{{ message }}

Осиё Кубоги-2019 мусобақасида VAR тизими қўлланилиши мумкин

Осиё Футбол Конфедерацияси БААда бўлиб ўтадиган 2019 йилги Осиё кубогида видеотакрорлар тизими – VAR технологиясидан фойдаланишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтига таяниб Tribuna.uz хабар қилмоқда.

«ФИФА ва Халқаро Футбол Ассоциацияси Кенгашининг тасдиғидан ўтгач, шунингдек, ОФК Мусобақалар ва Ҳакамлар департаментлари билан маслаҳатлашувлардан сўнг ОФК Ижроия Қўмитаси VAR тизимини БАА-2019 Осиё кубоги мусобақасига жорий этишни маъқуллади», - дейилади хабарда.

ОФК Президенти шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифанинг маълум қилишича, технологиядан мусобақанинг барча босқичларида фойдаланилмаслиги мумкин.

«ОФКнинг БААда бўлиб ўтадиган энг муҳим мусобақаси – Осиё кубогининг маълум бир босқичидан VAR тизимини татбиқ этишни режалаштирмоқдамиз», - деб айтган Осиё футболи раҳбари.

«VAR`ни илк марта Россияда бўлиб ўтган ЖЧ-2018 мусобақасида кўрдик ва шу нарса аён бўлдики, тизим самарали ишлаши ва футбол ўйини учун ижобий қўшимча янгилик бўлиши учун мутахассисларни тайёрлаш ва жиҳозлаш ишларига инвестиция йўналтириш кенг кўламли ишларни амалга оширишни таққозо этади», - дея қўшимча қилган ОФК президенти.

«ФИФА ва ХФАК бизни қўллаб-қувватлагани боис улардан миннатдормиз. Мен Маъмуриятдан Осиё кубогини яна муваффақиятли ўтказиш учун VAR`ни жорий этиш бўйича логистик масалалар ва амалий келишувни ҳал этишни сўрадим», - деб айтган шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа.

Маълум қилинишича, бугун, 27 сентябрь куни Осиё кубогида иштирок этувчи жами 24 та жамоа вакиллари мусобақанинг ташкилий масалаларини муҳокама қилиш учун Абу Дабида йиғилган.

ОК-2019 мусобақаси кейинги йил 5 январидан 1 февралигача давом этади. Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ босқичида Япония, Уммон ва Туркманистон термалари билан куч синашади.

Манба: tribuna.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар