{{ message }}

Гоялик “фермер” – Артур Мело ҳақида гаплашамиз...

Унинг болалиги Амазонка чангалзорлари билан қўшни бўлган шаҳарда ўтди, иродаси орзусидаги жамоа - «Барселона»дан минглаб чақирим узоқликда тобланди. Натижада у чинакам жангчи бўлиб вояга етди. Ниҳоят, гал ўз маҳоратини намойиш этишга келганида, каталонияликлар унинг йўлига нақд 30 млн. евролик «поёндоз» тўшаб кутиб олишди. У эса бу ҳурматга сермазмун ўйин билан жавоб қайтаришга киришди. «Футбол» нашри Хави ҳамда Иньестадек афсоналарнинг муносиб вориси - бразилиялик Артур Мело ҳақида ҳикоя қилади.

«Гояс»даги илк Қадамлар

2009 йил. Хосеп Гвардиоланинг «Барселона»си фантастик ўйинлари билан ўз ҳукмронлигини ўрнатган давр. Бу ёқда жамоа 6 имкониятни 6та нуфузли совринга айлантирган пайтда ундан 5000 км. олисда бўлган ашаддий мухлиси «Гояс» ўсмирлари ўртасида донг таратиб улгурганди. 13 ёшли вундеркинд қалбини Хави ва Иньеста ўйинлари забт этган, тез орада ўзи ҳам улардек тўп суришга ваъда берганди. Артурни 4 ёшли пайтида отаси клуб академиясига олиб келганди. Барча ёш тоифаларидан муваффақиятли ўтган Мело ёшлар жамоасидаги икки йиллик фаолиятдан сўнг асосий таркибга ўтиш тадоригида эди. Бироқ айни ўша паллада Порту-Алегридан ташриф буюрган Жуниор Шавар ёш иқтидор соҳибининг тақдирини тубдан ўзгартириб юборди. Бу мутахассис «Гремио» ва «Сан Паулу» клубларининг скаути бўлгани боис, турнирлардан бирида Артурни кўз остига олиб қўйганди. Таклиф ҳам узоқ куттирмади. Мело эса жануб жамоасини танлади.

«Гремио»даги юксалиш даври

«У жуда интизомли ва ёшига хос бўлмаган даражада ақлли, фикрлаши асл профессионалникидан қолишмайди. Ишонаверинг, тез орада у клуб тарихидаги энг яхши футболчи мақомига эришади» - «Гремио» раҳбариятини ишонтира олган Шавар шартнома имзоланганидан ке­йин ҳам Мелога бўлган эътиборини сусайтирмади ва дебютантнинг янги жамоага тезроқ мослашиши учун махсус дастур яратишга киришди. Тенгдошлари орасида «Гойяенсе» тахаллуси билан танилган Артурга чиндан ҳам осон бўлмади. Аммо скаут ҳам у билан шуғулланишни бўшаштирмади: «Мелонинг «Гремио»даги фаолияти ва унга яратилган шарт-шароитларни шахсан ўзим назорат қилдим, овқатланиш тартибидан тортиб, жисмоний ва руҳий ҳолатигача мунтазам кузатувда бўлди. Биз ўта мураккаб жараённи босиб ўтдик ва охир-оқибат чинакам жавоҳирга эга чиқдик. «Гояслик» - метин ирода соҳиби, ўз вазифасига масъулият билан ёндашади. Чинакам профессионал бўлишига у ҳеч қачон шубҳа қилмаган. Ана шу тиришқоқлиги Артурни академиянинг энг сара тарбияланувчилари сафига олиб чиқди».

Футболчининг асосий таркибдаги дебюти 2015 йилнинг январида амалга ошди. Ўз уйидаги мундиалда 4-ўрин билан кифояланган «пентакампеонлар»­ни тарк этган ва «мушкетёрлар» бошқарувини қўлга олган Луис Фелипе Сколари ёш шогирдига бир неча дақиқа тўп суриш имконини берди. Шундан кейин дебютантнинг фаоллиги тобора ошиб борди: 2017 йилда «Гремио» Либертадорес кубогини қўлга киритди, 20га чиқиб улгурмаган Мело эса мусобақанинг энг фойдали ўйинчиси сифатида эътироф этилди.

Ҳаётга чанҚоҚ фермер

Яшил майдон ташқарисида Артур жиддийлик ниқобини ечиб, хушчақчақ ва ёқимтой йигитчага айланади, камераларга табассум билан нигоҳ ташлайди, дастхат ва интервью беришдан эринмайди. Бир қарашда уни ўзи яратаётган мўъжизага эртак ёки лаззатли туш сифатида қараётган хаёлпарастга қиёслаш мумкин.

 Футболчи Каталония пойтахтига кўчиб ўтганидан кейин тез орада онаси ва акаси Пауло Энрикелар ҳам етиб келишди. Шунингдек, бразилиялик легионер Европага бир нечта мушук ва кучукларини ҳам олиб келди. Бразилияда бутун бир фермаси қолиб кетганини айтганида, «Барселона» тасвирга олиш гуруҳи аъзоларининг ҳайрати янада ошди. Бошқа жониворлардан ташқари, Гоянияда пони тулпори ва шохдор қўчқори ҳам бор. «Болалигимда ота-онам билан фермага борар ва кунни жониворлар ёнида ўтказардим. Ҳатто овқатланиб олишга ҳам вақтимни қизғонардим», - дейди Артур.

Ўзининг бўш вақтларини Мело қандайдир базмлар ёки тунги клубларда эмас, оила даврасида ўтказади. «Компьютер ўйинлари ва фильм томошасини хуш кўраман. Бошқа спорт турлари - теннис, баскетбол, пинг-понг ҳам жону-дилим», - дейди у. Мавзу жонажон Гоянияга кўчганида эса, Артурнинг юзида соғинч аломатлари пайдо бўлади. Бу осуда гўшада 1 млн.га яқин аҳоли яшайди. Шаҳарда сайёҳлар эътиборини тортадиган иншоотлар йўқ. У «Сертанежу» мусиқий йўналиши билан ном қозонган. Жумладан, қаҳрамонимиз Фелипе Араужунинг мухлиси, хонанданинг янги қўшиқларини ўтказиб юбормайди.

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Киритиш