{{ message }}

Сантьяго Солари “Реал”нинг халоскорлигига ярайдими?

«Камп Ноу»даги шармандали мағлубиятдан сўнг Лопетегида «Реал» бош мураббийи бўлиб қолиш учун умуман имконият қолмаган, шу боис эртасигаёқ истеъфога чиқарилганди. «Қаймоқранглилар» ишқибозлари Хуленни Флорентино Перес президентлик қилган даврдаги энг ёмон мураббийлардан бири сифатида эслаб қолишади. Сўнгги 7та ўйиндаги 5та мағлубият, тўплар нисбати - 4:13, 8 соат мобайнида гол урилмагани, Примера турнир жадвалидаги 9-ўрин. Лопетеги «Реал»ни айнан шундай ҳолатда ташлаб кетадиган бўлди. Вазиятни биринчи бўлиб ўнглаш вазифаси эса 42 ёшли аргентиналик мутахассис Сантьяго Солари чекига тушадиган бўлди. Хўш, бу мураббий халоскорликни эплай олармикан?

2000-2005 йиллар мобайнида «Қироллик клуби» шарафини ҳимоя қилган Солари «бланкос» сафида жами 148та учрашув ўтказган. «Реал» таркибида икки марта Испания чемпионлигини қўлга киритган, Қитъалараро кубок соҳибига айланган ва ҳаттоки, Чемпионлар Лигаси бош совринига эга бўлган. 2002 йили Сантьяго «Байер»га қарши кечган ЕЧЛ финалида 90 дақиқа тўп сурган, унинг жамоаси эса 2:1 ҳисобида зафар қучганди. Солари чап қанот ярим ҳимоясида, Зайниддин Зидан ва Луиш Фигу ҳамроҳлигида ўйнаган.

Футболчилик фаолиятини якунлаганидан кейин унга «бланкос»нинг ўсмирлар жамоасини шуғуллантириш таклифи билан чиқишган. У ерда уч мавсум ишлагач, «Реал» ўринбосарларини қабул қилиб олишга муваффақ бўлган. Мана, орадан икки йил ўтиб, етарлича тажриба тўплаган мураббий асосий жамоани вақтинчалик бошқарадиган бўлди. Кўпчиликнинг фикрича, Перес Антонио Конте билан келиша олса, Солари «Кастилья»га қайтади, аммо бу воқеалар ривожининг ягона варианти эмас. «Реал» президенти мураббийларга имконият беришга ўрганган. Сантьягога кўп вақт ажратилмаслиги тушунарли, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Вазиятни ҳозироқ тузатиш керак, Солари буни уддалай олмаса, Перес «Қироллик клуби»га бошқа номдорроқ мутахассисни олиб келишдан бошқа чора тополмайди.

Айни пайт Соларининг ҳолати мана бундай: Ла Лига регламентига кўра, бирор-бир мураббий лавозимга вақтинчалик тайинланса, ўша клубда тегишли лицензияга эга мутахассисни ушбу вазифага тўлақонли тайинлаш учун роппа-роса 15 кун берилади. Соларида шундай лицензия бор. Демак, «Реал» 13 ноябрда ё Сантьягони «вазифа бажарувчилик»дан халос қилади ёки бошқа мураббий олиб келади. Тайинланган муддат ичида «қаймоқранглилар» тўртта ўйин ўтказишлари белгиланганди - Испания кубогида «Мелилья» билан (сафарда), Примерада «Вальядолид» (уйда) ва «Сельта» (сафарда) билан, ЕЧЛда эса «Виктория» (сафарда) билан. Айнан шу учрашувларда Солари «Реал»да муваффақиятга эриша олишини исботлаши лозим.

Ҳозирча юқорида келтирилган даст­лабки иккита баҳсда «Қироллик клуби» ғалаба қозонди. Тўғри, тақвим оддий эмас, аммо жуда қийин деб ҳам бўлмайди. Эътиборлиси, шу тўртта учрашувда қўлга киритиладиган ютуқлар ҳам Флорентино Перес учун етарли бўлмаслиги мумкин. Натижа, албатта, асосий фактор саналади, лекин президент биринчи навбатда ўйин сифатига эътибор қаратишига шубҳа йўқ.

«Жамоага оғир вазиятда келдим. Ҳолат енгил эмас, аммо биз уни ўзгартиришга қодирмиз. «Реал» футболчилари - ҳақиқий жангчи ва ғолиблар. Мен янги Зиданманми? Зайниддинни тинч қўйинг. Айни пайт завқ-шавқга тўламан, жуда бахтлиман. Мақсадим нима? Ғалаба қозониш», - деди Солари ўзининг дастлабки матбуот анжуманида.

Зидан билан солиштиришлари аввалдан кутилганди. Француз ҳам 2000 йиллар бошида «Реал»да ўйнаган. Солари худди Зайниддин каби Флорентино Переснинг ишончига кирган. Мураббийлик йўлининг бошланиши ҳам ўхшаш, ахир Сантьяго ҳам айнан Зидан сингари жамоани инқироз даврида қабул қилиб олди. Фақат битта фарқ бор - франциялик мутахассис дарҳол бош мураббийликка тайинланганди («вазифа бажарувчи» қўшимчасисиз), Солари эса бу мақомга эришиш учун кўпроқ тер тўкиши лозим. Аргентиналик мутахассис ёқтирадиган услублар ҳақида гапирадиган бўлсак, у сўнгги пайтларда «Реал» танлаётган тактикаларни маъқул кўради - 4-3-3 ва 4-4-2. Шунингдек, Сантьяго «Кастилья»да кўпинча 4-2-3-1 схемасидан ҳам фойдаланарди.

Ҳавода муаллақ турган яна битта савол бор. Перес нима сабабдан ҳозиргача Конте билан келиша олмади? Тўсиқлар, аслида, кўп. Биринчиси - Конте Пересдан узоқ муддатли шартнома, шунингдек, янги ҳужумчи ва марказий ҳимоячи сотиб олишни талаб қилди. Нега айнан шу чизиқлар? Ҳаммаси оддий - Антонио ўзи ёқтирадиган уч ҳимоячи тактикасини танлашни аллақачон ўйлаб қўйган. Демак, мураббий музокаралар пайти ўз сўзида туриб, бўш келмаяпти. Бундай позиция клуб раҳбарияти билан ишончли ва мустаҳкам алоқаларни ўрнатиш нуқтаи назаридан унчалик яхши эмас, бироқ Конте шундай йўлни танлаган экан, унга қарши бирор сўз дейишга ожизмиз.

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Киритиш