{{ message }}

Осиё Кубоги-2019 тақвими таҳлили: Ўзбекистон гуруҳдан чиқса, қайси термаларга дуч келади?

Хабарингиз бор келаси йилнинг январ ойида БАА мамлакатида Осиё Кубоги мусобақаси бўлиб ўтади. 4 май куни ушбу мусобақанинг финал босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.

Унга кўра терма жамоамиз “F” гуруҳидан жой олди ва у ерда Япония, Уммон ва Туркманистон термалари билан баҳс олиб боради. ОК-2019 матбуот хизмати ушбу мусобақа тақвимини эълон қилди.

 

 

Унга кўра турнирни 5 январ куни БАА ва Баҳраин терма жамоалари ўртасидаги ўйин очиб беради. Ҳамюртларимиз 9 январдан баҳсга киришадилар, шу куни Ўзбекистон Шаржада Уммон билан ўйнайди. Орадан уч кун ўтиб Дубайдаги “Рашид Стадиум”да Туркманистон термасига қарши ўйин ўтказамиз. 17 январ куни эса Японияга қарши ҳал қилувчи учрашув бўлиб ўтади.

Гуруҳ босқичи якунлангач ҳар бир гуруҳда бир ва иккинчи ўринни қўлга киритган терма жамоалар нимчорак финалга тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритадилар, бундан ташқари энг яхши натижа қайд эган 4та учинчи ўрин эгаси ҳам плей-офф йўланмасини қўлга киритади.

Келинг энди, тақвимга асосланиб тахминан рўй бериши мумкин бўлган воқеаларга тўхталиб ўтамиз. Ўзбекистон катта эҳтимол билан гуруҳ масаласини ҳал қилади... Ундан кейинчи?

Биринчи тахмин: гуруҳни 2-ўринда якунлаш. Жараёнга реал кўз билан қарасак бу тахмин катта эҳтимол билан рўй беради. Агар 2-ўринни олиб кейинги босқичга чиқадиган бўлсак, бизни “В” гуруҳининг 2-жамоаси билан баҳс кутиб туради.

“В” гуруҳи: Австралия, Сурия, Фаластин ва Иордания.

Бир қарашда иккинчи ўринни Сурия қўлга киритадигандек кўриниши мумкин, аммо сурияликлар сўнгги пайтда гранд термаларга ҳақиқий “бош оғриғи” бўлаётганини унутмаслик лозим. Бунинг устига, Австралиянинг сўнгги йиллардаги беқарор ўйинини ҳисобга олсак, айнан “яшил қитъа” вакиллари бизга рўбаро келиб қолишлари ҳам мумкин. Шунингдек, Иордания термасини ҳам ҳисобдан чиқариш ярамайди. Нима бўлган тақдирда ҳам агар иккинчи ўринни олгудек бўлсак, бизга осон рақиб йўлмаслиги аниқ!

Иккинчи тахмин: гуруҳни биринчи ўринда якунлаш!? Бир қарашда бу жуда қийин масала, аммо японлар ҳам одам, уларни ҳам енгиш мумкин... Аммо шундай гуруҳга тушганмизки, хатто биринчи ўрин ҳам плей-оффда осон рақибни ваъда қилолмайди. Бизнинг гуруҳ пешқадами “Е” гуруҳининг иккинчи поғонасидаги жамоа билан тўқнаш келади.

“Е” гуруҳи: Саудия Арабистони, Қатар, Ливан, КХДР.

Ушбу гуруҳда яққол фаворитни ажратиш қийин, худди шунингдек, иккинчи ўрин эгасини ҳам. Қатар ёки КХДР бўлсаку, майли бу жамоаларга қарши ўйинларда яхши кўрсаткичларга эгамиз, бироқ саудларга дуч келиб қолсакчи? У пайтга келиб қандай бўлади билмадим, аммо Саудия Арабистони ҳозирда ЖЧ-2018 мусобақасининг энг кучсиз жамоаси дея эътироф этилаётган бўлсада, сўнгги йилларда сезиларли ўсишга эриша олди.

Учинчи тахмин: гуруҳда учинчи ўринни оламиз ва энг яхши натижа қайд этган 4та жамоа сафига қўшиламиз. Агар шундай бўлиб қоладиган бўлса, унда ҳолимизга вой бўлиши тайин, чунки “С” ёки ”D” гуруҳининг 1-ўрин эгаси билан курашишимизга тўғри келади.

“С” гуруҳи: Жанубий Корея, Хитой, Қирғизистон, Филиппин.
“D” гуруҳи: Эрон, Ироқ, Вьетнам, Яман.

Бундай ҳолат юз берадиган бўлса, биз учун энг “омадли” рақиб Хитой бўлиши мумкин холос, қолган термалар (Ж.Корея, Эрон, Ироқ) эса биз учун анча ноқулай рақиб ҳисобланишади.

 

Кўриб турганингиздек, ҳар қайси ҳолатларда Ўзбекистон терма жамоаси учун осон бўлмайди, шу сабаб омад ва рақибларга қараб эмас, фақат ўз кучимизга ишониб ҳаракат қилишимиз зарур. Юқоридагиларга тўртинчи тахминни ҳам қўшиш мумкин, бироқ, ҳатто учига чиққан пессимист мухлислар ҳам гуруҳда қолиб кетишимизни тахмин қилмаётгани аниқ, бўлса керак.

Хўш нимчорак масаласини ҳам ҳал қилдик дейлик, кейин нималар бўлиши мумкин?

Агар биринчи тахмин билан кейинги босқичга чиқиб, у ердаги синовдан ҳам ўта олсак, у ҳолда рақиб катта эҳтимол билан мезбонлар БАА терма жамоаси бўлади. Чунки мезбонлар “А” гуруҳида яққол фаворит бўлиб туришибди, бунинг устига “А” гуруҳи ғолиби кейинги босқичда бирорта 3-ўрин эгаси билан ўйнайди.

Агар иккинчи тахмин билан кейинги босқичга чиқсак ва у ердан ўтсак. Катта эҳтимол билан “В” гуруҳи ғолиби билан ўйнаймиз, бу Австралия ёки Сурия бўлиши мумкин. Чунки ушбу гуруҳ ғолиби нимчорак финалда 3-ўринни олган термалар билан ўйнайди.

Учинчи тахмин билан: Бу ерда бирор тахмин билдириш қийин.

Хулоса

Бундан кўриниб турибдики, агар гуруҳдан чиқиб олсак нимчорак финал биз учун оғирроқ ўтиши мумкин, чунки бизга 3-ўринни эгаллаган “омадли” жамоалар тўғри келмаслиги аниқ (нимчорак финалда). Юқоридагилардан хулоса қилиб айтсак, биз учун энг қулайи гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаш ва катта эҳтимол билан шундай бўлса ҳам керак...

Нима бўлган тақдирда ҳам, плей-офф масаласи қандай ҳал қилиниши ёки қайси терма жамоага қарши ўйнашнинг унчалик катта аҳамияти йўқ. Юқори мақсадни олдига қўйган жамоа ҳар қайси рақибни енгишга тайёр бўлмоғи лозим. Умид қиламизки, ҳамюртларимиз ушбу мусобақа орқали Ўзбек футболида янги саҳифа оча оладилар.

 

Хамидхонов Нодирхон

Манба: www.uff.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар