{{ message }}

Стивен Жерард: “Бир кун албатта “Ливерпуль”ни бошқараман...”

Футболчилик даврида «Ливерпуль» клуби ва Англия термаси афсонасига айланган Стивен Жеррард мураббийлик соҳасида ҳам машҳурликка эришишни мақсад қилган. Яқинда Франциянинг France Football нашри айни пайт Глазгонинг «Рейнжерс» клубини бошқараётган Жеррард билан суҳбат уюштирди.

- Ярим йилдан буён «Глазго Рейн­жерс»ни бошқараяпсиз. Бу бош мураббий сифатидаги биринчи ишингиз. Анча ўзлаштириб олдингизми?

- Йўқ, бу биринчиси эмас. Бунгача «Ливерпуль» ёшлар жамоасини бош­қарганман. Умуман олганда, катталар жамоасини назарда тутсак, шундай. Мутлақо бошқа даража, бошқа масъулият. Ўтган ярим йил ажойиб бўлди. Буни кутмагандим. Болалигимдан ҳурмат қиладиган клубни бошқариш имкониятига эга эдим. Таклиф билан чиқишганида ўйлаб ўтирмай розилик бердим.

- Эндигина 38 ёшдасиз. «Амплуа»­ни ўзгартиришга ҳали эрта эмасми?

- Аслида бу ҳақда кўпдан бери ўйлаб юрардим. 30-31 ёшлигимда, жисмоний ҳолатим талабимга жавоб бермаётганини тушунганимда, ўзимни мураббийликка тайёрлашни бошладим. Жерар Улье ва Рафаэль Бенитеслар «Ливерпул»даги устозларим. Улардан кўп нарса ўрганганман. Ҳар бир машғулотлардан кейин қайдлар киритардим. Махсус дафтарга улардан ўрганганларимни ёзиб қўярдим. Буларнинг қачонлардир қўл келишини ўшандаёқ билганман.

- «Глазго Рейнжерс» сизга қандай таклиф билан чиқди?

 - Икки танишим орқали. Биринчиси - Энди Скулдинг. У билан «Ливерпул»да танишганмиз. Айни пайт «Рейнжерс»нинг селекция бўлимида ишлайди. Иккинчиси - Марк Аллен. У билан «Манчестер Сити» академиясини бошқарганда танишганман. Ўшанда «Ливерпуль» ёшлар жамоасида ишлаётгандим. Улар қўнғироқ қилиб, «Рейнжерс» мураббий қидираётгани, бу борада клуб раҳбарияти билан музокара ўтказишим мумкинлигини айтишганди.

- Шубҳасиз, сиз дарҳол рози бўлдингиз?

- Бунга қадар 3-4 жамоадан таклиф олгандим. Лекин бу ишлар мен учун эканлигига унчалик ишончим комил эмасди. «Рейнжерс» эса шу ондаёқ маъқул келди. Номдор клуб. Ўзим ҳам айнан шундай бўлишини истагандим.

- Боз устига, «Рейнжерс» ҳам «Ливерпуль» сингари «халқ жамоаси» саналади. Ҳақиқатан ҳам керакли жиҳат...

- Ҳа. Бу ерда ҳам фанатлар ҳаракатига қойил қолмасдан илож йўқ. Уларнинг босимини жисмонан ҳам ҳис қиласиз. Лекин айрим футболчиларга бу негатив таъсир ўтказиши мумкин. «Рейнжерс»да мухлислар босими остида яшашни билиш муҳим. Бу ерга асаби мустаҳкам ўйинчилар керак. Агар ҳаммаси яхши бўлса, ажойиб муҳит ҳукм суради.

- «Рейнжерс»даги мақсадларингиз қандай?

- Ишни энди бошладим. Ўз услубимда ўйнайдиган жамоа тузишни хоҳлайман. Мухлисларнинг ҳам истаклари юқори. Лекин лойиҳа бирданига амалга ошмайди. Ҳаммаси бос­қичма-босқич олиб борилади.

- Вазифа - яна «Селтик» билан рақобатлашишми?

- Шундай. Ўртадаги даражани иложи борича тенглаштириб, яна «олтин» учун курашишни бошлашимиз керак. Сўнгги йилларда «Селтик»­ка рақобатчи йўқ эди.

- Жамоани Европа Лигаси гуруҳ босқичига олиб чиқдингиз. Бу ҳам ўзига яраша натижами?

- Ҳа, бу яхши қўнғироқ. Гуруҳ бос­қичига чиқишимиз молиявий тарафдан ҳам, клуб обрўси учун ҳам муҳим эди. Бу профессионал томонлама катта ютуқ. Шогирдларимга шундай турнирлардаги тажриба керак. Чунки улар ҳали анча ёш.

- Қачонлардир «Рейнжерс» Европада ўз ўрнига эга бўлган. Шу даврлар қайтади, деб ўйлайсизми?

- Муҳими, «рейнжерча» ўйнашимизда. Клубнинг жаҳон бўйлаб миллионлаб мухлислари бор. Европа Лигасида қаерга бормайлик, ўша ерда фанатларимиз топилади. Бу ажойиб. «Рейнжерс» ҳамиша ғалаба учун ўйнаган. Ҳозир ҳам шундай қилишга интиляпмиз. Футболчиларим барчасига масъулият билан қарашларини истайман. Рақиблар кимга қарши ўйнаётганларини билишсин. Сўнгги йилларда клуб имижини йўқотган. Биз яна ўз кучимизга ишонишимиз керак. Бунинг учун Чемпионлар Лигасига чиқишимиз жуда муҳим. ЕЧЛ­нинг «Айброкс» («Глазго Рейнжерс» стадиони)га қайтишини хоҳлайман. Бу ишни уддалаган мураббий бўлмоқчиман.

- Ёзда бир қатор ёшларни харид қилдингиз. Аммо вазифани бажариш учун тажрибали футболчилар керак...

- Ёш масаласи муаммо эмас. Иштиёқ бўлса, кифоя. Менга бренд учун келадиганларнинг кераги йўқ. Аввалига асосий мақсадимиз футболчиларнинг руҳиятини ўзгартириш эди. (Ёрдамчиси Грегори Виньялга юзланиб) Грег нима демоқчи эканлигимни тушунади. У мен билан «Ливерпул»да бирга тўп сурган. Энди «Рейнжерс»­дамиз. Бу жамоаларда футболчилар қандай бўлиши кераклигини у яхши билади. Айнан шунинг учун курашсангиз, кўпинчи ғалаба қозонасиз. Одатдагидек, футболкани кийиб, майдонга тушиб, ғалаба қозонишни кўпчилик эплайди. Аммо энг аввало, шундай клуб либосида юриш, унинг рамзи, эмблемасини тақишга муносиб бўлиш талаб этилади.

- Сиздек номи чиққан инсон футболчилар билан трансфер борасида осонроқ гаплашса керак?

- Ҳа. Баъзида гўшакни қўйиб қўйишмасмикан, деб чўчийман. Клубнинг молиявий ҳолати ўта бар­қарор эмас. Бу жиҳат ҳам селекция ишларида қийинчилик туғдиради. Имкони бўлганларни олдик. Қайсидир маънода, экспериментал таркиб. Лекин барчалари ғалабаларга чанқоқ футболчилар. Бошқа жамоалар захира ўриндиғида ўтириб зерикканларни чақирдик. Уларнинг курашга чанқоқлиги иш бермоқда. «Рейнжерс»да ҳамма ўзини кўрсатишга қодир. Бунинг учун клубда барча шароитлар яратилган. Лекин мен учун асосийси, мазкур жамоа шарафини ҳимоя қилиш истагидир. Бу борада таркибимиздаги янги футболчилар билан ҳам ишлар олиб боряпмиз.

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Киритиш