{{ message }}

Камолиддин Мурзоев: «Клуб раҳбарлари бизни хафа қилишмаса керак»

Ўзбекистон кубоги соҳибига айланган АГМК келаси йили ОЧЛ саралаш баҳсларида ўйнайди. Жамоа ўзининг 10 йиллик тарихида илк бор совринга эга чиқди. Финалда кимсан «Пахтакор» ишончли тарзда (3:1) мағлуб этилди. АГМК номдор рақибини учрашувга танланган тўғри тактика бўйича ютди ва бу билан тарих яратди. Энди Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги олмалиқлик футболчиларнинг ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқиши учун иккита рақибни мағлуб этиши талаб этилади. АГМК янги мавсумни 12 февраль куни ўз майдонида бошлайди. Рақиб катта эҳтимол билан Тожикистон ва Баҳрайн чемпионлари ўртасидаги ўйин ғолиби бўлади. Агар ўша учрашувда олмалиқликлар ғалаба қозонишса, 19 февраль санасида Саудия Арабистонида «Ал-Наср» жамоаси меҳмони бўлишади ва бўлажак учрашув ғолиби ОЧЛ гуруҳ босқичига йўл олади. Биз кубок финалидан сўнг АГМК ҳужумчиси Камолиддин Мурзоевдан интервью олдик. 

- Камолиддин, яна бир бор ғалаба муборак бўлсин. Айтинг-чи, тарихий ғалабанинг энг асосий омили нимада бўлди?

- Табрик учун катта раҳмат. Ҳақиқатан ҳам, тарихий ғалабага эришдик. Бу кунни асло унутмаймиз. Фарғонадаги финал барчамизнинг қалбимизга бир умрга муҳрланди. Муваффақиятнинг энг асосий омили - бу шубҳасиз, жамоанинг бирдамлиги. Ягона мақсад йўлида ҳаракат қилдик. Вазифани албатта бажарамиз, деб ўзимизни ишонтира олдик.

Тарихий финал учун жамоадошларим, мураббийлар штаби ва мухлисларга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Аксарият футболчилар учун бу биринчи соврин бўлди. АГМК илк бор финалда ўйнади. Бош мураббийимиз Бахтиёр Ашурматов учун ҳам бу биринчи финал бўлди. Имтиҳондан муваффақиятли ўтиб олганимиздан жуда хурсандмиз.

- Кутганмидинглар, умид қилганмидинглар?

- Генералликни орзу қилмаган аскар аскарми? Биз бу кунни узоқ кутдик. Катта масофа босиб келдик, деса ҳам бўлади. Энг муҳими, охирги қадамни жуда чиройли тарзда қўйдик. Биз ғалабага кўпроқ умид боғлагандик. Албатта, ишонч ҳам бор эди.

Қайси маънодаки, нима учун биз бу вазифани уддалай олмаймиз? Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ, ҳаракат қилсак, ҳар қандай кучли жамоани ютса бўлади-ку, деган тушунчани онгимизга сингдирдик. Натижада умид қилганимиз реалликка айланди. Замонавий футболда ҳар қандай натижа қайд этилиши мумкин.

- Ўйиндан олдин бош мураббийдан қандай кўрсатма олган эдинглар?

- Бахтиёр Ашурматов фақат энг яхши ўйинимизни кўрсатган тақдирдагина финалда кучли рақиб устидан ғалаба қозонишимиз мумкинлигини уқтирди. Бунинг учун барчамиз бир тану жон бўлиб ҳаракат қилишимиз кераклигини айтди. Ўзбекистон кубогини қўлга киритиш орқали ОЧЛдаги иштирокимиз таъминлашини билардик.

Шу нарса ҳам бизга қўшимча куч бағишлади. Юқорида айтдим, АГМК таркибида соврин ютмаган футболчилар кўпчиликни ташкил қиларди. Бу барчамиз учун яхшигина имконият эканлигини билгандик. Битта ўйинни ютиш орқали кўп нарсага эришиш мумкинлиги кундек равшан эди.

- «Пахтакор»дек кучли жамоа билан ўйинга ҳаяжонни қандай енгиб чиқдинглар?

- Очиғини айтаман, АГМК номдор жамоа бўлмаса ҳам, таркибимизда малакали, юқори савияли футболчилар етарлича топилади. Такрор айтаман, бу кўпчилик учун биринчи ва сўнгги финал бўлиши ҳам мумкин эди. Шундай имконият қайта берилмаслигини тушуниб тургандик.

Умуман, ҳаяжонни енгиш қийин бўлмади. Битта ўйинга ҳар қандай ҳолатда ҳам максимал тайёргарлик билан тушиш мумкин. Энг муҳими, концентрацияни йўқотмаслик керак эди. Ўйлайманки, зиммамизга юклатилган вазифани шараф билан уддалай олдик.

- Лекин нега мана шу мазмунли ўйинни Суперлигада намойиш қила олмаяпсизлар?

- Биласизми, Суперлигада ҳам ёмон ўйин кўрсатмаяпмиз. Фақат ФИФА кунлари боис юзага келган оралиқ танаффус бизга панд берди. Яхши спорт формасига киришда қийинчиликларга дуч келдик. Лекин финал ўйинини бир неча ой давом этадиган чемпионат билан таққослаб бўлмайди.

Турнир жадвалининг ўрта ва қуйи қисмида жойлашган жамоалар айнан Кубокдаги иштироклари орқали ўз ният ва мақсадларига етишлари мумкин. Чемпионатда совринли ўринларни қўлга киритиш бирмунча мушкул. Буни очиқ тан олиш керак. Айрим футболчиларда финал учрашуви фаолиятида фақат бир маротаба бўлиши мумкин.

Шунинг учун ҳам ҳар бир футболчи бундай ўйинларга қўшимча куч билан тайёргарлик кўради. Ўйлайманки, Суперлиганинг қолган учрашувларида муносиб қатнашамиз. Қолаверса, финалда кўрсатган ўйинимиз бизга қўшимча куч ҳам бағишлайди. Ўзимизга бўлган ишончни оширади.

- Майдонни жароҳат олиб тарк этдингиз. Ўша пайтда нима бўлганди ва жароҳат қанчалик жиддий экан?

- Шунчаки, оёқ мушакларим қотиб қолганди. Хабарингиз бор, мавсумнинг асосий қисмини жароҳат боис ўтказиб юбордим. Бу омил жисмоний ҳолатимга таъсир ўтказмай қолмади. Тан оламан, 90 дақиқа юқори темпда ўйнашга кучим етмади. Бу табиий жараён.

- Айримлар ўша вазиятни ўйинни чўзиш деб ҳам ҳисоблашди. Мухлисларнинг хайқириғидан бу нарсани ўзингиз ҳам сездингизми?

- Агар ниятим ўйинни чўзиш бўлганида, яна майдонга қайтардим. Оғриқни ҳис қилганим учун майдонни ўз хоҳишим билан тарк этдим.

- Баҳсдан кейин кийиниш хонасида раҳбарият сизлар билан учрашдими?

- Албатта. Улар мураббийлар штаби ва футболчиларга ўз миннатдорчиликларини билдиришди. Кийиниш хонасида ҳам узоқ вақт байрам қилдик. Бу тарихий ғалабамизда бизга охиригача ишонган клуб раҳбарларининг ҳам улкан ҳиссаси бор.

Фурсатдан фойдаланиб, жамоадошларим номидан уларга раҳмат айтаман. Агар ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш бўлмаганида, ишонинг, бундай натижага эриша олмасдик.

- АГМК Ўзбекистон кубогини қўлга киритиш орқали ОЧЛда иштирок этиш имкониятига ҳам эга бўлди. Нима деб ўйлайсиз, жамоа Чемпионлар Лигасида ўйнашга тайёрми?

- Клубимизда янги раҳбарият томонидан катта футбол учун барча зарур шароитлар муҳайё қилинмоқда. Ўйлашимча, ОЧЛда Ўзбекистон шаънини муносиб тарзда ҳимоя қила оламиз. Ҳали лига ўйинларигача етарлича вақт бор. Шубҳасиз, мураббийлар штаби тайёргарлик режасини ишлаб чиқишади.

Клуб раҳбарияти ҳам ёрдамини аямайди. Лекин ҳозир биринчи галда Суперлигани муваффақиятли тарзда тугатиб олишимиз керак. Ҳали олдинда бешта тур учрашувлари бор. Бу ўйинларда ҳам худди кубок финалидек ўйин намойиш этсак, турнир жадвалидаги якуний ўрнимиз биз кутгандан ҳам юқори бўлади.

Ҳали ОЧЛга монанд таркиб ҳам кучайтирилса керак. Ҳозирги таркибни сақлаб қолиш ҳам муҳим ҳисобланади. Футболчилар бир-бирини тушуниб ҳаракат қила бошлади. Жамоавий ўйин анчагина шаклланиб қолди.

- Ўзбекистон кубогидаги ғалаба учун мукофот пули ваъда қилинганмиди?

- Йўқ. Лекин бу биз учун биринчи даражали эмасди. Ўзбекистон кубогидаги ғалаба бизга Осиё эшикларини очиши, бу билан футболчилар ўзларини яхшигина реклама қилиб олиш имкониятига эга бўлишларини жуда яхши билардилар. Бизни ҳаракатга келтирган асосий кучлардан бири ҳам шу бўлди.

Агар ОЧЛда ёрқин ўйин намойиш этилса, кейинчалик яхши клублардан таклиф олиш ҳеч гап эмас. Бошқа томондан олиб қарасак, АГМКда шу кунгача молиявий томондан муаммо бўлмаган. Бундан кейин ҳам клубимиз раҳбарлари бизни хафа қилиб қўйишмаса керак.

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

 

Киритиш