{{ message }}

Кениялик журналист Робин Костин: Ўзбекистонда икки-учта иқтидорли ёшлар бор экан

Айни пайтда "Лужники" стадионининг Медиа-марказида иш қизимоқда. Деярли бўш ўринлар қолмаган ва ҳамма ўз иши билан банд.

Мен ҳам шу жумладан Тошкент билан алоқада бўп турибман. Керакли материалларни сайтимиз ходимларига юборяпман. Ёнимга Африка вакили бўлган бир журналист келиб мени саволга тутди.

Ушбу қисқа суҳбатни эътиборингиз ҳавола этаман, зеро унда ўзбек футболи ҳақида оз бўлса ҳам сўз кетган.

- Мистер Ак-ба-рооов? Сиз Ўзбекистонданмисиз? (у аввал мени аккредитациямни ўқиб олди ва кимлигимни, қаерданлигимни билгач, саволга тутди)
- Эшитаман сизни. Сиз ўзингиз ... мистер Костин (мен ҳам унинг ташриф қоғозига қараб...) Ҳа Ўзбекистонданман.

- Эслайсизми, 23 ёшли футболчиларимиз сизнинг давлат ёшлари билан тўп сурди?
- Албатта, март ойида иккита ўйин ўтказдик. Хабарингиз борми? Бир ғалаба ва бир мағлубият қайд этдик.

- Ўша ўйинлардан хабарим бор. Мен уни юртим учун ёритгандим. Сизнинг термангизда икки-учта яхши футболчиларни кўрдим.
- Эслай оласизми, кимлар эди?

- (у дарҳол компьютерини титиб кетди ва Азизжон Ғаниев ва Бобур Абдухолиқовларни кўрсатди) Мана шу йигитлар ...
- Улар насиб қилса бизнинг келажак. Агар кўпчилик ўзбекистонлик иқтидорлар каби уларни йўқотиб қўймасак, Қатар-2022 мусобақасига чиқиб қолишимиз мумкин... Бизда ўсиб келаётганларни тез юлдуз қилиб, натижада йўқотиб қўядиган одатимиз бор.

- Ўзбек футболи ҳақида мен анча материал тайёрлагандим. Миллий термангизнинг драматик ўйинларидан хабарим бўлди. 
- Биз охирги икки мундиалга ҳам жуда яқин келгандик. (шу жойида мавзуни чўзмасликка қарор қилдим, ўзингиз яхши бласиз сабабини). Бугунги ўйин ҳақида нима дея оласиз? Кимда имкон кўп?

- Менимча Россия термаси Саудия Арабистонига имкон қолдирмаса керак. Араблар иккинчи рақам остида тўп суришади.
- Балки, гапингиз ҳақ бўлиб чиқар. Аммо, араблар ҳам охиригача ташашади чамамда. Мусобақа фаворити сифатида кимларни айта оласиз?

- Сўзсиз Бразилия ва Германия. Агар испанларда мураббий алмашмаганидан улар ҳам финалгача етиб боришарди.
- Бразилия ҳақидаги гапингизга қўшиламан. Мен сиздан бир нарса сўрамоқчиман. Умуман африкаликлардан шу нарсани сўрашни анчадан бери кўнглимга тугиб юрардим. Қандай қилиб Африка давлатларидан дунё даражасидаги кучли футболчилар етишиб чиқмоқда? Мен иқтисодий вазиятдан келиб чиқиб сўраяпман.

- Биласизми, бизда футбол - оила боқиш ва яхши яшаш учун асосий калит ҳисобланади. Агар билсангиз бизнинг марафончилар ҳам дунёда етакчи. Улар ҳам шу югуриш ортидан кун ўтказишади. Бизда умуман спортга муносабат бошқача. Бизда спортни ҳурмат қилишади ва унга тирикчилик ўтказиш манбаси сифатида қарашади.
- Ҳа, гапингиз тўғри. Яхши спортчини ўз касби орқали бемалол оила боқа олади. Ишларизга омад!

- Соғ бўлинг сиз ҳам!

Манба: www.uff.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар