{{ message }}

Лушан - Тўхтасиновга: Қандай қилиб энг яхши ўйинчи бўлдинг? Комиссар қариндошингми?

Суперлиганинг 7-турида Жиззахнинг "Сўғдиёна" клуби сафарда Тошкентнинг "Локомотив" клубига қарши майдонга тушди ва 0:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Жиззахликлар таркибида учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида Нурулло Тўхтасинов тан олинди. Ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида "Сўғдиёна" бош мураббийи Сергей Лушан ва футболчи ўртасида қизиқ мулоқот бўлиб ўтди.

- Учрашув ҳақида икки хил таассурот қолди. Бир томондан биз яхши ўйин намойиш эта олмадик, аммо бошқа томондан жамоа имкон қадар ҳаракат қилганини ҳам кўриш мумкин. Агар ўйин охирида юзага келган иккита вазиятдан фойдалана олганимизда... - мураббий шу гапни айтаркан, тўхтаб қолди ва журналистларга савол билан мурожаат қилди. - Ўзи учрашувнинг энг яхши футболчисини ким аниқлайди, журналистларми?

- Учрашув комиссари! - дея жавоб қайтарди матбуот анжуманини олиб бораётган "Локомотив" матбуот котиби Зохир Акромхонов.

- Тушунарли, - дея Лушан энди Нурулло Тўхтасиновга юзланди. - Қандай қилиб учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлдинг? Ё комиссар қариндошингми?

Нурулло Тўхтасинов бу гапга индамади ва жавобсиз қолдирди. У ўйин охирида юзага келган вазиятлардан бирида гол ура олмаган эди. Шу боис ҳам Сергей Лушан унга шундай муносабат билдирган бўлиши мумкин. Ўз навбатида матбуот анжуманида иштирок этаётган журналистлар вазиятга охиригача ойдинлик киритишни исташди ва Лушанга савол билан мурожаат қилишди.

- Нурулло Тўхтасиновнинг энг яхши футболчи бўлганига эътирозингиз бор шекилли. У ҳолда сизнингча учрашувнинг энг яхши ўйинчиси ким?

Бу саволга энди Сергей Лушан буткул бошқача жавоб қайтарди.

- Мен ҳазиллашдим ҳолос! Албатта Нурулло Тўхтасинов энг яхши футболчи бўлганига эътирозим йўқ. Мен учун ҳар бир футболчим энг яхши ўйинчи ва уларни жуда қадрлайман! - деди Лушан.

Эслатиб ўтамиз, Суперлига 7-турида кечган "Локомотив" - "Сўғдиёна" (2:0) ўйинида ПФЛ вакили Лазиз Қўчқоров комиссарлик қилган эди.

Манба: www.uff.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар