{{ message }}

«Дэвис кубоги». Буюк Британия - Ўзбекистон 1:1. Бугун жуфтлик баҳслари ўтказилади

«Дэвис кубоги»да жаҳон лигасига чиқиш учун плей-офф баҳслари бошланди.

Ушбу босқичда Петр Лебедь бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси Буюк Британия терма жамоасига қарши кураш олиб бормоқда. Тўқнашувнинг дастлабки кунида яккалик баҳсларида иккита ўйин ўтказилди.

Дастлабки ўйинда Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин мезбонларнинг учинчи рақамли теннисчиси Даниэль Эвансга қарши кортга чиқди. 4 соат 11 дақиқа давом этган ўйинда афсуски Денис 6:7, 6:4, 6:0, 4:6, 5:7 ҳисобларида имкониятни бой бериб қўйди.

Иккинчи учрашувда эса Жўрабек Каримов британияликлар таркибидаги биринчи рақамли теннисчи Камерон Норрига қарши ўйин ўтказди. 3 соат 45 дақиқа давом этган баҳсда Жўрабек сенсацион тарзда 0:6, 5:7, 7:6, 6:2, 6:2 ҳисобларида ғалаба қозонди.

Шу тариқа Буюк Британия ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги ўйинларнинг биринчи кунидан сўнг ҳисоб 1:1 кўринишини олган.

Бугун жуфтлик баҳслари ўтказилади. Унда Денис Истомин ва Санжар Файзиев мезбонлар вакиллари Доминик Инглот/Жейми Маррей тандемига қарши кортга чиқадилар. Яна иккита яккалик учрашувлари эртага бўлиб ўтади.

 

Манба: www.olympic.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар