуви     Манчестер Сити 5:1 Милан 28.07.14 03:00   Ўртоқлик учрашуви     Ливерпуль 1:0 Олимпиакос 30.07.14 04:00   Ўртоқлик учрашуви     Интер -:- Ман. Юнайтед
30.07.14 20:00   ЕЧЛ саралаши     Актобе -:- Стяуа 30.07.14 21:00   ЕЧЛ саралаши     АЕЛ -:- Зенит 30.07.14 22:00   ЕЧЛ саралаши     Грассхоппер -:- Лилль
30.07.14 23:00   ЕЧЛ саралаши     Фейеноорд -:- Бешиктош 31.07.14 21:00   Европа Лигаси     Динамо М -:- Хапоэль Ирони 31.07.14 23:30   Европа Лигаси     Диошдьёр -:- Краснодар

Хабарлар


Хабарлар архиви




PATINUM AVIA'дан Топ мақолалар


Темур Олимхўжаев: Селекция бўлимининг ёрдами тегмаяпти

Рукн: Янгиликлар » ЎЗБЕК ФУТБОЛИ

Темур Олимхўжаев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон ўсмирлар  терма жамоаси (U-16) Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ташкил этилган «Каспий кубоги» мусобақасида иштирок этиб қайтди. Ўсмирларимиз ўзларидан бир ёш катта футболчиларни жамлаган терма жамоалар қатнашган халқаро турнирни 6-ўринда якунлашди. Таъкидлаш жоиз, ўзбекистонлик ўсмирлар мусобақанинг «С» гуруҳида дастлаб иорданияликлар дарвозасини нақ 7 марта ишғол қилишди. Кейин «Каспий кубоги»нинг бўлажак ғолиби Туркияга 0:3 ҳисобида имкониятни бой беришди. 5-8-ўринлар учун кечган баҳсларда аввалига Уругвай пенальтилар сериясида мағлуб этилди, кейин, мусобақанинг охирги учрашувида АҚШга ютқазилди. Биз сафар таассуротлари юзасидан бош мураббий Темур Олимхўжаев билан суҳбатда бўлдик.

- «Каспий кубоги» биз учун ҳар томонлама фойдали бўлди,-дея таъкидлади Т.Олимхўжаев суҳбат аввалида. - Адашмасам, ушбу турнирда ўсмирларимиз учинчи маротаба иштирок этишди. Бизгача Дилшод Нуралиев жамоаси 2 марта борганди. Ўтган йили ўсмирларимиз бронза медали билан тақдирланишган. Худди шу жамоамиз бир йил олдин ҳам Бокуга борганди. Ўша пайт жамоамиз бу йилгидек бошқа иштирокчиларга нисбатан бир ёш кичик бўлганди. Ўсмирлар футболида бир ёшли фарқ ҳам катта роль ўйнайди. Кейин ҳозирги йигитлар илк маротаба четга чиқишди. Шу пайтгача 1998 йилда туғилган футболчилардан иборат жамоамиз халқаро турнирда иштирок этмаганди. Тўғри, март ойида Тошкентда Эрон ўсмирлар терма жамоасига қарши 2та учрашув ўтказгандик. Лекин халқаро турнирни назорат ўйинлари билан таққослаб бўлмайди. Шу омиллар нисбатан пастроқ натижа қайд этишимизга сабаб бўлди. Буни бир баҳона сифатида қабул қилмаслигингизни сўрардим. ЎФФ «Терма жамоалар маркази» мутасаддилари бизни Бокуга жўнатиш олдидан жамоа олдига ҳеч қандай вазифа қўйилмагани, «Каспий кубоги» ўсмирларимизда халқаро тажрибани шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлашганди. Шундай бўлсада, футболчиларимиз астойдил ҳаракат қилишди. Тан олиш керак, Европа ва Америка жамоалари вакиллари бизнинг футболчиларга нисбатан тажрибалироқ. Жисмоний тайёргарлик ҳам рақибларимизда яхши экан. Юқорида айтдим, бир ёш ҳам катта аҳамиятга эга. Айниқса, АҚШ, Уругвай, Туркия терма жамоаларида жисмоний тайёргарлик маромида эканлиги кўзга ташланди.

Турнирнинг ўзига келсак, у юқори савияда ташкил қилинди. Иштирокчилар географиясига ҳам алоҳида аҳамият қаратилган. Турли қитъа жамоалари таклиф этилган. Бу жуда ҳам қизиқ. Чунки ҳар бир қитъанинг ўзига хос мактаби бор. Осиё футболи Европа, Американикидан кескин фарқ қилади. Йигитларимизнинг ўсмирлик ёшиданоқ турли мактаблар футболидан бохабар бўлиб боришлари муҳим жиҳат. Бокуга 18 нафар футболчини олиб боргандик. Мураббийлар штабида менга Миразиз Мирзаҳмедов, Жасур Абдураимов, Алексей Рошин (дарвозабонлар мураббийи), Бенямин Муратов (жамоа маъмури), Бекпўлат Раҳимов (шифокор) яқиндан кўмак беришди.

Афсуски, Туркия терма жамоасига қарши кечган учрашувда асосий таркиб футболчимиз Бахтиёр Тўраев («Насаф») жиддий жароҳатланди. Рақиб дарвозабони атайин сакраб, тиззаси билан ўйинчимизга жароҳат етказди. Бахтиёр бу вазиятда тўпга сакрамаганди ҳам. Ўша заҳоти уни шифокорлар ёрдамида майдондан олиб чиқиб кетишди. Ҳакам бу ҳолат учун ҳеч иккиланмай пенальти қўйиши керак эди. Аммо... Кейин ўйин арафасида Савели Абрамов («Пахтакор») шамоллаб қолди. Захирада яна икки дарвозабонимиз борлигини инобатга олсак, майдонга бор-йўғи 3 футболчини туширишим мумкин эди. Хуллас, захира ўриндиғи торлик қилди. Агар 11 метрли жарима тўпи белгиланганида, натижа бошқачароқ бўлармиди? Илк ўйинда Иордания терма жамоасини йирик ҳисобда мағлубиятга учратганимиз ҳам футболчиларга таъсир қилган кўринади. Бу ёшда ғалабадан ҳаволаниш ҳолати учраши табиий.

Турнир регламентига кўра, «плей-офф»да «D» гуруҳида 2-ўринни қўлга киритган Уругвай ўсмирлар терма жамоасига қарши майдонга тушдик. Ўйиннинг асосий вақти 1:1 ҳисобида дуранг натижа билан якунига етди. Пенальтилар сериясида эса омад бизга кулиб боқди. Ўйлашимча, биз ҳақли равишда ғалабага эришдик. Чунки бутун ўйин давомида устунликка жамоамиз томонида бўлди.

Мезбонлар турнирни юқори савияда ташкил этишди. Ҳар бир учрашув телевидение орқали эфирга узатиб борилди. Бизга ўйинларимиз ёзилган дискларни тақдим этишди. Шу нарса ҳам инобатга олинибди. Энди дисклар ор­қали йўл қўйилган хато ва камчиликларимиз устида ишлаймиз.

Ҳали терма жамоани рақобатбардош ҳолатга келтириш учун кўп ислоҳот олиб бориш керак. Ярим ҳимояда муаммолар бор. Яхши плеймейкерга муҳтожмиз. Энди бундай тоифадаги футболчилар ўзи ноёб. Кўзга кўринган клубларимизда ҳам шу муаммо. Ўзим истаган ўйинчини ҳали учратганим йўқ. Дарвозабонларимиз савиялари ҳам ўртача. Ўзбекистон бўйича қараб чиқдим, бу ёшда юқори савиядагиларни топиш жуда қийин.

Афсуски, «Терма жамоалар маркази» қошида ташкил этилган селекция бўлими 2 йил бўлдики, бизга ёрдам бермаяпти. Буни очиқ айтишим керак. Шу пайтгача бирор футболчини тавсия қилмади. Яхшиям, «Насаф», «Нефтчи», «Пахтакор» жамоаларидаги мураббийлар истеъдодли ёшларни тавсия қилиб туришади. Фақат, шу орқали номзод футболчиларни кўрикдан ўтказиш билан чекланяпмиз.

Таиланд мамлакати мезбонлик қиладиган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати финал босқичи саралаш баҳслари «В» гуруҳи ўйинларига шу йилнинг 25-29 сентябрь кунлари Тошкент шаҳри мезбонлик қилади. Биз қитъа чемпионати финал босқичига чиқиш учун Фаластин, Яман ҳамда Мальдив ороллари ўсмирлар терма жамоаларига қарши баҳс олиб борамиз. Тўғри, рақиблар кучсиздек кўриниши мумкин. Лекин такрор айтаман, бу ёшда шифокорлар тилида айтганда, аниқ ташхис қўйиб бўлмайди. Менга айтишларича, Яман термасида аслига нисбатан ёши катта футболчилар кўп экан.

Режага кўра, энди июнь ойининг сўнгги 10 кунлигида навбатдаги ўқув- машғулотлар йиғинини ўтказамиз. Футболчиларимизга кўпроқ халқаро турнирлар керак. Аслида шу пайтгача бундай турнирларнинг камида 3-4тасида қатнашишимиз лозим эди. Саралаш баҳсларига кўп вақт қолмади. Демак, тайёргарлик ишларини кучайтириш керак. Вақт кутиб турмайди. Қиладиган ишларимиз эса бисёр.

Камолиддин АЛИМОВ ёзиб олди

Манба: InterFutbol газетаси



Ўқилган: 3436. Фикрлар: 0. Сана: 12.06.2013 15:02.


МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР




Чемпионатлар






HAMKORLARIMIZ XABARLARI




Блоглар

БАРЧА БЛОГЛАР »









© "Football Media Star" МЧЖ. 2006-2014.
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуҳлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.
Дизайн: www.uff.uz
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигидан 0441-сонли гувоҳнома билан рўйхатдан ўтган.
Расмий хабарларда ва блогларда кетган маълумот - мақолаларга муаллифлар ва блоггерларнинг ўзлари масъулдирлар.
Реклама қилинаётган маҳсулотлар ва хизматлар турлари лицензия ва сертификатларга эга.