{{ message }}

Очилбой Раматов: Болалар мураббийи ота-оналар берадиган пулга қараб қолган

Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Очилбой Раматов болалар футболини танқид қилди.

"Бугунги кунда футболга ихтисослаштирилган футбол мактабларининг моддий техник базаси қониқарсиз ҳолатда. Болалар ва ўсмирлар футболига масъул бўлган ташкилотлар томонидан футболчилар ва мураббийларни рағбатлантириш мутлақо йўқ. "Баркамол авлод" ва "Умид ниҳоллари" мусобақалри ўтказилгандан кейин стадионлар қаровсиз ҳолатда қолиб кетган. Болалар мактаблари қурилди, аммо бирортаси ишламаяпти. Ажратилган пуллар ўғриланган, хоҳлаганча ўғрилашган. Иншоотлар қурилиши яхши режалаштирилмаган, мураббийларга эса маош берилмайди. Натижада яхши мураббийлар қолмаган.

Рағбатлантирилмаганидан сўнг ким ишлагиси келади? Мен ҳаммасини яхши биламан. Мураббийлар фақат ота оналар берадиган уч тўрт сўм пулга қараб қолган. Буларнинг барчаси менга аён, "Локомотив" клубини ўзим ташкил этганман".

"Болалар мураббийи 300 минг сўм маошга кун кўра оладими? Нима, унинг оғзи йўқми, овқат емайдими? Албатта бу пул унга етмайди ва етмаганини ота оналардан олишга ҳаракат қилади. Вилоятларда ҳозир қандай футболчилар етишиб чиқди? Бу ёғини ким ўйлайди?

Футболчи ҳамма нарсага эга бўлиши лозим. У 30 ёшида футболдан кетгандан сўнг нима қилади? Вилоятларда ҳам жисмоний тарбия институтлари жорий қилиш лозим. Улар болалар билан ишлашни ўргансин. Мен буюк футболчи бўлмаганман, аммо бироз бўлса ҳам аралашганим туфайли бу гапларни биламан ва сизга айтяпман.

Биз муаммоларни ҳал қилиш учун танқидий ёндошиб, чора тадбирлар ўйлаб топишимиз лозим. Хориждан мураббийларни жалб этишимиз лозим. Катта пулга ишлайдиган номдор мураббийларни чақириш шарт эмас. Ишига яраша маош оладиган малакали мутахассислар топиш лозим. Бизда ҳамон "совет мактаби" сақланиб қолган. Европада футболчи эркин ўйнайди, бемалол масъулиятни ўзига олади. Бизда эса собиқ иттифоқ даврида ўргатилган футбол сақланиб турибди. Табиийки Роналду ёки Мессидек футболчи чиқиши қийин. Жисмоний тайёргарликни  кучайтириш осон эмас. Бунинг учун ёшликдан ишлаш керак".

Киритиш