{{ message }}

Футбол оламидаги сиз билмайдиган антиқа атамалар

Футбол оламида учраб турадиган «хавбек», «корнер», «вингер» каби ибораларни кимнингдир кўмагисиз фаҳмлай оламиз.

Лекин замона зайли билан пайдо бўлаётган айрим хорижий атамалар ҳам борки, уларнинг мағзини чақиш унчалик осон эмас. Марҳамат, шу тарздаги қизиқарли атамалар билан танишинг.

Автобус - фақат ҳимояга мўлжалланган тактика. Футбол оламига бу ибора Жозе Моуриньо орқали кириб келган, деган фикр хаёлингиздан ўтган бўлса, топқирлигингизга тасанно.

Дарҳақиқат, португалиялик мутахассиснинг жамоалари ўз жарима майдончалари атрофига тўпланиб, рақиб ҳужумчиларига бир қарич ҳам бўш ҳудуд қолдирмаганликларига гувоҳ бўлганмиз.

«Автобус» иборасидан Жозе илк марта 2004 йили «Порту»га устозлик қилган даврида ҳимоявий тактикани изоҳлашда фойдаланганди. Англияга кўчиб ўтганидан кейин «автобус» машҳур бўлиб кетди.

«Челси»- «Тоттенхэм» (0:0) беллашувидан кейин «Беназир» шундай деганди: «Португалияликлартилибиланайтганда, «Тоттенхэм» ўзи биланавтобус олиб келди ва уни дарвозага тиқиб қўйди.

Стадионга кириш учун 50 фунт сарфлаган мухлис ўрнида бўлганимда, «тақачилар»нинг бу қилмишидан қаттиқ ранжиган бўлардим. Бу оқшом фақат бир жамоа ғалаба учун курашди, иккинчиси эса фақат гол қўйиб юбормасликни ўйлади. Ким нима деса деяверсин, аммо бу ҳалол ўйин эмас!».

Банка - захира ўриндиғи

Бу атама денгизчилар шарофати билан футболга кириб келганлигининг эҳтимоли жуда юқори. Улар миллионлар ўйинининг асосий тарғиботчилари бўлишган ва сув йўллари орқали сайёрамизга тарқатишган.

Банка - денгизчилар қайиғида ўриндиқ вазифасини бажарадиган тахта. Шунингдек, академик эшкак эшувчилар қайиғидаги ҳаракатланиб турувчи ўриндиқ ҳам банка дейилади.

Тўққизлик, учлик, олтилик - дарвозанинг юқори, ўрта ва қуйи бурчаклари

Машғулотлар пайтида футболчиларни дарвозанинг турли нуқталарига зарба йўллашга ўргатаётган мураббий уни маълум ҳудудларга ажратиб чиққан.

«Тўққизлик» - юқори бурчак, «Олтилик» - қуйи, «Учлик» - ўрта бурчак. Дарвоза шартли равишда 9та квадратга бўлинган - ҳар бирида учтадан квадрати бўлган 3 қатор квадратлар 1дан 9гача бўлган рақамлар билан белгиланади.

Рақамларнинг катта-кичиклиги квадратнинг мураккаблик даражасини кўрсатади. Шу тариқа футболчиларнинг квадратларга йўллаган зарбалари баҳолаб борилади.

Бисиклета - тўпни ўз устидан ошириб зарба бериш

Бу мафтункор услубни ким ихтиро этганлиги хусусида расмий маълумот мавжуд эмас. Кўпчилик мутахассислар бундай зарбани илк марта бразилиялик Леонидас амалга оширганини таъкидлашади.

Бисиклета, яъни велосипед ибораси ҳам Бразилияда биринчи бўлиб футбол атамалари орасидан жой олган. Дарҳақиқат, тўпга зарба бериш чоғида футболчининг оёқлари велосипед педалини айлантираётгандек ҳаракатланади.

Горчичник - сариқ карточка

Кишиларга шамоллаш хасталигидан фориғ бўлишга ёрдам берадиган шифобахш қоғознинг ранги сариқ. Фойдаланиш чоғида у беморнинг баданини қиздириб, нохуш ҳиссиётларни уйғотади. Ҳакам томонидан огоҳлантирилган футболчи ҳам ўйин қоидасини бузгани учун шундай жазога муносиб, деб ҳисобланади.

Катеначчо - ҳимоявий тактика

Италия футболининг ўзига хос хусусияти ва футбол тактикасидаги муайян давр. Асосий эътиборни ҳимояга қаратиш ва бу йўлда енгил қоидабузарликлардан фойдаланиш эвазига «Интер» Эленио Эррера раҳбарлигида ўтган асрнинг 60-йилларида Европада ҳукмронлик қилганди. Катеначчо ибораси итальян тилида эшик зулфини, очиб бўлмайдиган эшик маъноларини англатади.

Дриблинг - финтлар серияси

Инглизча dribble ибораси тўпни олиб юриш маъносини англатади. Бироқ у футбол атамалари орасидан сунъий равишда жой олган. Оксфорд луғатидаги маълумотларга кўра, ибора XVI асрда пайдо бўлган.

У томчи, томчиламоқ маъноларини англатади. Тўп билан муомала қилаётганда футболчининг қадамлар тезлиги ўзгариб туради ва шу жиҳати билан томчини эслатади

Ғуруқ варақ - бурчак зарбасидан гол уриш

Авваллари бураб қўйилган вараққа қиёсланган барча айланма зарбаларни «қуруқ варақ» деб аташарди. Лекин Валерий Лобановскийнинг футболчилик давридан бошлаб бурчак тўпларини айланма зарба орқали дарвозага йўллаш иқтидорли футболчиларнинг хавфли қуролига айланди.

Юртимизда Биродар Абдураимов ва Миржалол Ғосимовдек футбол дарғаларининг бурчак зарбалари билан дарвозаларни ишғол этганларига гувоҳ бўлганмиз.

Кулас - Испаниядаги мухлис

Каталонча Cul ва испанча Сulo жумлалари «орқа» маъносини билдиради. Ҳозирда нафақат Испания, балки испан тилида сўзлашадиган кўпгина мамлакатларда мухлисларни «кулес» деб аташ одат тусини олган.

Улкан стадионлар бўлмаган даврда мухлислар юқори қатор ортидаги деворларда ўтирган ҳолда ўйинларни томоша қилишган. Шу боис, пастдан ўтаётган кишиларга улар гавдасининг орқа қисми кўриниб турган.

Латераль - қанот ўйинчиси

Бу атаманинг тарихи жуда оддий - португалча Lateral «ён», «қанот» деган маънони беради.

Рабона - таянч оёғининг орқаси билан бериладиган зарба

Бу усул илк марта 1978 йили «Асколи» клуби шарафини ҳимоя қилган Жованни Рокотелли томонидан «Модена»га қарши баҳсда намойиш этилганди. Зарбани чорраҳача усул деб аташди. Лекин аргентиналиклар унга нафисроқ ном - Рабонани беришди.

Танго рақсидаги бир оёқнинг иккинчиси орқасига ўтиб ҳаракатланиши шундай аталади. Италиялик футболчи уни яшил майдонга кўчирди.

Легионер - хорижлик футболчи

Иборанинг римлик легионерларга алоқаси йўқ. Аксинча, тарихий легионда асосан маҳаллий фуқаролар хизмат қилишган. Машҳур «француз легиони» таъсирида юзага келган.

1831 йил қирол Луи-Филипп-I аскарлар сонини ошириш мақсадида хорижлик кишиларни армия­га жалб эта бошлаган. Янги бўлинмаларга Наполеон қўшинларининг зобитлари раҳбарлик қилишган. Футболда ҳам Франция биринчи бўлиб легионер иборасидан фойдаланган.

Либеро - сўнгги ҳимоячи

Ҳозирда тактик схемалардан чиқиб кетган бу ихтисос вакиллари аввалига «свипер», деб аталган. Кейинчалик унинг ўрнини итальянча Libero, яъни «эркин» атамаси эгаллади.

Жамоадошларининг хатоларини тузатиш билан шуғулланадиган эркин ҳимоячи ихтисоси 80-йиллардаги тактик услубларда мунтазам қўллаб келинарди.

«Покер» - футболчининг бир ўйинда 4та гол уриши

Бу иборанинг таомилга айланиши хусусида тахминлар кўп. 1976 йили намойиш этилган машҳур «Блеф» фильми билан боғлиқ.

Адриано Челентано бош ролни ижро этган картинада қарта ўйинига боғлиқ лавҳалар бўлиб, кўпчилик томошабинлар унинг намойишидан кейин покерга қизиқиб қолишганди.

Бир ўйинда 4та гол уришни уддалаган футболчи «энг кучли» унвонига лойиқ, албатта. Покер ибораси шу тариқа футболга кириб келди.

Шведка - оёқнинг ташқи юзаси билан берилган зарба

Бу зарба усулини илк марта бразилиялик Диди ЖЧ-1958да намойиш этган. Мундиал Швецияда ўтказилгани боис, зарбага «шведка» номи берилган. Диди эса ёш ватандоши Пеле билан шоҳсупага кўтарилганди.

«Ғуруқ» - ўйинни голсиз якунлаш

Ўз вақтида газеталардан бири жамоа ўйинига изоҳ берар экан, дарвозабонни сувдан қуруқ чиқди, дея таърифлаганди. Шундан кейин дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолган ўйинлар «қуруқ» номини оладиган бўлди. Ибора нафақат футбол, балки хоккейда ҳам қўлланилмоқда.

Финт - алдамчи ҳаракатлар

Футболнинг жозибадор услубларидан бири итальянча finta - чалғитиш, алдов ибораси билан юритилади. Чиндан ҳам, ажойиб, ўта мос атама!

«Хет-трик» - бир ўйинда 3та гол

Уч рақамининг унга дахли йўқ. Ғизиқарли бир воқеа унинг спорт оламига кириб келишига сабабчи бўлган. 1858 йили англиялик машҳур крикет устаси Хитфелд Стивенсон  бир йўла 3та йўлакчадан ўтишга муваффақ бўлганди.

Бу ажойиб услубдан ҳайратга тушган мухлислар спортчига янги шляпа совға қилишганди. Кейинчалик «хет-трик» - «шляпали трюк» атамаси футболга кириб келди.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади

Манба: www.iff.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар