Хабарингиз бор, Тошкент шаҳрида RADOCA (Марказий Осиё минтақавий антидопинг ташкилоти)нинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Шу муносабат билан Мўғулистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти Загдсурен Демчигджав ҳам айни пайтда юртимизда меҳмон бўлиб турибди. Мартабали меҳмон бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида ҳам ташриф буюрди ва ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. МОҚда Загдсурен Демчигджавни Бош котиб Жасур Матчанов кутиб олди.

Учрашув давомида Мўғулистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти Ўзбекистонда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бу борада йўлга қўйилган тизимдан ўрганадиган жиҳатлар кўп эканлигини таъкидлаб ўтди.

«Қабул учун қимматли вақтингизни ажратганингизга миннатдорчилик билдираман. Айни пайтда ўзбек спортида улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганидан ва бу ўз навбатида давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганидан хабаримиз бор. Сизга маълумки, Мўғулистонда спорт курашлари, бокс ва дзюдо спорт турлари ривожланган. Аммо, барибир Олимпия ўйинларида Ўзбекистоннинг қайд этган натижаларига ҳавас қиламиз. Олимпия ҳаракати ривожи йўлида сиз билан ҳамкорлик қилишни истаймиз. Спорт соҳасида Ўзбекистондан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп. Яқиндан ҳамкорлик қилиш, алоқаларни мустаҳкамлаш биз учун катта шараф бўлган бўларди», – Мўғулистон МОҚ раҳбари.

Шунингдек, меҳмон Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вакилларини Улан-Батор шаҳрига таклиф қилди ва ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида меморандум имзолаш истаги бор эканлигини маълум қилди.

Ўз навбатида Жасур Матчанов меҳмонга юртимизда давлат томонидан спортга қаратилаётган эътибор, шарт-шароитлар, спортни янада ривожлантириш йўлида ишлаб чиқилган стратегия ҳақида гапириб берди.

«Ўзбекистонда спорт соҳаси тубдан ислоҳ қилинмоқда. Аҳолини қизиқтириш учун спортга оид ҳар бир тадбирни байрамдек ўтишини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Спортни нафақат пойтахтда, балки, вилоятларда ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратганмиз. Айни пайтда янги номларни кашф этиш ва иқтидорли спортчиларни саралаб олиш мақсадида жамоавий беллашувлар ҳам ташкил этилган. Бу борада тузган режаларимиз ва стратегиямиз ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Лойиҳаларни амалга оширишда бу муҳим омил ҳисобланади. Биз меҳмонларни қабул қилишдан доимо хурсанд бўламиз ва ҳамкорлик қилиш учун доим тайёрмиз», – деди Жасур Матчанов.

Учрашув якунида Жасур Матчанов анъанага мувофиқ Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси номидан жаноб Загдсурен Демчигджавга эсдалик совғасини тақдим этди.

Сўнгра томонлар МОҚ биносидаги музейни томоша қилишди. Жасур Матчанов меҳмонга музейда сақланаётган турли экспонатларни кўрсатди, уларнинг тарихи ҳақида гапириб берди. Бу ҳам Загдсурен Демчигджавда илиқ таассурот қолдирди.