{{ message }}

Дон дарёси бўйларида порлаётган ўзбек универсиали Элдор Шомуродов...

Форс кўрфази қирғоқларидаги майдонларда ўтадиган Осиё чемпионати бошланишига ҳам оз фурсатлар қолмоқда. Вақтнинг ўтишини қарангки, яқиндагина миллий жамоамизни қабул қилиб олган Эктор Купер тўртта ўйинни ҳам ўтказиб улгурди, саноқли кунлардан сўнг эса йигитларни яна 2та баҳсда майдонга ташлайди. Аргентиналик мураббий тузаётган жамоадаги ўйинчилар орасида бир йигит борки, шахсан мен ундан бошқа барча футболчилардан ҳам кўра кўпроқ юксалиш кутмоқдаман. Агар таъбир жоиз бўлса, у миллий термамизнинг келажаги, 2022, ҳаттоки, 2026 йилги жаҳон чемпионатлари йўлланмаси учун курашувчи асосий «жангчи»ларимиздан бири бўлади. Бу - 23 ёшли Элдор Шомуродов...

«Бунёдкор» клубининг собиқ вакили сўнгги пайтларда Россия футбол оммаси эътиборини ҳам ўзига қаратишга улгурди. Элдорнинг легионерлик фаолиятида ҳозир иккинчи мавсум кетмоқда. Айтиш жоизки, шу давр мобайнида у «Ростов» бош мураббийи Валерий Карпиннинг тобора ишончига кириб бормоқда.

Шомуродовнинг Россия майдонларидаги фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, жуда «камтар» рақамларни кўришимиз мумкин: Премьер-лигада деярли 1,5 мавсумда бор-йўғи 2та гола урди, холос ва аксарият учрашувларда захирадан майдонга тушаётгани билан ёдда қолмоқда. Албатта, ҳужумчи учун бу натижалар жуда оз. Шунга қарамай, Элдорнинг фаолияти чуқурроқ таҳлил қилинганида, унинг меҳнатлари «Ростов» учун кам фойда келтирмаётганига гувоҳ бўламиз.

Мен шу вақт мобайнида «Ростов» иштирокидаги ўйинларни мунтазам кузатиб боряпман, Элдорнинг ютуқларидан ҳам, камчиликларидан ҳам деярли тўлиқ хабардорман. Ҳаттоки, Премьер-лиганинг навбатдаги туридан сўнг бўладиган «Ростов» клуби фанатлари ўртасидаги ўзаро тортишувлар, у ерда нималар хусусида гап-сўзлар бўлади, шулар ҳақида ҳам маълумотларим бор.

РОСТОВ САРИ ИЛК ҚАДАМЛАР

Аввало, Шомуродовнинг дастлабки мавсумдаги иштироки хусусида бироз фикр юритсак. Ҳамюртимиз Россияга илк бор ташриф буюрганида, «Ростов»ни таниқли мутахассис Леонид Кучук бошқараётганди. Ўтган мавсумнинг дастлабки турларида жамоа юксак натижалар қайд этиб, Премьер-лигада 1-поғонага жойлашишга ҳам эришганди. Лекин мавсум ўрталарига бормасиданоқ, «Ростов»нинг иши ортга кетди: кетма-кет мағлубият ва дуранглар жамоани турнир жадвалининг анча пастки қисмларигача суриб юборгандики, ростовликларнинг сўнгги турларда қуйи дивизионга қуламаслик йўлида курашиши кўриниб қолаёзди. Айнан шу натижалар якуни ўлароқ, Леонид Кучук ишдан олинди, унинг ўрнини Россия футболининг янада таниқли вакили Валерий Карпин эгаллади.

Кучук қўл остида Шомуродов дастлабки турларда асосан захирадан майдонга тушаётанди. 8-турда меҳмондаги «Зенит»га қарши учрашувдан олдин жамоанинг икки асосий ҳужумчиси жароҳат туфайли ўйнолмаслиги маълум бўлгач, Элдорга ҳам ўзини кўрсатиши учун вақт етиб келганди. Бошқа вариантлар йўқлигидан, бош мураббий асосий таркибда айнан Шомуродовни ўйнатишга мажбур бўлди. Айтиш жоизки, ҳамюртимизнинг илк 11таликдаги дебют учрашуви анча чиройли натижа билан тугади: Питердаги ўйинда «Ростов» Европа даражасидаги таркибга эга «Зенит» билан 0:0 ҳисобида дуранг қайд этди.

Ушбу ўйинни яхшилаб кузатганман, Шомуродовнинг Россия Премьер-лигасида асосий таркибдаги илк учрашуви, у яхшигина ҳаяжонланган, баъзида оддий вазиятларда ҳам тўп унинг оёғига бўйсунмаганди. Ўз ҳамюртинг бўлса, анча ҳижолат тортаркансан. Шунақа савиядаги ўйиндан сўнг, Шомуродов «Ростов»даги (захирадаги!) ўрнини сақлаб қола олармикан, деб ўйлагандим. Айтганимдек, кейинги учрашувларда уни яна асосан иккинчи бўлимларда майдонга тушириб туришди.

МАВСУМ СЎНГИДАГИ ЗАФАР

Қишки танаффусда жамоага исландиялик маҳоратли ҳужумчи Бьорн Сигурдарсон келиб қўшилди-ю, Шомуродов учун асосий таркибда майдонга тушиш эшиклари янада «торайди». Деярли барча учрашувларда дастлабки дақиқалардан Сигурдарсон ўйнай бошлади, Шомуродов эса яна 2-бўлим ўрталарида, баъзан эса ўйин охирларида майдонга тушарди. Бу вақтга келиб жамоани Карпин бошқара бошлаган, худди олдинги мураббий Леонид Кучук давридаги каби Шомуродов учун асосий таркибда майдонга тушиш катта муаммо эди.

Лекин футболда жароҳат аталмиш бир ҳолат борки, у кимгадир азият етказса, бошқасига эшикларни кенг-роқ очиб бериши мумкин экан. Айнан ўша Сигурдарсоннинг жароҳат туфайли сафдан чиқиши Шомуродовга битта ўйинда бўлса ҳам асосий таркибда майдонга тушиш учун замин ҳозирлади. «Тосно»га қарши учрашувда Карпин ўйиннинг бошиданоқ Шомуродовни майдонга туширишга мажбур эди - худди мавсум аввалидаги «Зенит»га қарши баҳсда собиқ бош мураббий Кучукда бўлгани каби Карпинда ҳам бундан бошқа чора қолмаганди.

«Тосно» билан ўйин Шомуродовнинг келажак йўлларини анча ўзгартириб юборди. Ўша баҳсда Элдор аслида биринчи бўлимда ҳам икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилиши мумкин эди. Лекин барчаси кейинги 45 дақиқаликда юз берди. Аввалига Зуевнинг ўнг қанотдан оширган тўпини боши билан дарвоза тўрига туширган ҳамюртимиз 5 дақиқа вақт ўтибоқ, Артур Юсупов билан чиройли комбинация уюштирди ва якунда ўзи голни нишонлади - 2:0. Мана шу ҳисоб учрашув охиригача ўзгармади ва легионеримиз илк бор Россия Премьер-лигасида турнинг энг яхши 11 футболчиси сафидан жой олди.

Айнан мана шу беллашувдан сўнг «Ростов»нинг Премьер-лигада қолиши масаласи узил-кесил ҳал қилинди. Сўнгги учрашувларни Карпин шогирдлари унчалик катта босим билан ўтказишмади - сўнгги икки тур улар учун деярли кейинги мавсумга тайёргарлик сифатида ўтди. Хусусан, ўша «Тосно»га қарши учрашувдан бирозгина муддат ўтиб, Шомуродов Москвада «Спартак»ка қарши ўйинда ҳам асосий таркибда майдонга тушди. Мазкур беллашувда ҳам Элдор анча юқори савияда ҳаракат қилди. Дастлабки турлардаги «Зенит»га қарши ўйинда анча ёш ва тажрибасизлиги билиниб қолганди, бу гал эса ҳалиям ўша ёшида бўлсада, тажриба, айниқса, дадиллик борасида анчагина ривожлангани яққол сезилди. Ҳаттоки, бир вазиятда ўнг қанотдаги чизиққа жуда яқин масофада «Спартак»нинг 2-3 футболчиси орасидан «мастерларча» чиқиб кетишга муваффақ бўлди ва ўйинни шарҳлаб бораётган россиялик шарҳловчилардан-да олқиш олишга эришди.

Ўтган мавсумда Шомуродов билан боғлиқ яна бир қизиқ воқеа ҳам содир бўлгандики, буниям алоҳида тилга олмай иложимиз йўқ. «Ростов» Россия кубогидаги юришини ўз майдонида ўтган «Амкар»га қарши беллашувда тўхтатди. Ўша учрашувда ғолиб масаласи пенальтилар сериясигача бориб тақалганди. Дастлаб тўп олдига айнан Элдор келди ва дарвозани аниқ нишонга олди - 1:0. Шундан сўнг иккала жамоа вакиллари бирин-кетин голлар ура бошлашди ва барча 10 футболчи, ҳаттоки, икки дарвозабон пенальти тепгунча ҳам ҳисоб тенглигича тураверди. Воқеалар ривожи шу билан якун топдики, рўйхатда биринчида турган ҳамюртимизга яна бир бора пенальти тепиш навбати етиб келди. Афсуски, иккинчи уринишда Элдор тўпган тўпни дарвозабон қайтариб қолди. Якуний ҳисоб - 9:10, «Ростов» ўз майдонидаги пенальтилар сериясида «Амкар»га мағлуб бўлиб, кубок билан хайрлашганди...

АСОСИЙ ТАРКИБДАГИ РАҚОБАТ

Жорий мавсум «Ростов» сафига Исландиядан яна бир ҳужумчи - Видар Кьяртанссон ҳам келиб қўшилганини ҳисобга олсак, ҳамюртимиз учун мазкур жамоадаги катта рақобатни тасаввур қилса бўлади. Сўнгги пайтларда Россия терма жамоаси сафларида ҳам кўриниб қолаётган Алексей Ионов «Ростов»нинг ишонган тоғларидан бири саналади. Демак, Сигурдарсон - Ионов - Шомуродов - Кьяртанссон. Мазкур тўртликдан кўп ҳолларда икки, баъзан эса фақат бир нафаригина асосий таркибда ўйинни бошлашини айтиб ўтсак, Карпин жамоасининг олд чизиғидаги рақобат нақадар кучли эканига гувоҳ бўласиз.

Айтиш жоизки, Сигурдарсон ҳам, Ионов ҳам бу йилги мавсумдаги 12 турдан сўнг 4тадан гол уришди, Шомуродов эса ҳали бирор марта рақиблар дарвозасини ишғол қила олмади. Айнан шу кўрсаткичлар ҳам Сигурдарсон ва Ионовнинг устунлигини белгилаб турибди. Лекин ҳақиқат юзасидан олиб қарайдиган бўлсак, исландиялик 27 ёшли ҳужумчи ҳам, россиялик Ионов ҳам Элдор кўрсатаётган ўйинлардан бирмунча кучли футбол намойиш қилади.

Аслида, бу йилги чемпионат ҳам худди олдингиси каби Шомуродов учун захира ўриндиқларидаги кунлар билан бошланганди. Дастлабки турларнинг деярли барчасида у 2-бўлимда майдонга тушди. Лекин тақдирнинг қизиқ кунини қарангки, худди ўтган мавсумдаги каби, бу йил ҳам энг зарур ўйинлардан бири олдидан асосий ҳужумчи Бьорн Сигурдарсон жароҳат туфайли майдонга тушолмаслиги маълум бўлди. Меҳмонда «Спартак»ка қарши учрашувда Карпин икки ҳужумчи билан ўйнади ва олдинги чизиққа Шомуродов - Ионов жуфтлигини қўйди. Тарихда «Спартак» мактабининг вакили бўлган, мураббийликда ҳам айнан шу жамоани бошқарган Валерий Карпин ўша оқшом собиқ шогирд-ларига қарши муносиб ўйин ўтказди. Бутун ўйин давомида тенгма-тенг тарз-да тўп сурган Шомуродов жамоадошлари якунда 1:0 ҳисобида зафар қучишди. Албатта, бу ғалабада легионер футболчимизнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Майдонда қарийб 60 дақиқа ҳаракат қилган Элдор шу вақт давомида ҳам ҳужумда, ҳам ярим ҳимояда муносиб ҳаракат қилди. Баъзи ҳолларда эса унинг ҳаттоки, ҳимоя чизиғи атрофларида ҳам тўп учун курашаётганини кўриш мумкин эди...

Россия Премьер-лигасининг сўнгги турида «Ростов» ўз майдонида «Анжи»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди ва мазкур баҳсда ҳам Шомуродовнинг асосий таркибда майдонга тушгани кўпчилик учун кутилмаган воқеа бўлди. Бу гал Сигурдарсон соппа-соғ эди ва Элдор мазкур жамоадаги фаолияти давомида илк бор ҳужумда айнан шу исландиялик футболчи билан тандемда ўйнади.

Валерий Карпин ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Ионовнинг майдонга туширилмагани ҳақидаги саволга жавоб бера туриб, шундай деди: «Ионов очиқ зоналарда ўйнашни яхши кўрадиганлар тоифасидан. Бугун рақиблар томонидан бундай зоналар қолдирилиши қийинроқ эди. Шу сабабли, унинг ўрнига асосий таркибда Шомуродовни туширдим ва бу қандай фойда берганини учрашув давомида ўзингиз гувоҳи бўлдингиз».

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Киритиш