{{ message }}

«Шоҳсупа сари йўл». Денис Истомин ўз тажрибасига ишонади

Индонезиядаги XVIII Осиё ўйинларига оз фурсат қолмоқда. Миллий олимпия қўмитаси Матбуот ва Медиа департаменти ушбу нуфузли мусобақада иштирок этадиган спортчиларимиз билан суҳбат уюштиришда давом этади. Шу кунгача бир қатор етакчи спортчиларимиз саволларимизга жавоб қайтаришди. Бугун ўзбек тенниси юлдузи, мамлакатимизнинг биринчи ракеткаси Денис Истомин меҳмонимиз бўлади.

Тўрт ёшимдаёқ қўлимда ракетка ушлардим

Онам сабабли теннис ўйнашни бошлаганман. Улар менинг биринчи мураббийим ҳисобланадилар. Тўрт ёшимдаёқ қўлимга теннис ракеткасини ушлаб, спортнинг ушбу турига меҳр қўйганман. Шу тариқа профессионал теннисчига айландим.

Овқатланиш ҳақида

Овқатланиш тартибим оддий. Ўзимдан овқатларни қизғаниб ўтирмайман. Ўйинлар олдидан кўпроқ табиий маҳсулотлардан тайёрлаган енгил таомлар истеъмол қиламан. Пицца ва бошқа фаст-фудларини имкон қадар четлаб ўтишга ҳаракат қиламан.

Федерер ҳақида

Кумирлар ҳақида гапирадиган бўлсак, Рожер Федерерни қайд этиб ўтган бўлардим. Унинг кортда ва корт ташқарисидаги ҳаракатлари менда илиқ таассурот қолдиради. Федерернинг спортдаги фаолияти ниҳоятда ёрқин. Шунингдек, ёшига қарамай ўзини яхши спорт формасида ушлаб туради ва муваффақиятларга эриша олади.

Мағлубиятлардан қўрқмаслик лозим

Бунинг учун биринчи навбатда ўз мақсадинг сари тўхтамасдан интилиш лозим. Мағлубиятлардан қўрқмай, ғалабага бутун вужудинг билан ҳаракат қилиш керак.

Осиё ўйинларида тажрибасига ишонади

Профессионал фаолиятимни Осиё ўйинлари чемпиони сифатида якунлашни истардим. Бу осон бўлмаслигини жуда яхши биламан. Аҳир, ёш, жисмонан бақувват ва техник томонлама кучли теннисчилар етарли. Ўзим ҳақимда гапирадиган бўлсам, ўйинлар давомида тажрибамга ишонаман.

Манба: olympic.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар