{{ message }}

Футболда юристларнинг ўрни ҳақида гаплашамиз...

Футбол фақат 90 дақиқали ўйиндан иборат эмас. Яшил майдондаги шиддатли баҳслардан олдин ва кейин бўладиган жараёнларга ҳам батафсил тўхталишнинг ҳожати йўқ. Аммо миллионлар ўйинига дахлдор бир касб эгалари ҳам бор - ҳуқуқшунослар.

Аввало, бир нарсани ойдинлаштириб олиш керакки, футбол клуби нодавлат нотижорат эмас, даромад олишни кўзлайдиган тижорат ташкилотидир. Юридик шахс сифатида у Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига таянади. Футбол юриспруденциясида кўпроқ керак бўладиган ҳуқуқ соҳалари - меҳнат қонунчилиги, шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунчилик. Футбол клуби юристи фаолияти давомида бундан бошқа соҳаларга ҳам мурожаат қилади. Ҳар бир футбол клуби ёки футбол ассоциацияси ФИФА талабларига мувофиқ уч йилда бир аудитдан ўтиб туриши керак.

ФУТБОЛЧИ БИЛАН ТУЗИЛАДИГАН МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ

Меҳнат шартномаси ҳар бир ташкилотда бўлганидек, футбол клубларида ҳам амалдаги Меҳнат кодексига биноан тузилади. Бу ерда асосий масала унинг муддатида. Қўшимчасига шартномани муддатидан олдин бекор қилиш учун томонларнинг ташаббуси масаласи ҳам аниқ-ойдин ҳал қилиб олиниши керак. Игорь Сергеев 2017 йил январида «Ал-Дафра»га йўл олишидан олдин меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича муаммога дуч келганди.

Яқин хорижий мамлакатларда ҳам футболдаги аудит ва юридик ишларнинг профессионал йўлга қўйилиши билан боғлиқ масалалар бў-йича тажриба орттиришимиз керак. Чунки улар жаҳон тажрибаси билан интеграцияда биздан анча олдинга ўтиб кетган, буни тан олишимиз шарт.

Маълумотларга кўра, кейинги мавсумлардан бошлаб Профессионал футбол лигаси томонидан ягона меҳнат шартномаси амалга киритилиши мумкин экан. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, ПФЛ клублар учун умумий шаблондаги меҳнат шартномаси тақдим этмоқчи. Бу ҳужжат Швейцария, Италия ва Россиянинг спорт ҳуқуқшунослиги бўйича етакчи мутхассислари билан ҳамкорликда тайёрланади. Демак, клублар меҳнат шартномасини ўзларича туза олишмайди.

ТАНГАНИНГ ИККИНЧИ ТАРАФИ

ФИФА ўзига ҳуқуқларини тиклаш масаласида ариза билан мурожаат қилган футболчини биринчи бўлиб эшитади. Бу тўғри, лекин кўп ҳолларда футболчилар бошқа клубларнинг таклифлари олдида фантазияларга берилганлиги сабабидан амалдаги клуби билан шартномавий мажбуриятларини бажаришни инкор этаётган ҳоллар ҳам мавжуд. Адриан Муту билан боғлиқ жараён энди якунланганини инобатга олсак, бугунги замонавий футболда донғи чиққан футболчиларни қонунга бўйсунишга мажбурлаш ҳам кўп куч талаб этади.

2018 йил бошида, Суперлига ва Про-лига клублари сони аниқ бўлмаган кезлари хорижлик легионерларнинг маҳаллий клубларимиз юзасидан даъволари битилган мактублар кўплаб кела бошлади. Ҳаммасининг мазмуни бир хил - маош ва мукофотларни тўлаш бўйича муаммо. Ваҳоланки, клублар томонидан пуллар уларнинг миллий валютадаги карточкаларига ўтказилган.

Мана шу ҳолатларнинг ўзи ҳам, солиқ тили билан айтганда, норезидент ва банк муносабатлари масаласида яхшигина бўшлиқ борлигини кўрсатди. ЎФАнинг, керак бўлса, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитасининг ҳуқуқшунослари бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан ташаббус кўрсатишлари ва уни амалиётга жорий қилишга масъул бўлишлари талаб этилади. Умуман олганда, футболчилар, футбол академиялари тарбияланувчилари ва клуб мутахассислари билан шартномаларнинг шаблон варианти, даставвал кенг футбол жамоатчилиги муҳокамасидан ўтишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

18 ёшга тўлмаган футболчилар ёки футбол академияларида ўйинчи етиштиришда бу таълим муассасаларининг даромад олиш масаласини ҳам керак бўлса ҳукумат қарори билан тартибга солишни йўлга қўйиш жоиз. Хорижда жамоалар футболчи етиштириб берган кичик клубларга қанча миқдорда товон тўлаши ёки трансфердан улуш беришини эслатиб ўтишга ҳожат бўлмаса керак.

ФУТБОЛЧИ - АГЕНТ - КЛУБ РАҲБАРИ

Сўнгги 5 йилликни оладиган бўлсак, юртимизда мунтазам равишда клуб ва ўйинчилар орасидаги меҳнат шартномалари билан боғлиқ муаммолар вужудга келган. Айниқса, уларнинг кенг бўй кўрсатиши трансферлар дарчаси очилган пайтга тўғри келади. Футболчи жамоадан кетишни истайди, лекин клуб раҳбари бунга йўл қўймайди. Ёки аксинча, хорижлик легионер ёзги таътилда бир ҳафта муддатга уйига кетади ва Ўзбекистонга қайтиб келиш, ўз шартномавий вазифаларини бажаришдан онгли равишда бош тортади.

Профессионал клуб (агарда ҳақиқатан ҳам шундай деб аташ мумкин бўлса) раҳбарлари ўз ваколатларини суиистеъмол қилиб, ўйин-чиларнинг шартномаларига истаган бандларни қўшиб имзо қўйдиришган. Футболчи ва клуб қўлида бўлган битимлар матн ва мазмун жиҳатидан бир-биридан мутлақо фарқланган. Энг ачинарлиси, бу каби шартномаларни ҳуқуқий экспертиза қиладиган бўлсак, на меҳнат қонунчилиги, на фуқаролик қонунчилиги талабларига жавоб беради.

Мунтазам равишда шартнома фақат бир томон (клуб раҳбарининг, албатта!) манфаатини ҳимоя қилиб келган. ФИФА томонидан «агент» атамаси ўрнига «футболчининг қонуний вакили» деган тушунча киритилиб, бу турдаги фаолият учун лицензия ёки катта суммада бериладиган рухсатнома талаб қилинмаётган бўлсада, бизда агент тушунчаси кенг қўлланиб келиняпти. Клублар раҳбарияти томонидан «агентлар» фаолиятига яхши назар билан қаралмагани ҳам айни ҳақиқат!

Клубларда ишлайдиган ҳуқуқшуносларнинг спорт директорлари билан тенг ҳуқуқли овозга эга бўлишларини таъминлаш ҳам муҳим омиллардан биридир. Чунки амалиёт бўйича олсак, исталган турдаги шартномага (ёки буйруққа) раҳбар имзо қўйишидан олдин юрист томонидан ўрганилиши ва виза қўйилиши керак. Клуб президенти ёки спорт директори шартномага истаган бандини қўшиш амалиётига чек қўйиш лозим, чунки айрим ҳолларда келишув предмети футбол ва миллий қонунчилик нормаларига зид келмоқда.

Хорижий юридик компаниялар ваколатхоналарини Ўзбекистонда ташкил этиш имкониятлари келгусида ҳам кўриб чиқилиши даркор. Адвокатлик соҳасида ислоҳотлар бошланганига қарасак, спорт ҳуқуқи бўйича ихтисослашган адвокатлик фирмалари ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

КЕЛИШИЛГАН ЎЙИНЛАРГА ҚАРШИ КУРАШ

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Киритиш