{{ message }}

Умид Аҳмаджонов япониялик малакали спорт шифокорларини Ўзбекистонга олиб келади

Хабар бериб ўтганимиздек, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов айни пайтда Японияда бўлиб турибди. МОҚ раҳбарининг кунчиқар юртга ташрифи самарали давом этмоқда. Бугун у 2020 йилги Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинларини ўтказиш бўйича ташкилий қўмитаси ва мамлакат спорт ассоциацияси вице-президенти, Япония Парламентидаги вакиллар Палатаси аъзоси Тошиаки Эндо билан кўришгани ҳақида хабар бериб ўтгандик.

Куннинг иккинчи ярмида эса Умид Аҳмаджонов нафақат Япония, балки жаҳонда ўзига хос обрў-эътиборга эга тиббиёт фанлари доктори, профессор, спорт тиббиёти тадқиқот маркази доценти, Япония соғлиқни сақлаш бошқармаси спорт тиббиёти кафедраси мудири Хироюки Ишида билан учрашди. Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонда спорт тиббиётини ривожлантириш, малакали мутахассислар тайёрлаш, ўзаро тажриба алмашиш масалаларида келишувга эришдилар.

Хабарингиз бор, Миллий олимпия қўмитаси ҳузурида жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ҳам фаолият олиб боради. Умид Аҳмаджонов япониялик шифокорларни юртимизга таклиф қилди. Ушбу таклифга жавобан Хироюки Ишида бошчилигидаги шифокорлар 27 июль – 2 август кунлари пойтахтимизга ташриф буюриб, ўзбекистонлик ҳамкасбларига мастер-класс ва семинарлар ўтказиб бериш истагини билдирдилар. Унда япон мутахассислари тиббиёт маркази фаолиятини самарали ташкил этиш, спортчиларга тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни тўғри овқатлантириш, ўз вақтида керакли витаминлар билан таъминлаш каби масалалар юзасидан ўз тавсияларини берадилар.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, мамлакатда спорт ривожи йўлида спорт тиббиёти муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Демак, ушбу келишув мамлакат спорти тараққиётини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

Манба: www.olympic.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар