{{ message }}

«Навбаҳор» ва «Бунёдкор» баҳсида ўзига хос акция: Мухлисларга 22 мингта футболка тарқатилади

Бугун, 16 апрель куни Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳнинг анжуманлар залида йиғилиш бўлиб ўтди.

Наманган вилоят ҳокими, Наманган вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулла Бозаров раҳбарлигида ва клубга тегишли бўлган мутасаддилар, жамоа мураббийлар штаби ва футболчилар иштирокида ўтган йиғилишда “Навбаҳор” халқ жамоаси эканлиги, жамоада ғалабага бўлган руҳ кучли бўлиши, футболчилар аҳил бўлишлари ва бир мақсад йўлида бирлашишлари, жорий мавсумда жамоанинг олдига улкан мақсадлар қўйилганлиги, “Навбаҳор” Юртбошимиз ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ҳам қўллаб-қувватланаётганлиги, “Марказий” ўйингоҳнинг томошабинлар сиғимини кенгайтириш ёки Наманганда яна бир янги стадион барпо этиш режаси борлиги таъкидланди.   

Йиғилиш  сўнгида ташкилий масала кўрилди. Шу кунгача “Навбаҳор” директори лавозимида фаолият юритган Акрамжон Дедабаев ўрнига Бахтиёр Бобоев тайинланди. Хайрулла Бозаров “Бунёдкор” жамоасини 5 марта чемпион бўлишида Бахтиёр Бобоевнинг муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлаб, “Навбаҳор”нинг ҳам бу йил чемпион бўлишида унга омад ёр бўлишини тилади. Ўз ўрнида Бахтиёр Мелиевич ҳам сўзга чиқиб, ўзига нисбатан билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдирар экан, жамоанинг олдига қўйилган вазифаларни бажариш учун қўлидан келганича ҳаракат қилишини таъкидлади. 

Шу ўринда клуб томонидан Суперлиганинг навбатдаги тури – “Бунёдкор”га қарши ўйинга алоҳида тайёргарлки кўрилаётганлигини ҳам айтиш жоиз.

Клуб томонидан мухлислар учун қулай имкониялар яратиш, стадионга мухлислар ташрифини янада кўпайтириш мақсадида, қолаверса, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан “Навбаҳор” жамоасининг фидоий, ашаддий футбол  мухлисларига бўлган чексиз ҳурмати ва эътибори сабабли 22 минг дона футболкалар тақдим этилди. 

20 апрель куни соат 18:00 да Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳда Суперлига 7-туридан ўрин олган “Навбаҳор” - “Бунёдкор” жамоалари ўртасида бўлиб ўтадиган учрашувга ташриф буюрган ҳар бир жонкуяр футбол мухлисларга мазкур футболкаларни бепул тарқатиш режалаштирилди. 

“Бунёдкор” клубига қарши кечадиган ўйиндан олдин эл суйган, вилоятнинг таниқли эстрада хонандалари иштирокида шоу концерт дастури ҳам намойиш этилади. 

Манба: www.the-uff.com
Киритиш

Ўхшаш хабарлар