{{ message }}

«Олимпия келажаги» мусобақаси старт олмоқда. Кеча матбуот анжумани бўлиб ўтди

Хабар бериб ўтганимиздек, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бокс, спорт курашлари, дзюдо ва таэквондо (WTF) спорт турлари бўйича янги “Олимпия келажаги” мусобақасига асос солди. Бугун Миллий олимпия қўмитасида ушбу мусобақалар тақдимотига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби, юқорида кўрсатилган спорт ассоциациялари вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

“Ассалому алайкум, ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари. Хабарингз бор, яқинда мамлакатимиз раҳбари томонидан спортга оид муҳим фармон ва қарорлар имзоланган”, - деб сўз бошлади Шоакром Исроилов. “Ушбу тарихий аҳамиятга эга ҳужжатларда бундан буён бизнинг қай тартибда фаолият олиб боришимиз, ишларни қай тарзда йўлга қўйиб олишимиз кераклиги, умуман, иш режамиз кўрсатиб берилган. Бугунги кундаги асосий масала селекциядир. Тан олиш керак, бу айни пайтда оқсаётган масалалардан биридир. Мазкур йўналишда катта ҳажмда иш олиб боришимиз керак.

Терма жамоаларимиз учун захира яратиш борасида муаммолар бор. Олимпия ўйинлари, халқаро мусобақаларга спортчилар тайёрлаш мақсадида янги йўналиш, тизим ишлаб чиқилди. Биз юқорида қайд этилган спорт турлари бўйича янги тизимдаги мусобақаларни ташкил қиламиз. Уни аввалига ҳудудий, кейин эса Республика миқёсида ўтказамиз. Ушбу мусобақаларда саралаб олинадиган спортчилар терма жамоалар учун асосий номзодларга айланадилар. Бугун айнан шу ҳақида ахборот бериш мақсадида сизларни таклиф қилдик” – дея сўзини давом эттирди Жисмоний тарбия ва спорт вазири.

Анжуманда ушбу мусобақалар тўртта минтақага бўлинган ҳолда ташкил қилиниши маълум қилинди. Беллашувларда кучли жамоалар битта ҳудудга жамланиб қолмаслиги олди олинди. Бу орқали рақобатни янада ошириш мақсад қилинган.

Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов эса бундай мусобақаларни ўтказишдан мақсад оммавийликни янада ошириш эканлиги ҳақида таъкидлаб ўтди.

“Ушбу мусобақани ўтказишдан мақсад мазкур спорт турларига қизиқишни янада ошириш. Хабарингиз бор, Ўзбекистонда футбол жуда оммавийлашган. Келажакда ушбу спорт турлари бўйича ҳам оммавийликни кўтаришни режалаштирганмиз. Мусобақанинг финал баҳслари ҳам хақиқий шоу, ўзига ҳос спорт байрами сифатида ташкил қилинади. Бу мухлисларга манзур келади деб ўйлаймиз”, - деди Жасур Матчанов.

Шундан сўнг ОАВ ходимлари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожат қилишди.

-Менда бир неча савол бор. Ушбу спорт турлари бўйича мусобақалар бир пайтда ўтказиладими ёки алоҳида вақтлардами? Финалга йўл олган вилоят жисмоний тарбия ва бошқармалари рағбатлантирилиши кўзда тутилганми? Шунингдек, баҳсларда эркаклар ва аёллар қайд этган натижа қай тарзда ҳисобланади, алоҳидами ёки умумий тартибдами?

-Мусобақалар бир вақтда ўтказилмайди. Баҳслар спортчиларимизнинг мусобақа тақвим режасига қараб ташкил қилинади. Бу борада режа ишлаб чиқилган. Финал босқичига ҳудудларда биринчи ўринни олган жамоа йўл олади. Сизга яхши маълумки, яккакурашларда турли вазн тоифалари бор. Аммо, баъзи минтақаларда спортнинг ушбу тури яхши ривожланмаган. Шундай жиҳатларга ҳам этибор қаратамизки, агар жамоа финалга йўл олмаган бўлсаю, унинг таркибида кучли спортчи бўлса биз у билан ҳам иш олиб борамиз. Яъни спортчилар йўқолиб қолмайди. Бизга рақобат зарур. Айни пайтда бу борада бизда бироз оқсаш бор. Терма жамоадаги асосий спортчиларга захира керак, Чунки, унда жароҳат олиш ёки жисмоний жиҳатдан пасайиш кузатилиши мумкин. Мусобақани ҳудудларда ҳам ўтказиш ўша спорт турини ривожланишига туртки бўлади.

Мусобақа ҳозирча илк маротаба, тажриба сифатида ташкил қилинмоқда. Унинг ташкилий масалалари, низомларини ривожланиш, қизиқиш даражасига қараб ўзгартириб борамиз. Баҳсларда ҳозирча фақат эркаклар иштирок этади. Рағбат масаласига келадиган бўлсак, ғолиб жамоаларни Миллий олимпия қўмитаси томонидан албатта тақдирлаймиз, шу жумладан пул мукофотлари берилади. Финал иштирокчилари маълум бўлганидан сўнг уларга қанча мукофот пули берилиши ҳақида маълум қиламиз.

Моддий томонлама рағбатлантириш бўйича муаммо бўлмайди. Асосий масала кучли спортчиларни тайёрлаш, халқаро даражага олиб чиқишдир. Иқтидорли спортчиларимиз жуда кўп. Шунингдек, кучли мактабларимиз ҳам бор. Масалан, Бухорода Олот дзюдо мактабидан кучли спортчилар етишиб чиққан. Худудлар ўртасидаги мусобақалар орқали спорт мактаблари тажриба алмашиш имконига ҳам эга бўладилар. Айтиб ўтилганидек, бу ҳозирча тест режимида ўтказилади. Кейинчалик эса бошқа спорт турлари бўйича ҳам бундай мусобақаларни ўтказиш режамизда бор.

-Мана шундай қизиқарли мусобақа ўтказиш ғояси бизни хурсанд қиляпти. Аммо, баъзида шундай ҳолатлар юзага келадики, яккакурашларда мағлуб бўлган спортчилар ҳакамликдан норози бўладилар. Бундай ҳолатларга нисбатан вакил, комиссия бириктирилиши режаси борми? Балки бу майда масала каби кўринар. Аммо, мен буни жуда муҳим жиҳат деб ҳисоблайман.

- Жуда ўринли савол бердингиз. Мусобақаларда ҳолис ҳакамликни йўлга қўйиш, баҳсларни шаффофлигини таъминлаш мақсадида Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия Университети томонидан нейтрал экспертлар таклиф қилинади. Ҳакамлик масаласига жиддий қараймиз. Бизнинг вакиллар мусобақа ҳалол ва одилона ўтаётганини назорат қилади. Беллашувлар видеога олинади ва таҳлил қилинади. Мусобақа спортчиларнинг техник услублари ва имкониятларини ҳам кўрсатиб бериши керак.

Сиз айтган муаммо кўплаб спорт турида мавжуд. Яхши спортчилар мана шундай ноҳолис ҳакамлик қурбонига айланади. Спортчи баъзида рақибга эмас, ҳакамга ютқазиб қўяди. Турнир орқали ҳакамлик савиясини ҳам кўтарамиз. Ўзимизни ўзимиз алдамаслигимиз керак. Акс ҳолда, халқаро майдонда бирор бир натижага эришишимиз амри маҳол бўлиб қолади. Яна бир муҳим жиҳати, мусобақаларда асосан иккинчи ва учинчи рақамли спортчилар иштирок этади. Биз янги номларни кашф этмоқчимиз.

-Мусобақаларнинг трансляция масаласи борасида қандай ишлар кўзда тутилган?

-Биз очиқликни таъминлаш мақсадида ОАВ билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Мусобақалар албатта ТВ орқали намойиш этилади. Бу спорт турларини оммавийлаштиришга хизмат қилади. Ишқибозлар трансляция орқали спортчилар тўғрисида маълумотлар олиш имконига эга бўладилар. Яқинда ЎзМТРК раиси билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Унда ҳамкорликни кучайтириш масаласи ҳам кўрилди. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, ҳамкорлик самараси сифатида ушбу мавсумдан бошлаб футбол бўйича Суперлига ўйинлари жонли эфирда намойиш этилмоқда.

Шунингдек, матбуот анжуманида иштирок этган “Спорт” телеканали раҳбари Зоҳид Каримов ҳам ушбу саволга ўз муносабатини билдирди.

-Спорт мусобақаларини тўғридан-тўғри намойиш учун техник томондан бизда озгина муаммолар мавжуд. Шуни айтиб ўтишни истардим, нима учун айрим мусобақалар мактаб ёки коллеж залларида ўтказилади? Нега каттароқ иншоотларда ташкил қилинмайди? Буни сабабини суриштирганимизда ўша иншоотларнинг ижараси қиммат эканлиги айтилади. Баъзи жойларда трансляция учун шароит йўқ. Аниқроғи, оддий камера қўйиш учун жой йўқ. Агар трансляция талабига жавоб берса, оптик кабелли толалар тортилган бўлса, биз вилоятлардаги мусобақаларни ҳам жонли эфирда намойиш этишга тайёрмиз, буни ўзимиз ҳам жуда истаймиз. Жонли эфирга қизиқиш катта. Шаффофлик йўлида биргаликда ишлашга, спортни ривожлантириш йўлида ёрдам беришга доимо тайёрмиз. Жонли эфирлар шаффофликни таъминлайди. Қинғирликларни олдини олади.

Шоакрам Исроилов спорт мусобақалари энди вилоятларда ҳам ташкил қилинаётганига алоҳида эътибор қаратди. “Эътибор берган бўлсангиз, Ўзбекистон чемпионатларини фақат пойтахтда ўтказиш анъанасига чек қўйилмоқда. Энди вилоятларда ҳам мусобақалар ўтказишга алоҳида урғу беряпмиз. Бизда талабга жавоб берадиган иншоотлар етарли. Мана яқинда дзюдо бўйича мусобақа Термизда бўлиб ўтди. Шунингдек, "Uzbek Tigers"нинг жанглари Термизда ташкил қилнади. Оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати илк маротаба Хоразм воҳасида, Урганч шаҳрида ташкил қилинади. Биз бундан буёғига ҳам спорт мусобақалари географиясини кенгайтириб бориш устида ишлашда давом этамиз.

-Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган фармонда республикамиз ҳудудида “Спорт” эркин иқтисодий зонасини ташкил қилиш банди ҳам бор эди. Бу борада қандай ишлар қилинмоқда?

-Ушбу масала юзасидан биз Хитой, Германия ва бир қатор бошқа мамлакатлар билан музокаралар олиб бордик. Бизда спорт эпикировкаси ва жиҳозлари ишлаб чиқариш учун имкониятлар етарли. Фармон асосида энди бу йўналишни ҳам ривожлантириб олиш учун имконият пайдо бўлди. Уч кун олдин айнан шу масала юзасидан хитойликлар билан гаплашдик. Фурсатдан фойдаланиб, шуни айтиб ўтмочиманки, агар бу борада қизиқиш билдираётган фирма ёки компания бўлса таклифларни кўриб чиқишга тайёрмиз.

Тадбирда ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга саволларга жавоб олишди. Ўз навбатида бундан буён Миллий олимпия қўмитаси томонидан бу каби матбуот анжуманларини тез-тез ташкил қилиши маълум қилиниб, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш йўлида барча бирдек масъул эканлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси
матбуот хизмати

Манба: olympic.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар