{{ message }}

Сенегал – Ўзбекистон 1:1. Хурсанд бўлишга арзийдиган натижа

23 март куни Ўзбекистон терма жамоаси Марокашда ЖЧ-2018 иштирокчиларидан бири бўлган Сенегал билан ўртоқлик ўйинида майдонга тушди.

Ушбу баҳсда ҳамюрталаримиз ўзларидан анча кучли бўлган рақибга қарши муносиб қаршилик кўрсата олдилар. Тан олайлик рақиб биздан кўп жиҳатларда устун эди, бироқ ўша устунликни ҳисобда акс эттира олмаган сенегалликларнинг кучли жиҳатларини санаб ўтамиз:

Таркиблар

Ҳа, икки жамоа таркиблари ва футболчиларнинг клублари савиясида катта фарқ бор, гарчи Сенегал Садио Мане, М′Байе Ньянг ва Калиду Кулибали каби асосий юлдузларисиз ўйнаган бўлса ҳам.

Дарвозабон:
Пап Сейду Ндиай(“Ниарри Талли”, Сенегал)

Ҳимоячилар:
Пап Суаре (“Кристал Пелас”, Англия), Ламин Гассама (“Аланьяспор”, Туркия), Папи Жилобожи (“Дижон”, Франция), Фаллу Дианье (“Метц”, Франция)

Ярим ҳимоячилар:
Алфред Ндиайе (“Вулверхэмптон”, Ангилия), Ассан Диуссе (“Сент-Этьен”, Франция), Шейк Ндойе (“Бирмингем”, Англия).

Ҳужумчилар:
Умар Ньяссе (“Эвертон”, Англия), Санти Нгом (“Нант”, Франция), Мусса Конате (“Амьен”, Франция).

Захирадан тушганлар: Арман Траоре (“Кардиф”, Англия), Исмоила Сарр (“Ренн”, Франция), Анри Севе (“Сивасспор”, Туркия), Диафра Сако (“Ренн”, Франция).

Кўриб турибсиз дарвозабондан ташқари барча футболчи Европанинг кучли чемпионатларида тўп суради ва уларнинг кўпчилиги ўз жамоасида асосий таркиб футболчилари ҳисобланишади. Ўзимизнинг таркибни таништириб ўтиш шарт эмас, менимча.

Юқоридаги 11 футболчининг умумий баҳоси 36,75 млн ервони ташкил қилади (transfermarkt сайти маълумотларига асосан), захирадаги етакчиларни ҳам қўшадиган бўлсак бу миқдор роппа-роса 200 млн еврога етар экан (ўйин қайдномасига киритилмаган ўйинчилар ҳисобга олинмаган).

Солиштириш учун: терма жамоамизнинг асосий таркиби 12,05 млн евро, бутун жамоаники эса 19,65 млн евро!

Бундай тарзда солиштириш мантиққа тўғри келмаслиги мумкин, чунки рақибларнинг учта футболчисининг ўзи 135 млн евро бўлиб турибди, аммо бусиз ҳам футболчилар баҳосидаги фарқ жуда катталиги очиқ-аён кўриниб турибди. Ҳа, фарқ айнан баҳода, савияда эмас. Чунки таркибимизда саноқли бўлсада ушбу футболчилар билан рақобатлаша оладиган йигитлар бор.

Жисмоний ҳолат

Бу мавзуда Африка жамоалари билан рақобат қилишимизга ҳали анча бор. Бунинг устига, улар ҳаракат қиладиган лигаларда мавсум айни авжига чиққан пайт.Бизнинг футболчилар эса ҳали юқори формага чиқиб улгурмаганлар. Бироқ бу ҳолат ўртоқлик ўйинларида муҳим аҳамият касб этади деб бўлмайди.

ФИФА рейтинги

Сенегал терма жамоаси ФИФА рейтинггида 27-ўриндан жой олган. 2017 йилда Африка миллатлар Кубогида чорак финалга қадар етиб борган Сенегал ўша йилнинг кузида ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритди ва бу ўз-ўзидан рейтингдаги ўрнига таъсир қилмай қолмади. Дарвоқе, Сенегал ушбу рейтингда Тунисдан (23) кейинги энг яхши натижага эга Африка минтақаси вакили ҳисобланади.

Ўзбекистон эса айни дамда ФИФА рейтингида 72-поғонани эгаллаб турибди ва биз Осиё минтақасининг 7-жамоаси бўлиб турибмиз.

Мураббий

Алиу Сиссе 2002 йилги жаҳон чемпионатида Сенегал термасини сардорлик боғичи остида майдонга олиб чиққан эди. Энди эса орадан 16 йил ўтиб мундиалга мураббий сифатида йўл олмоқда. 2015 йилда терма жамоани қабул қилиб олган Сиссенинг энг катта натижаси сўзсиз терма жамоани узоқ йиллик танаффусдан сўнг энг нуфузли мусобақага олиб чиққани бўлди. Сиссе бош мураббийлик курсисига уч йил олдин келган бўлсада, унинг Сенегал терма жамоасидаги мураббийлик фаолияти анча олдин бошланган. 2012 йилда бош мураббий вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган бўлса, шундан сўнг 2015 йилгача ёрдамчи мураббийсифатида фаолият юритган.

Албатта, Сиссени эндигина мураббийлик фаолиятини бошлаганТемур Кападзега тенглаштириб бўлмайди. Бироқ тажрибали ҳамроҳлар ёрдамида терма жамоамиз устози кучли рақибга қарши ёмон ўйин кўрсатмади.
Хулоса шуки, терма жамоамиз ўзининг янги босқичини ёмон бошламади, гарчи барча камчиликлар бартараф қилинмаган бўлсада, ўйин сифати ва футболчиларнинг вазиятга муносабати ижобий томонга ўзгарган. Умид қиламизки, янги давр бўсағасида турган терма жамоамизнинг муваффақиятли юришлари бардавом бўлади.

Энди ҳамюртларимиз олдида яна бир синов турибди. Ўзбекистон 27 март оқшомида Неманья Матич бошчилигидаги Сербия термасини таслим қилган Марокаш жамоаси билан баҳсга киришади.
Марокаш терма жамоаси Жаҳон чемпионтида Португалия, Испания ва Эрон терма жамоасига қарши кураш олиб боради. Рақиб форсларга қай тариқа бас келиш йўлини айнан бизга қарши кечадиган ўйиндан қидириши табиий. Шу сабаб, бу сафар бизга янада қийин бўлиши турган гап.

 

Н.Хомидхонов

Манба: www.uff.uz
Киритиш