{{ message }}

Элдор Сакаев: Водий дербилари доимо шиддатли ўтган

Ўзбекистон кубоги 1/16 финали доирасидаги “Андижон” – “Навбаҳор” клублари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида “Андижон” бош мураббийи Элдор Сакаев ва жамоа дарвозабони Акмал Ортиқов иштирок этишди.

Элдор Сакаев (“Андижон” жамоаси бош мураббийи): - “Водий дербиси” ўйинлари жамоалар қайси лигада иштирок этишлари ва баҳс қандай мусобақага тааллуқли бўлишидан қатъий назар, доимо жанговар руҳда ўтган. Бундай учрашувларда ўзим ҳам кўп маротаба иштирок этганман. Бугунги ўйин ҳам бундан мустасно бўлмади ҳамда курашларга бой тарзда ўтди.

“Навбаҳор” яхши жамоа ва ҳужумкор ўйин намойиш этади.

Футбол шундай спорт турики, унда юзага келган барча вазиятлардан фойдаланиб бўлмайди. Акс ҳолда, учрашув ҳисоби бошқача тус олиши ҳам мумкин эди. Аммо бугун бизнинг омадимиз келиб, ғалаба қозонишга муваффақ бўлдик.

Акмал Ортиқов (“Андижон” жамоаси дарвозабони): - “Водий дербиси” ўйинларига ортиқча таъриф беришнинг ҳожати йўқ. Биз мазкур учрашувга астойдил тайёргарлик кўргандик. Бу эса ўз мевасини бериб, бугунги баҳсда зафар қучиб, мухлисларни хурсанд этдик.

Жамоамизнинг жорий мавсумда ва “Навбаҳор”га қарши кечган баҳсда ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юбормаганлигида, фақатгина дарвозабон ва ҳимоячиларнинг эмас, балки бутун жамоанинг муносиб ҳиссаси бор.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, дарвозабонимиз Ойбек Ортиқов ва ҳимоячимиз Иброҳим Отахонов олий лигада ўйнашган ва катта тажрибага эгалар. Демак, бу борада уларнинг ҳиссаларини ҳам таъкидлаш жоиз.

 

Фото манбаси: www.pfcnavbahor.uz

Манба: www.pfcnavbahor.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар