{{ message }}

Эктор Купер ўзбек футболи билан яқиндан танишишни бошлади

Кеча Миллий олимпия қўмитасининг анжуманлар залида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи Эктор Купер билан матбуот анжумани ташкил қилинганидан футбол мухлисларининг хабарлари бор. Матбуот анжумани ниҳоясига етиши биланоқ Эктор Купер ўзбек футболи билан яқиндан танишишни бошлаб юборди.

Эктор Купернинг дастлабки ташрифи “Бунёдкор” футбол академиясига уюштирилди. У ерда мутахассис футболчиларга яратилган шарт-шароитлар, машғулот заллари, футбол майдонлари, болалар истиқомат қиладиган ётоқхоналар билан танишди. Ижобий тарафлари ва камчиликлар ҳақида ўз фикр ва маслаҳатларини бериб ўтди.

Шундан сўнг Эктор Купер “Миллий” стадионига ташриф буюрди. Стадионни кўздан кечириб, ўзбек футболи тарихи музейини айланди. “Миллий” стадионга уюштирилган ташриф сўнггида фахрий меҳмонлар китобига ўз фикрларини ёзиб қолдирди.

“Миллий” стадиондан чиққач Эктор Купер Тошкент темирйўл муҳандислари институти ҳудудида жойлашган “Ўзбекистон темир йўллари спорт стадиони”га борди. У ерда Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг машғулотини кузатди. Мураббий ва футболчилар билан танишиб, улар билан суҳбатлашди. Машғулот охирида Равшан Ҳайдаров ва унинг жамоасига Индонезияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида омад тилади.




Манба: www.ufa.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар