{{ message }}

Ўсмирлар Олимпия ўйинлари. 206 мамлакат ичида 13-ўринни эгалладик!

Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари ниҳоясига етди. Бугун мусобақанинг сўнгги кун баҳслари ўтказилди. Ўйинлар якунига кўра ўзбекистонлик ёш спортчилар томонидан умумий ҳисобда 16 та медаль қўлга киритилди. Уларнинг 5 таси олтин, 4 таси кумуш ва 7 та бронза медалларидир.

Ўзбекистонлик совриндор спортчилар рўйхати:

Олтин:

Жайҳунбек Назаров (дзюдо, микст)

Кумушхон Файзуллаева (оғир атлетика)

Гулбаҳор Файзиева (байдарка ва каноэда эшкак эшиш)

Умиджон Жалолов (эркин кураш)

Абдумалик Халаков (бокс)

Кумуш:

Улуғбек Рашитов (таэквондо)

Муҳаммадқодир Тоштемиров (оғир атлетика)

Ислом Абдусаломов (байдарка ва каноэда эшкак эшиш)

Шоҳида Аҳмедова (спорт курашлари)

Бронза:

Нилуфар Ермагамбетова (дзюдо)

Индира Ўлмасова (гимнастика, микст).

Долера Давронова (оғир атлетика)

Муҳаммадрасул Раҳимов (эркин кураш)

Жаҳонгир Раҳмонов (бокс)

Дилдора Алиқулова (каратэ)

Тимур Мержанов (бокс).

Маълумот учун, ушбу Олимпия ўйинларида спортчиларимиз янги йўналишларда ҳам медалларга сазовор бўла олдилар. Жумладан, бунгача Ўзбекистон ўсмирлар Олимпиадасида оғир атлетика бўйича хеч қачон олтин медаль қўлга киритмаганди. Шунингдек, қизларимиз ҳам спорт курашлари бўйича медалларга эга чиқишмаган. Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича ҳам аввалги Олимпия ўйинларида медаллар олмагандик. Бу сафар эшкак эшувчиларимиз олтин ва кумуш медалларга эга чиқишди.

Ўйинлар давомида спортчиларимиз 16 та медаль қўлга киритишди. Таққослаш учун, 2014 йилги ўсмирлар Олимпиадасида ҳамюртларимиз 10 та медалга эга чиққандилар ва якунда медаллар сифати бўйича 27-ўринни эгаллашганди. Гувоҳи бўлганимиздек, бу сафарги ўйинларда терма жамоамиз ўз позициясини янада яхшилади ва жаҳоннинг 206 мамлакати ичида 13-ўриндан жой олди. Бу орқали Ўзбекистон ўсмирлар Олимпия ўйинларидаги ўз рекордини янгилади.

Бу борада биз Осиёда бешинчи, МДҲда учинчи, Марказий Осиё давлатлари ичида биринчи бўла олдик. Қўшни мамлакатлар ичида энг яқин таъқибчимиз Қозоғистон терма жамоаси 10 та медаль билан (4 та олтин, 3 та кумуш, 3 та бронза) 15-ўриндан жой олди. Қирғизистон эса 3 та медаль (2 та кумуш, 1 та бронза) билан 69-поғонадан ўрин олди. 1 та бронза медалини қўлга киритган Афғонистон вакиллари 90-ўринни эгаллашди. Яна икки қўшнимиз Тожикистон ва Туркманистон терма жамоаси вакиллари медаллар қўлга кирита олишмади.

 

Манба: www.olympic.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар