{{ message }}

Андрей Шевченко: «ЕВРО-2020га бормасак бўлмайди…»

Украина мустақиллик даври, яъни охирги 27 йил давомида нохуш ва аламли воқеалар баробарида бир қатор қувончли лаҳзаларни ҳам туйди, албатта. Мамлакат халқига айниқса, футбол соҳасида қайд этилган ютуқлар хуш ёққани аниқ. Дейлик, Украина миллий жамоаси 2006 йили Германия мезбонлигида ўтган жаҳон чемпионатида дебютант сифатида иштирок этганига қарамай, якунда чорак финалга чиқиб, дунёнинг энг кучли 8та термаси сафидан жой олди. Бироқ «сариқ-кўклар» кейинчалик ишончни тўла оқлай олишгани йўқ.

Тўғри, жамоа мундиалда муносиб натижа қайд этганидан кейин яна 2та йирик турнир (Евро-2012 ва Евро-2016) финал босқичида қатнашди, аммо Европа биринчилигидаги курашни ҳар сафар гуруҳ раундидаёқ тўхтатишдан ўзга чора тополмади.

Ваҳоланки, Шарқий Европа мамлакати футболида ҳамиша алоҳида иқтидорлар кўзга ташланишган. Мисол учун, Анатолий Тимошук, Андрей Воронин, Андрей Шевченко ва Сергей Ребров каби футболчилар Европанинг энг сара клубларида тўп суришган, доимий тарзда жамоатчилик эътиборида туришган.

Ушбу юлдузлар бирин-кетин бутсаларини михга илишгач, кўпчилик Украина футболида пасайиш кузатилишини баралла тахмин қилди. Лекин тахминлар ҳам, хавотирлар ҳам ўз йўлига, муҳими, мамлакат футболида янги-янги иқтидорлар бош кўтаришмоқда.

Хусусан, 2016 йили миллий жамоага украиналиклар фахри Андрей Шевченко бош мураббий этиб тайинлангач, янги давр бошланди. Ҳа, яқин ўтмишнинг моҳир голеадори тузган жамоа ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритолмади, лекин ўйин сифати ўзгаргани яққол сезилмоқда.

Мана, Шевагол шогирдлари Европа Миллатлар Лигасида дадил старт олишди: сентябрь ойида Чехия ва Словакия терма жамоаларини мағлубиятга учратиб, «В» лигаси 1-гуруҳида пешқадамликни қўлга олишди. Октябрь ойида эса итальянлар билан бўлган ўртоқлик учрашувида 1:1 ҳисобини қайд этишди. Хуллас, олдинга силжиш бор. FIFA.com сайти яқинда Украина термаси бош мураббийини интервьюга чорлаб, шу тараққиёт ҳақида суҳбатлашди.

- Терма жамоангиз ҳақида гапиришдан аввал йил лауреатларини аниқлаш учун ўтказилган ФИФА сўровига тўхталсак. Эътиборлиси, унда Лука Модрич ва Дидье Дешамни 1-ўринга қўйгансиз. Якунда айнан улар ўз йўналишлари бўйича бош совринни қўлга киритишди. Хўш, Модрич ва Дешамни ғолибликка ҳақли кўрганингизни қандай изоҳлайсиз?

- Ҳаммаси оддий: Дешам Франция терма жамоаси бошқарувида катта ишларни амалга оширди. Французларнинг жаҳон чемпионатида тенг­сиз бўлишгани - бу аввало, мураббий томонидан кўп йиллар давомида олиб борилган изчил иш самараси. Хуллас, Дешам жамоаси мундиалда ҳақли равишда зафар қучди ва буни тан олиш керак.

Модричга келсак, хорватиялик футболчи «Реал» сафида бутун мавсум юқори савиясини намойиш этди. Дарвоқе, вақтида футболчи сифатида Лукага қарши тўп сурганман. Мана, энди мураббий ролида ҳам унинг жамоасига тўқнаш келдим. Модрич ўйин боришини теран ҳис қилиш қобилиятига эга ва ҳар қандай ўзгаришларга тайёр туради.

Умуман, Луканинг жорий йилги натижаларидан кўз юмишнинг иложи йўқ: ЧЛда кетма-кет 3-марта ғалаба қозонди, хорватларни ЖЧ финали сари етаклади.

- Украина миллий жамоасини 2016 йилнинг июль ойидан буён бошқаряпсиз. Шахсан ўзингиз ҳозиргача бажарилган ишларга қандай баҳо берасиз?

- Жамоани нисбатан мураккаб давр - Европа чемпионатидаги омадсиз иштирокдан кейин қабул қилиб олгандим. Матбуот, футболчиларнинг жанговарлик руҳи - буларнинг барчаси бизга қарши эди. Хуллас, жаҳон чемпионати саралаш босқичи учун мутлақо янги жамоа тайёрлаш талаб этилди.

Бошқача айтганда, ишни нолдан бошладик. Табиийки, биздан ўзгаришлар баробарида дарҳол натижа ҳам кутишди. Бироқ вақт кам эди. Шунинг учун ортда қолган даврни ўзим учун энг мураккаби сифатида кўрсатаман. Жамоа ўйинини шакллантириш жараёнини тўпни назорат қилиш асосида бошладик.

Тан оламан, бу Украина футболи учун ноодатий услуб. Чунончи, бунга қадар миллий жамоада тўп назорати ҳеч қачон биринчи даражали масала саналган эмас. Табиийки, футболда ўйин моделини бирданига кескин ўзгартириш жуда қийин - бу вақт талаб қиладиган жараён. Шунингдек, жамоа таркибини янгилаш масаласини ҳам ортга сурмадик.

Мисол тариқасида айтсак, шу қисқа вақт оралиғида терма жамоа сафида чамаси 20 нафар футболчи дебют қилди. ЖЧ-2018 саралаши босқичида мундиалнинг бўлажак финалчиси - Хорватия термасига ютқазганимиз панд берди. Муҳими, айни пайт жамоам барқарор ҳолатга тобора яқинлашмоқда. Аслида бизда ички потенциал юқори. Фақат гап шу имкониятлардан унумли фойдаланишда.

- Умуман, жамоада айнан нима ўзгарди?

- Таркиб ўзагини шакллантиришда ёш иқтидорлар ва фахрий футболчилар уйғунлигини таъминлашга эътибор қаратяпмиз. Ўртоқлик ўйинларида айнан ёшлик шижоати ва тажриба ўртасидаги балансни тенг ушлашга ҳаракат қилдик. Ҳозирда Украина футболи секин-аста чуқурликдан юқорига интилмоқда.

Умидворманки, келаси йили мамлакат чемпионати юқори дивизиони иштирокчилари сонини оширишади ва бу ўзгариш кўплаб футболчиларимизнинг хориж томон йўл олишларига замин яратади.

- Украина термасининг ЖЧ-2018 финал босқичидан четда қолгани ҳафсалангизни пир қилмадими? Умуман, саралашда қайси жиҳат кўнгилдагидек бўлмади?

- Гуруҳимизда Евро-2016 финал раундида иштирок этган 4та тенг кучли жамоа жой олганди: Туркия, Хорватия, Украина ва Исландия. Ушбу тўртлик орасида лоақал 2-ўринни эгаллаш учун охиригача кураш олиб бордик.

Асосийси, ҳар бир ўйинда етарлича вазиятлар яратдик, чакки кўринмадик, бироқ имкониятлардан тўлақонли фойдаланолмадик. Бир сўз билан айтганда, вазиятлардан фойдаланиш масаласида оқсаганимиз туфайли мақсадга эришолмадик.

- Украина U-20 терма жамоаси келаси йил тақвимига киритилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этади. Сизнингча, ушбу жамоа таркибидаги футболчилардан айримлари яқин келажакда миллий термага ҳам ёрдам бера олишадими?

- Аввало, айтишим керак, барча ёш тоифасидаги терма жамоалар мураббийлари билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Албатта, U-20 белгиси остидаги жаҳон чемпионати ва ёшларимиз ўйин-ларини кузатиб борамиз. Зеро, миллий жамоага энг яқин турган ўринбосар футболчилар ҳақида гап кетяпти.

Кўплаб ёшларимиз шу 1-2 йил оралиғида бош жамоа эшигини қоқишларига ишонаман. Такрор бўлса ҳам айтаман, бошқарувни қўлга олганимдан буён деярли 20 нафар янги футболчига имконият бердим. Хусусан, бир қатор ёшларни йиғинларда синаб кўрдим.

Бу жараён давом этади - таркибни ҳамиша янги кучлар ҳисобига тўлдириб борамиз. Якуний гапим шуки, бош жамоа эшиги доимо очиқ. Фақат ўзини кўрсатиш ишқида ёнаётган ва бунга қодир йигитлар чиқишса, бас.

- Украина термаси ФИФА рейтингида ҳам юқорига кўтарилмоқда. Жамоа келажакда нималарга эришиши мумкин?

- Яқин орадаги мақсадимиз аниқ: Миллатлар лигаси турнири ва Евро-2020 саралаш босқичида муваффақиятли қатнашиш. Европа чемпионати финал раундига йўлланма олишимиз шарт. Бошқача якун бизни асло қониқтирмайди.

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Киритиш