{{ message }}

Миллионлар ўйини ва мухлислик маданияти

Биз бой маданиятга, эзгу қадриятларга эга халқмиз. Халқимизнинг ана шундай гўзал фазилатлари стадионларда ўтказиладиган футбол учрашувлари, турли спорт мусобақаларида ҳам намоён бўлиши керак. Ким қайси жамоа ёки футбол клубига мухлислик қилишидан қатъи назар унда ўзаро ҳурмат, юксак маданият бўлиши даркор. Бир сўз билан айтганда, юртимизда мухлислик маданиятини ҳам энг юқори даражага кўтаришимиз даркор.

Дарҳақиқат, мухлислик маданиятининг ўзига яраша масъулияти ва мезонлари борки, бу масала бугунги кунда, айниқса, футбол атрофида долзарблигича қолмоқда. Боиси, дунё миқёсида футбол ривожлангани сайин у билан бирга турли нохуш одатлар ҳам одимлаб келмоқда.

Футбол ер юзидаги аксарият одамлар учун энг қизиқарли ўйин, энг кўнгилочар томошага айланиб улгурди. Энди мухлислар тўртбурчак майдонда тўпнинг шунчаки юмалашини кўриш учун эмас, балки ҳавода ва ерда шиддату гўзаллик касб этаётган тўп ва оёқлар фалсафасини, ўйинчиларнинг юз ифодасию, табассум ва афсусларини, хуллас, ҳиссиётларини кўриш, англаш учун мусобақаларга келадиган бўлдилар. Чунки инсон табиати азалдан ҳиссиётларга, ифодаларга ўч бўлган. Футболни эса ҳиссиёт ва ифодалар ўйини, дейиш мумкин.

Кейинги йилларда футболнинг катта бизнесга айланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Айтайлик, бугун қайси ўйинчининг баҳоси қанча эканлиги ҳақидаги баҳслар одат тусига кириб улгурди. “Энг қиммат ўйинчи”, “Энг бой футбол клуби”, “Энг бой футболчи” каби атамалар пайдо бўлдики, улар атрофида инсон қадр-қимматига путур етказадиган ҳолатлар юзага келиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Футболнинг ривожланиш жараёнлари билан биргаликда мухлисликнинг турли хил кўринишлари ҳам пайдо бўла бошлади. Энди тез-тез “Фанат” сўзини эшитишга ўрганиб қолдик. “Фанат” сўзи лотинчада “кўр-кўрона ишонувчи”, “асабий” деган маъноларни билдиради. Маълумки, моҳияти англанмай қилинган хатти-ҳаракат интиҳоси ҳар гал нохуш тугайди. Асабийлик эса шундан бошланади. Бугунги дунё футбол “фанат”ларини ҳам шу ҳолат ё тоифага тенглаш мумкинмикин? Афсуски, ўхшаши йўқ оҳанг ва маъносиз қўшиқ сўзларига жазавага тушаётган “санъат шайдолари”ни кўп кузатмоқдамиз. Айрим ривожланган давлатларда ўтказилаётган футбол учрашувларидаги мухлисларни кўриб хайрон қоласан киши. Баъзилари яланғоч баданидаги турфа ёзув ва беўхшов татуировкаларни кўз-кўз қилиб, бачкана безак ва тақинчоқларини шақирлатиб, жунбушга тушади.

Уларнинг асл мақсади нима экан, деган савол ўйлантиради. Бу футболга муҳаббатми ё ўзаро тотувликка, ҳам спорт, ҳам санъатга айланган футбол жозибасига путур етказиш, турли низолар келтириб чиқариш мақсадида атай ўйланган усулми? Эҳтимол, бу бугун дунё бўйлаб шахдам одимлаётган “оммавий маданият”нинг мухлислик ниқоби остидаги ёлғон кўринишидир?

Шу ўринда мулохазали савол туғилади, мухлис ким ўзи? “Мухлис” сўзи — “ихлос қўйган”, “ишонган” деган маъноларни англатади. Ҳақиқий мухлис юксак маданият соҳиби бўлиб, айтайлик, севимли жамоасининг ғалабасини ҳам, мағлубиятини ҳам муносиб қабул қилади. У жазавага тушиб, бошини трибуналарга урмайди, унинг стадион ўриндиғида мавжудлигидан футболчиларнинг кўнгли хира тортмайди, хавотирга тушмайди. Аксинча, футболчи тўп сурар экан, ўз мухлисини кўриб руҳи кўтарилади, вужудида ғалабага иштиёқ ортади, ортида Ватани, халқи борлигини ҳис этади. Шундай дамларда, албатта, ғалаба ҳам мухлис томонда бўлади.
Шукурлар бўлсинки, озод ва обод Ватанда яшаймиз. Мамлакатимизда юксак маънавиятли бир-биридан ажойиб авлодлар етишиб чиқмоқдаки, биз бу ёшларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Мамнуният билан эътироф этиш жоизки, халқимизда мухлислик маданияти шаклланган. Шундай экан, биз ҳақиқий миллий урф – одатларимизга хос мухлислик маданияти билан севимли жамоамизни қўллаб-қувватламоғимиз зарур. Зеро, айни шу каби маданият орқали ҳам бизни дунё танийди. Фақат бизгагина хос олижаноблик, вазминлик ва мушоҳадакорлик каби хислатларимизни спортда, хусусан, футболда ҳам қўлласак, нур устига аъло нур бўлади.

Юртимизда футбол мухлислари учун барча қулайликлар муҳайё. Шаҳару қишлоқларимизда қурилаётган муҳташам спорт иншоотлари, футбол стадионларида томошабин-мухлислар учун энг қулай шароитлар яратилган. Эндиликдаги вазифа эса футбол клублари ва мухлислар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш, стадионларда мухлислик маданияти тартиб-қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, айни шу мақсад йўлида ёш ва баркамол авлодимизни ватанпарварлик, бағрикенглик, вазминлик руҳида тарбиялаш барчамизнинг бурчимиздир.

Хайрулло ВАСИЕВ

Хайрулло Васиев блогидан олинди.

Манба: www.uff.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар