{{ message }}

Бедор тунлар яна бошланмоқда! Бугун Чемпионлар лигасида муҳим ўйинлар старт олади

Бугун, 3 апрель куни Европа Чемпионлар лигасининг чорак финал босқичига старт берилади. Жумладан, “Ювентус” Туринда Мадриднинг “Реал” клубини қабул қилади. “Бавария” эса Испанияда “Севилья” меҳмони бўлади.

Жамоаларнинг нимчорак финалда босиб ўтган йўлларига назар ташласак, “Ювентус” “Тоттенхэм”ни Лондонда йиғлатиб, ўзи чорак финалга етиб келди. “Реал” “ПСЖ” билан бўлиб ўтган ҳар икки ўйинда муваффақият қозониб, қийин рақиблардан бири “Ювентус”га дуч келиб қолди.

Тўғри, “қироллик клуби” анойи жамоалардан эмас. Ҳар ҳолда кетма-кет икки марта ЕЧЛ бош совринига эга чиқиш, бу ҳамма клубнинг қўлидан келавермайди. Устига-устак Турин – Мадрид қаршилигига биз ўтган мавсум мусобақа финалида гувоҳ бўлгандик.

Унда испанияликлар бечора Буффон дарвозасига тўрт март гол уриб, ўз дарвозаларидан атиги бир марта гол ўтказиб юборишган. Шу тариқа, “Реал” ЕЧЛ тарихида кетма-кет икки марта бош совринни қўлга киритган биринчи жамоага айланганди.

Энди иккинчи жуфтлик: “Севилья” – “Бавария” ҳақида гапирадиган бўлсак, андалусияликлар нимчорак финалда Моуриньонинг “Манчестер Юнайтед”ини сенсацион тарзда мусобақадан чиқариб юборишди.

Агар “қизил иблислар” чорак финалга етиб келганда балки, “Бавария” тўсиғидан ўта олмаган бўларди. Бунисига аниқ жавоб йўқ.

Чунки Юпп Хайнкес жамоаси ҳозир Бундеслигада барқарор ўйин кўрсатиб, тинимсиз ғалаба қозониб келмоқда. “Бавария” кучини “Боруссия Д” билан бўлиб ўтган сўнгги ўйинда кўрдик. Шу куни Мюнхенда рақиб дарвозаси жавобсиз олти марта ишғол этилди.

Ҳа, “Бавария”га нимчорак финалда осон рақибга дуч келди. Туркиянинг “Бешиктош” клуби Германия чемпиони олдида шунчаки оддий рақибдек кўринди ва буни ўзи ҳам тан олишга мажбур эди. Икки ўйин натижасига кўра, “Бавария” “Бешиктош”ни 8:1 ҳисобида мағлуб этди ва чорак финалга осонликча етиб келди. Уларни олдинда “Севилья” қаршилиги кутиб турибди.

Демак, бугун бўлиб ўтадиган икки ўйин бир-биридан қизиқ ва рақобатларга бой бўлишига ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Қачон бошланади?

Эътиборлиси, Европа вақти бир соатга қисқарди ва энди ЕЧЛ ўйинларини аввалгидек 00:45 эмас, балки, 23:45 да томоша қилишимиз мумкин.

ЕЧЛ, 1/4 финал.

“Ювентус” (Италия) – “Реал” (Испания)

23:45. “Альянц Стадиум” стадиони, Турин шаҳри.

***

“Севиля” (Испания) – “Бавария” (Германия)

23:45. “Рамон Санчес Писхуан” стадиони, Севилья шаҳри.

Манба: www.uff.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар