Хабарингиз бор, 29 апрель – 2 май кунлари Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионати баҳслари ташкил қилинди. Унда III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларига ҳам йўлланмалар берилгани ҳақида хабар қилинганди. Мазкур беллашувларда ҳамюртларимиз муваффақиятли иштирок этишди.

Екатерина Фетисова кўпкураш якунларига кўра олтин медални қўлга киритиб, Буэнос-Айрес йўлланмасига эга чиқди. Ана шу тариқа гимнастикачиларимиз спортнинг ушбу турида учта йўналиши – спорт акробатикаси, спорт гимнастикаси ва бадиий гимнастика бўйича ўсмирлар Олимпия ўйинлари йўлланмасига эга бўлишди. Трамполин бўйича лицензион мусобақа – Осиё чемпионати 17-21 май кунлари Филиппин давлатида бўлиб ўтади. Ишонамизки, ушбу йўналишда ҳам спортчиларимиз Буэнос-Айресга йўлланма қўлга киритиб, барчамизни ҳурсанд қилишади.

Куала-Лумпурдаги Осиё чемпионатида бадиий гимнастикачиларимиз қайд этган натижалар:

Ўсмир-қизлар:

Жамоавий кўпкураш – кумуш
Яккалик кўпкураш – олтин (Фетисова Е.), кумуш (Зокирова Л.)
Ҳалқа билан машқлар – кумуш (Зокирова Л.)
Булава билан машқлар – кумуш (Фетисова Е.)
Тасма билан машқлар – олтин (Фетисова Е.), кумуш (Зокирова Л.)
Ўсмирлар Олимпия ўйинларига лицензия (Фетисова Е.)

Шунингдек, катталар ўртасидаги мусобақада ҳам бир қатор спортчиларимиз совринли ўринларни қўлга киритишди:

Жамоавий кўпкураш – олтин
Яккалик кўпкураш – кумуш (Ташкенбаева С.), бронза (Усмонова Н.)
Ҳалқа билан машқлар – олтин (Усмонова Н.)
Копток билан машқлар – бронза (Усмонова Н.)
Булава билан машқлар – олтин (Ташкенбаева С.), кумуш (Усмонова Н.)

Қувонарлиси, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё чемпионатида медаллар жамғариш бўйича умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Ёш спотчиларимиз эса бу борада иккинчи бўлишди. Терма жамоамиз аъзолари бугун юртимизга қайтиб келишади.

Миллий олимпия қўмитаси Ўзбекистон гимнастика федерацияси, мураббийлар штаби ва албатта спортчиларни Малайзиядаги муваффақиятли иштирок билан табриклайди ва навбатдаги муҳим мусобақаларда омад ва зафарлар тилайди.