{{ message }}

ОЧЛ. «Насаф» сафарда «Ал Васл»ни мағлуб этди

Бугун “Насаф” бу йилги ОЧЛ гуруҳ босқичининг сўнгги учрашувини сафарда “Ал Васл” жамоасига қарши ўтказди.

Учрашувни “аждарлар” фаоллик билан бошлашди. Дастлабки дақиқаларда гол уриш учун вазиятлар ҳам бўлди.

Вақт ўтиши билан майдон эгалари ташаббусни ўз қўлларига олишди. Футболчиларимиз кўпроқ ҳимояга эътиборини қаратишди. Аммо 33-дақиқада майдон эгаларининг ташкил этган ҳужуми гол билан якунланди. Фабио Лима гол муаллифи бўлди – 1:0.

Ушбу голдан сўнг яна футболчиларимиз фаоллик кўрсатишди. Кўпроқ тўпга эгалик қилишиб, ҳужумлар уюштиришди. 43-дақиқада жамоамиз рақиб жарима майдончаси яқинида стандарт вазиятга эга бўлишди. Лекин Лукичнинг дарвозага тепган тўпи ноаниқ бўлди.

Биринчи бўлимнинг қўшиб берилган дақиқасида, жамоамизнинг ташкил этган ҳужуми ҳам гол билан якунланди. Бунда Дониёр Нарзуллаев тўпни ўнг қанотдан жарима майдончасига ошириб берди. Тўп Шароф Муҳитдиновга келиб тушди. Ярим ҳимоячимиз тўпни тўхтатмасдан дарвозага аниқ йўллади ва тўп дарвоза тўридан жой олди – 1:1. Биринчи бўлим ана шу ҳисобда ниҳоясига етди.

Иккинчи бўлимни жамоамиз кўтаринки кайфиятда бошлашди. 48-дақиқада Азизжон Ғаниев ҳужумчимизни олдинга бошлади. У деярли майдон марказидан тўпни олдинга, Бобир Абдухолиқовга ошириб берди. Ҳужумчимиз тўпни эгаллаб олиб, дарвозага зарба йўллади ва гол – 1:2.

Ҳисобда жамоамиз олдинга ўтиб олгач, яна майдон эгалари ташаббусга эга бўлишди. Мезбонларда 56-дақиқада яхши имконият бўлди. Улар жарима майдончамизнинг чизиғида жарима  тўпи тепиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Бунда ҳимоячимиз Мақсуд Каримов рақиб ўйинчисига нисбатан қоидани бўзган эди. Фабио Лиманинг тўғри дарвозамизга тепган тўпи, тўсинга тегиб қайтди. 76-дақиқада ҳам худди шундай вазият такрорланди.

Қолган дақиқаларда учрашув тенг курашлар остида кечди. Лекин дарвозаларга бошқа гол киритилмади.

Шундай қилиб, “Насаф” ОЧЛ гуруҳ босқичини ғалаба билан якунлади. Бу ғалаба, жамоамизнинг бу йилги ОЧЛ баҳсларидаги, биринчи сўнгги сафардаги ғалабаси сифатида қайд этиладиган бўлди. Қўлга киритилган 10 очко ҳам кейинги босқичга чиқишга камлик қилди. “Аждарлар” бу йил, олдинги йиллардагига нисбатан ОЧЛда яхши кўрсаткичга эришди.

ОЧЛ-2018. “С” гуруҳи, 6-тур

“Ал Васл” (БАА) – “Насаф” (Ўзбекистон) 1:2 (1:1)

16.04.2018. “Ал Васл” стадиони. 20:00

Голлар: Фабио Лима, 33’-1:0 – Шароф Муҳитдинов, 45+1’-1:1, Бобир Абдухолиқов, 48’-1:2

“Ал Васл”: 12.Юсуф Абдулла, 2.Али Алсиқитри, 4.Абдулла Жассим, 10.Фабио Лима (с),  15.Абдулла Ал Нақби (8.Энтони Касерес, 52), 20.Фариз Халил (44.Салим Жума Алазизи, 76) 22.Муҳаммад Ҳасан (17.Роналдо Мендес, 72), 24.Ҳамад Ал Болуши, 48.Али Аланссар, 78.Халил Хамис, 99.Али Солиҳ. 

“Насаф”: 35.Санжар Қувватов, 4.Мақсуд Каримов (с), 6.Азизжон Ғаниев, 7.Одилжон Ҳамробеков (38.Акмал Мозговой, 83), 10.Бобир Абдухолиқов (21.Жаҳонгир Алиев, 71), 14.Шароф Муҳитдинов, 17.Дониёр Нарзуллаев (5.Ғолиб Ғайбуллаев, 70), 20.Ислом Кенжабоев, 22.Игорь Голбан, 55.Славко Лукич, 77.Жасур Ҳасанов.

Огоҳлантириш:  Али Алсиқитри  (62) - Мақсуд Каримов (56)

Манба: www.fcnasaf.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар