{{ message }}

Отабек Валижонов: « Клубимизни ўзимизни АГМКга ўхшатаман»

 Иқбол Бобохонов эса «Арамбах» либосида майдонга тушмоқда. Демак, футболи энди ривожланаётган ушбу мамлакат биринчилигини ҳам кузатишга асос бор. Бу футболчиларимиз ҳали чемпионат бошланмаган бўлса-да, янги клублари билан шартнома имзолаб улгуришди. Ҳозирда Бангладешда мамлакат кубоги мусобақаси давом этмоқда. Ўтган ҳафта, аниқроғи, 27 октябрь куни айнан шу мусобақага старт берилди. Отабек ва Фурқатнинг жамоаси кубок доирасидаги баҳсда «Брозер Юнион» клубини иродали тарзда мағлубиятга учратди. «Брозер» икки бор ҳисобда олдинга чиқиб олган бўлса-да, БЖМС якунда Валижоновнинг «хет-триг»и эвазига кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди. Отабекнинг ўзи ҳақли равишда учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди ва уяли телефон билан тақдирланди. Биз ушбу ўйиндан сўнг Отабек Валижонов билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Отабек, Бангладеш чемпионатига йўл олишингиз қандай амалга ошди? Ким сабабчи бўлди?

- Бангладешга футбол агенти орқали йўл олдим. У менга шу мамлакат чемпионатида иштирок этувчи жамоадан таклиф бўлаётганини айт-ди. Яқинларим ва дўстларим билан маслаҳатлашиб кўргач, таклифга розилик бердим. Бангладешга етиб бордим ва БЖМС клуби билан шарт-нома имзоладим. Яхши шароитларга эга клуб, молиявий томондан ҳам барқарор ҳисобланади. Жамоамизга катта завод ҳомийлик қилади. Клубимизни ўзимизнинг АГМК жамоасига ўхшатаман. БЖМС ўтган мавсум 12та клуб иштирок этган Бангладеш Премьер-лигасини 9-ўринда якунлаган, «Абахани Лимитед» жамоаси эса чемпион бўлган экан. Бу йил ҳали чемпионат бошлангани йўқ. Айтишларича, янги мавсумда Премьер-лигада 14та клуб қатнашаркан. Жамоа раҳбарияти олдимизга сов-ринли ўринлардан бирини қўлга киритиш топшириқни қўйган. Ўйлайманки, бу вазифани уддалай оламиз. Таркибимиз сезиларли даражада кучайтирилди.

- Нима учун айнан Бангладешни танладингиз? Ўзбекистон чемпионатида қолмаганингизга етарлича сабаб бормиди?

- 2017 йилги мавсумни Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоасида якунладим. Афсуски, жароҳатлар исканжасига тушиб қолдим. Шу сабабдан ҳам 2018 йилги мавсумнинг биринчи даврасини ўтказиб юборишга мажбур бўлдим. Агар жароҳат билан ўйнашда давом этганимда, иш операциягача етиб борарди. Шуни ўйлаб ҳам жароҳатимни тўлалигича даволаб олишга қарор қилдим. Иккинчи даврага тайёргарлик кўраётганимда эса футбол агентлари «Бангладеш клубидан қизиқиш бўляпти, ўзингни янги чемпионатда синаб кўрмайсанми?», деб қолишди. Бу ўзимга ҳам жуда қизиқ бўлди. Тўғри, чемпионатининг савияси жуда юқори бўлмаса-да, ҳар ҳолда легионер мақомида ўйнаш имконияти юзага келганди. Бу таклифга розилик бердим ва Бангладешга жўнаб кетдим.

- Ярим йилдан кўпроқ ўйин амалиётисиз қолиб кетдингиз. Ҳозир бу ҳолат сизга таъсир ўтказмаяптими?

- Бошланишида анча қийин бўлди. Чунки бир неча ой давомида майдонга туша олмагандим. Тўғри, бу ерга келгунимга қадар Ўзбекистонда ўзим индивидуал тарзда югуриб, шуғулланиб турдим. Лекин умумий гуруҳда машғулот ўтказиш барибир бошқача. Бангладешга келгач, бир ярим ой давомида жамоам таркибида машғулотларда иштирок эдим. Айнан мана шу даврда аввалги спорт формамни тиклаб олишга муваффақ бўлдим. Бу борада менга ўртоқлик ўйинлари ҳам ёрдам берди. Ҳозир ҳаммаси жойида, кубок ўйинида ҳатто «хет-трик»ка ҳам эришдим. Голларим сабаб жамоамиз кейинги босқичга чиққанидан хурсандман.

- Юқорида «яхши таклиф» жумласини ишлатдингиз. Бу билан шарт-номанинг молиявий томонини назарда тутдингизми?

- Ҳар томонлама қулай таклиф олгандим. Тўғри, шартноманинг молиявий томонига ҳам эътибор қаратгандим. Чунки футболчилик фаолия-ти жуда қисқа бўлади. Буни яширишнинг ҳожати йўқ. Ана шу қисқа давр мобайнида молиявий ҳолатни яхшилаб олиш керак. Футболчилик фаолиятини якунлаганларнинг ҳаммаси ҳам мураббий бўлавермайди. Шуларни ўйлаб ҳам Бангладеш клубидан тушган таклифни қабул қилгандим.

- Шартнома қанча муддатга имзоланди?

- Бир йил. Ҳар ҳолда, янги чемпионат, янгича муҳит. Агар ҳаммаси яхши бўлса, келишувни яна узайтиришим мумкин. Балки бошқа янада маъқулроқ таклифлар тушиб қолар?!

- Чемпионат қачон бошланади?

- Ҳозирча аниқ санаси маълум эмас. Айни пайт кубок баҳсларида иштирок этяпмиз. Тез орада бу ҳақда аниқ маълумот берилади.

- Жамоада сиздан бошқа легионерлар ҳам борми? Қаерда яшаяпсиз?

- Клубимизда тўрт нафар легионер тўп суради. Икки нафар ўзбекис-тонликдан ташқари, Нигерия ва Камерундан футболчилар ҳам бор. Бизга алоҳида квартира беришган. Лекин сўнгги кунларда асосан клуб базасида қоляпмиз. Чунки кубок баҳслари ўтказилмоқда. Бу масалада муаммо йўқ. Яна бир ҳамюртимиз Алишер Азизов ҳам Бангладеш клуби билан шартнома имзолади.

- Фурқат Ҳасанбоев билан бир вақтнинг ўзида ҳозирги жамоангиз сафига бориб қўшилдингларми?

- Ҳа, Бангладешга бирга келдик. Иккаламиз ҳам расман шартнома имзолаб, бугунги кунда елкама-елка ўйнаяпмиз. Албатта, ўзбекистонлик футболчиларнинг кўп бўлиши биз учун жуда фойдали. Биринчи навбатда, ўзимизни ёлғиз, бегонадек ҳис қилмаймиз. Иккинчидан, янги муҳит ҳамда чемпионатга мослашишда ҳамюртларимизнинг ҳиссаси катта бўлади.

- Тил масаласида қийналмаяпсизларми?

- Бироз қийинчилик бор. Лекин қараб туриш йўқ, ўзимиз индивидуал тарзда инглиз тилини ўрганяпмиз.

- Қайси тилда гаплашяпсизлар? Машғулотлар пайти мураббий бераётган кўрсатмаларни тушуняпсизларми?

- Имкон қадар тушуняпмиз. Футбол терминларининг аксарияти русчага яқин. Жуда таниш сўзлар. Легионерлар билан инглиз тилида гаплашяпмиз. Ҳамма жойда ҳам футболнинг тили бир. Машғулотларда ҳеч қандай муаммоларга дуч келмадик.

- Об-ҳаво қандай? Иқлим ҳамда маҳаллий шароитга мослашиб олдингларми?

- Биринчи келган пайтимда кун анча иссиқ эди. Ҳозир нисбатан салқинроқ. Бангладешда қиш бўлмайди. Бир неча ойдан бери шу ердамиз. Ҳам иқлим ҳамда маҳаллий шароитга мослашиб олдик.

- Таом масаласи қандай?

- Ошпазларимиз мен ва Фурқат Ҳасанбоевга алоҳида таом тайёрлаб беришади. Бу борада ҳам муаммо йўқ, ҳаммаси жойида.

- Паловни соғингандирсизлар?

- Жуда ҳам. Бу ерда ўзимиз ҳафтасига икки марта ош пиширамиз. Лекин барибир, Ўзбекистонда тайёрланганига ўхшамайди. Бизнинг ҳаво ва сувимиз бошқача.

- Бангладеш чемпионатининг савияси ҳақида нима дея оласиз? Бизнинг Про-лигадан кучлими?

- Про-лигамиздан кучли, десам ўзимни алдаган бўламан. Лекин савия паст даражада, деб ҳам айта олмайман. Жамоалар таркибида европалик футболчилар бор. Улар чемпионат савиясининг ошишига хизмат қилишяпти. Ўзбекистонда техник футболни хуш кўришади. Шу сабабли ҳам клубларимизда биринчи галда техника ва тўп билан ишлашга урғу берилади.

- Легионерларга тахминан қанча маош беришаркан?

- Очиғи, бировнинг маошига қизиқмайман, бу нарсани ўзим ҳам ёмон кўраман. Тўғриси, легионерларнинг қанча маош олишидан хабарим йўқ. Лекин ўзаро суҳбатлашганимизда яхши дейишади.

- Маошларингиз 2000-3000 доллар атрофида борми?

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Киритиш