{{ message }}

Бошқача форматга эҳтиёж ёхуд Про-лига нима учун ўзгартирилди

Режага мувофиқ, Про-лига ўтган ҳафта старт олиши керак эди. Аммо сўнгги паллада турнир учун янги формат танланди.

Хуллас, ПФЛ нуфузи жиҳатидан Суперлигадан кейинги ўринда турувчи Про-лигани ўтказиш тартибини бутунлай  ўзгартирди. Бу ҳақдаги қарор ЎФА Ижроий қўмитаси Бюроси томонидан қабул қилинди. Ваҳоланки, Про-лиганинг янги мавсумида 16та жамоа иштирок этиши белгиланган ва мусобақа тақвими ҳам тасдиқланган эди.

Хуллас, 25 март кунига йўлга чиқиши режалаштирилган турнир старти янги форматга эҳтиёж кучлилиги сабаб, ортга сурилди. Чунончи, яхлит формат ва тақвим тасдиқланганидан кейин ҳам бир қатор клублар ПФЛга мурожаат билан чиқишда давом этди.

Якунда Ижроқўм аъзолари мамлакат футболи ривожи йўлида таклифларга ижобий жавоб қайтаришни лозим топишди.

Нега шундай бўлди?

Бунинг бир қатор сабаблари бор. Шулардан биринчиси - футболга ўз сармоясини киритишни ният қилган хусусий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашдир. Тўғри, айни ҳолатда уларнинг бирданига суперклубларга асос солишлари қийин.

Бироқ ЎФА футбол тараққиётида муҳим факторлардан бири ҳисобланган клубларни хусусийлаштириш масаласини бир четда қолдиролмайди. Яъни хусусий клубларга босқичма-босқич ривожланиш учун имконият беради.

Иккинчидан, Суперлига таркиби 12 жамоага қисқартирилди. Бу билан элитада тўп сурадиган футболчиларнинг умумий сони ҳам кескин камайди. Натижада олий дивизионда ўйнашни хоҳлайдиган футболчилар ўртасида рақобат ошди.

Энди рақобатда имкониятни бой берган ўйинчилар қўним топишлари мумкин бўлган қўшимча объектларга эҳтиёж бор. Про-лига эса бу борада футболчиларга имконият тақдим этадиган саҳнадир.

Учинчидан, футбол ҳамиша аввало, мухлислар учун ўйналади. Шунингдек, Про-лигада иштирок этишни кўзлаётган баъзи клублар мухлисларидан ЎФАга доимий равишда мурожаатлар келиб тушади. Бу эса маълум шаҳар ёки туман раҳбариятини ҳаракатга келтиради. Шу тариқа мутасаддиларда ҳам футбол ривожига ҳисса қўшиш фикри туғилади.

Жамоалар сони нечта?

Суперлигага йўлланма берувчи дивизионда фарм-клубларнинг иштирок этиши мантиққа бироз тўғри келмасди. Шу ҳолат ҳамда клубларнинг илтимослари инобатга олиниб, «Бунёдкор» ва «Пахтакор» ўринбосарлари  жамоалари Про-лига рўйхатидан ўчирилди.

Аксинча, яхши ният билан катта футболга юзланишга чоғланган «Хотира-79», «Нурафшон-С», «Лабса» ва «Шердор» жамоаларига турнир иштирокчилари қаторидан жой берилди. Натижада Про-лига таркиби 18та клубга етди.

Клублар рейтинги

Про-лига клубларини мусобақага қўйиш олдидан ПФЛ комиссияси уларда мавжуд инфратузилма билан танишиб чиққан. Табиийки, ташкилот томонидан қўйилган талабларга айрим клублар жавоб беради, баъзиларига эса вақт керак.

Ўз-ўзидан тушунарлики, ўша клубларнигина олиб қолиб, қолганларга жавоб бериш юқорида санаб ўтилган факторларга тўғри келмайди. Шунинг баробарида ПФЛ ўз талабларида қатъий турди.

Яъни Про-лигада ўйнашни хоҳлайдиган клубларнинг бугунги ҳолатидан келиб чиқиб, улар икки зонага ажратилди. Оддий айтганда, олдинга интилаётган клубларга ҳам имконият берилди.

«Про А»

«Андижон» (Андижон)

«Динамо» (Самарқанд)

«Истиқлол» (Фарғона)

«Машъал» (Қашқадарё)

«Орол» (Қорақалпоғистон)

«Сурхон» (Сурхондарё)

«Шўртан» (Қашқадарё)

«Хоразм» (Хоразм)

«Норин» (Наманган)

«Про В»

«Ифтихор» (Ёшлар иттифоқи жамоаси)

«Ёзёвон» (Фарғона)

«Зомин» (Жиззах)

«Лабса» (Бухоро)

«Локомотив-БФК» (Тошкент)

 «Нурафшон-С» (Тошкент вилояти)

«Ғиждувон» (Бухоро)

«Шердор» (Самарқанд)

«Хотира-79» (Наманган)

ПФЛ жамоаларни гуруҳга ажратишда улардаги моддий-техника базаси масаласини биринчи ўринга қўйди. Рейтингга кўра, сараланган 9та жамоа «Про А»га олинган бўлсада, «Про В» иштирокчиларида ҳам назарий жиҳатдан Суперлига йўлланмаси учун курашиш имконияти бор. Бироқ бунда асосий шарт - Про-лигада етакчи бўлишгина эмас, балки инфратузилмани талаб даражасига олиб чиқиш ҳам. Чунки Суперлиганинг талаблари юқори эканлиги барчага маълум.

ПФЛ умумий вазиятни яхшилаш учун 2020 йилгача мўлжалланган кичик дастур ишлаб чиқади. Шу аснода клублар йилнинг тўрт чорагида назорат қилиб борилади.

Хуллас, моддий-техника базаси талаб даражасида бўлмаган клублар Про-лигага қўйилгани билан инфратузилма масаласида жиддий ишлаши шарт. Бу жамоалар маблағ жиҳатидан Суперлига вакиллари билан рақобатлашолмаса-да, 2-3 йил ичида майдон, база ва футбол мактабини ПФЛнинг минимум талабларига мувофиқлаштириши керак.

Вақти келиб уларнинг стадионига мамлакатнинг энг кучли клублари ҳеч бир эътирозсиз бориши лозим. Шундан келиб чиқиб, инфратузилма босқичма-босқич ривожланади. Агар ҳар чорак текширувидан кейин клублар назоратдан ўтолмаса, уларга нисбатан санкциялар белгиланади (умуман ишламаётган клублар Про-лигадан четлаштирилади).

Бунда бир нарсани тушуниш лозим. Ҳозирги ҳолатда чемпионлик учун курашадиган жамоага пул сарф-лаб, инфратузилмани ташлаб қўйишда маъни йўқ.

Чунки Суперлиганинг талаби доимо юқори бўлиб қолаверади. Шундан келиб чиқиб, асосий эътибор инфратузилмага қаратилиши мантиқлироқ. ЎФА эса фақатгина шу шарт билан талабгор клубларга Про-лига эшикларини очди.

Формат қандай?

Режага кўра, ҳар икки гуруҳ жамоалари тўрт даврали (2та ўз майдони ва 2та сафарда) тизим бўйича баҳслашади - жами 32та тур. Якунда «Про А» етакчиси Суперлига йўлланмасини қўлга киритади.

Шу гуруҳнинг 2 ва 3-жамоалари эса «Про В»да мос равишда 2 ва 1-ўринларни эгаллаган клубларга қарши ўтиш ўйинларида иштирок этади. Ғолиблар Суперлигада 10 ва 11-ўринларни банд этган клубларга қарши яна «плей-офф» ўйини ўтказади.  

Эслатма: мавсум давомида қайси зонада ўйнашидан қатъий назар, бирор жамоа ярим йўлда турнирдан чиқиб кетса, 2019 йилги чемпионатда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин (бу масала ЎФА Ижроий қўмитаси Бюроси томонидан алоҳида кўриб чиқилади).

Хулоса

ЎФА барча учун имконият эшикларини очишга қарор қилди. 2018 йилги мавсум Про-лига талабида бўлган клубларнинг ҳақиқий имкониятини кўрсатиб беради ва келгуси режалар ҳамда формат шунинг асосида тузилади.

ПФЛ Суперлигаси ҳамда Про-лига ўйинлари бир вақтда тугаши масаласини инобатга олади. Бу икки лига вакиллари ўртасидаги ўтиш ўйинлари олдидан жамоаларнинг жисмоний имкониятларини тенглаштиради.

Айтганча, ПФЛ Ўзбекистон кубоги форматини ўзгартириш масаласини ҳам кўриб чиқди. Бу борада ҳам янгиликлар катта. Муҳими, Про-лиганинг барча иштирокчиларида Ўзбекистон кубогида иштирок этиш имконияти бор.

Манба: www.iff.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар