{{ message }}

Суперлига 10-турида стадионларда ҳақиқий футбол байрамлари ташкил этилади

Суперлига учрашувлари тобора қизғин тус олмоқда. Жамоалар ҳар бир ўйинда ғалаба учун астойидил курашишмоқда, бу эса учрашувларни томоша қилиш учун стадионларга ташриф буюраётган мухлисларга ҳам катта завқ бағишлаяпти.

Ўз ўрнида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси раҳбарияти стадионларга янада кўпроқ футбол мухлисларини жалб қилиш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишмоқда.

Суперлиганинг 10-тури ўзига хос кичик юбилей тур ҳисобланади. Мана шу турда стадионларда ҳақиқий футбол байрами ташкил қилиш, мухлисларга янада кўпроқ қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор қизиқарли янгиликлар йўлга қўйилади.

Жумладан, 10-турда ўйинлар бўлиб ўтадиган 6та стадионнинг ҳар бирида ўйинни томоша қилиш учун келган мухлисларга Суперлига титул ҳомийси “PEPSI” компанияси томонидан бепул салқин ичимликлар тарқатилади.

10-тур ўйинлари олдидан стадионларда эстрадамиз юлдузлари иштирокида қизиқарли шоу-дастурлар намойиш қилинади.

Шунингдек, стадионларга оилавий ташриф буюрадиган мухлислар ва жажжи болакайлар учун бир қатор қизиқарли аттракционлар, турли совринли ўйинлар ташкил қилинади. Стадионларда велосипед ва роликлар ижараси йўлга қўйилиб, ўйин бошлангунга қадар мухлислар улардан фойдаланишлари мумкин бўлади.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан 10-турнинг ҳар бир ўйинига 2 мингтадан чипталар бепул мухлисларга тарқатилади.

Суперлига учрашувларини томоша қилиш учун стадионларга келган мухлислар шу куни мазза қилиб ҳордиқ чиқаришлари, вақтлари чоғ ўтказиб, қизиқарли курашларга бой чемпионат ўйинларини томоша қилиш имкониятига эга бўлишади.

Суперлига учрашувларини томоша қилиш учун стадионларга ташриф буюринг ва ўзингизни севимли жамоангизни қўллаб-қувватланг!

Манба: www.the-uff.com
Киритиш

Ўхшаш хабарлар