{{ message }}

Диего СИМЕОНЕ: «МУМКИН ЭМАС» ИБОРАСИНИ ЁМОН КЎРАМАН»

Мадриднинг «Атлетико» клуби бош мураббийи Диего Симеоне Чемпионлар Лигаси доирасидаги «Монако»га қарши баҳс (2:0) арафасида жамоасининг ўйини қандай ташкил этилиши ва Испания чемпионатида нега яққол фаворит йўқлиги ҳақида фикр билдирди.

- Испания чемпионатининг жорий мавсуми ҳар қачонгидан ўзгача ўтмоқда, исталган жамоа рақибини мағлубиятга учратмоқда...

- Барча клублар етакчиларга яқинлашиб боришмоқда. Мураббийлар керакли йўналишда ишлашмоқда, рақибларни қандай зарарсизлантиришни билишади. Мана, Россияда ўтказилган ЖЧда ҳам яққол фаворитни кўрмадик. Бир нечта жамоа «олтин» учун курашди. Испанияда ҳам худди шундай – тактика тобора катта роль ўйнамоқда. Балки бу ўйин томошабоплигига таъсир ўтказаётгандир, бироқ ҳаммага натижа керак.

- Айтмоқчисизки, футболда мураббийнинг роли ошмоқда?

- Худди шундай. Буни Россиядаги мундиалда кўрдик, ўйлашимча, мураббийлар асосий планга чиқишди. Ла Лигада ҳам мураббийлар қўл остидаги жамоадан максимум натижа олишга интилишмоқда. Ҳеч ким муайян идеал услубга таянмаган, ҳар бир йўналиш ўзига яраша яхши. Ҳаммаси футболчилар, уларнинг мураббий ғояларини амалга оширишдаги имкониятига боғлиқ.

- Сизнинг наздингизда, рақобатбардош жамоа қандай бўлиши лозим?

- У мураббий сифатида топшириладиган ҳар қандай вазифани ечиши керак. Машғулотлар жараёнида ишланган нарсаларни ўйинда кўрсатади. Ҳа, бу мағлубиятга учрамасликни кафолатламайди, аммо жамоа тўғри ҳаракат қилса, мамнун бўламан. ЕЧЛ доирасида Дортмунддаги баҳсда 0:4 ҳисобида енгилдик. Ушбу натижадан тушкунликка тушдим, деб ўйлайсизми? Асло! Чунки биз режадагидек ўйин кўрсатдик. Шунчаки, айрим вазиятларда ишлар чала эканлиги кўринди ва бу бизга қимматга тушди. Жамоамиз ўйини шаклланган, ҳеч нарсани ўзгартириш шартмас ва орадан уч кун ўтиб, Испания чемпионати доирасидаги «Реал Сосьедад»га қарши баҳсда йигитлар буни исботлашди – биз ғалаба қозондик (2:0). Қисқаси, қандай ўйнаш кераклигини билган жамоа ҳамиша курашга шай бўлади.

- Яхши. Жангга шай бўлмаганларнинг характеристикаси қандай?

- Ўзини бутун жамоадан устун қўядиган футболчилари бор жойда шундай нуқсон кузатилади.

- Жорий мавсум Ла Лигада етакчилар ҳаддан зиёд очко йўқотишди...

- Шунчаки, аввал очко ололмаганлар отни қамчилашди. Тўғри усулни топишди. Жамоалар савияси тенглашмоқда, чемпионатнинг учдан бир қисми ортда қолди, қаранг, биринчи билан ўнинчи ўринни неча очко ажратиб турибди? Бунақаси аввал кузатилмаганди.

- Барибир, 0:4 ҳисобидаги мағлубият стрессга сабаб бўлади. Йигитлардаги ўзларига бўлган ишончни қайтариш учун мураббий нима қилиши керак?

- Мағлубиятдан бир кун ўтиб, уларга ўйин ёзувини, қайси вазиятда тўғри ҳаракат қилишганини кўрсатдим. Ҳар бир жамоанинг ўзига яраша устунлик ва камчиликлари бўлади. Хатоларни оддий кўз билан илғаш мумкин. Уларга эътибор қаратиш лозим! Яхшиси, ўзимизнинг кучли томонларимизни инобатга олиб, эплайдиган жиҳатларни кучайтирамиз. Хатолар эса барчада учрайди!

- Ўйинлар пайти ҳиссиётларингиз жунбушга келишини кўриб, савол туғилади – шунча куч қаердан олиняпти?

- Кеча, бир ва икки йил аввал рўй берган воқеаларни ёддан чиқариб юборишга интиламан, эртага қандай ғалаба қозонишни ўйлайман. Қўл остимдаги футболчиларнинг ўсишга эришишлари асосий омил деб биламан. Ҳар гал сафимизга иқтидорли ўйинчи қўшилса, унда кўплаб камчиликларни кўраман – бу мураббий сифатида мен учун ўзига хос чорловдир. Аслида мураббий нафақат билим беради, балки футболчиларига ҳиссиёт борасида ҳам таъсир ўтказиши лозим.

- Ушбу масалада аниқроқ тушунтириш берсангиз...

- Бу ҳаёт қонуни. Бош танани назорат қилади. Йиллар ўтиб, футболчиларимнинг ҳолатини тушунадиган бўлдим. Уларнинг машғулотларга йўл олишларига қараб, қандайдир муаммоси борлигин сезаман. Атрофимдагиларнинг энергиясини ҳис қиламан. Ҳар тонг уйғонганимда менда бир мотивация бўлади – тўхташ йўқ, мураббий сифатида ўсиш даркор. Кўпинча мендан «Атлетико»да узоқ вақт ушланиб қолишимга нима сабаб бўлаётгани ҳақида сўрашади ва мен бунга қуйидагича жавоб бераман: бу ерда ўзимни жуда қулай сезаман. Дунёда биз мағлуб этолмайдиган жамоалар кўпми? «Мумкин эмас» иборасини жуда ёмон кўраман.

- Бир ўйинда неча килограмм вазн йўқотасиз?

- Дарҳақиқат, терлашга тўғри келади... (Кулади). Ўзимни хотиржам тутишни хоҳлайман, аммо буни уддалаш қийин. Майдонда нимадир содир бўлаётганини кўрса, қоним қайнайди, ўзимни назорат қилолмайман. Имкон қадар ўзимни қўлга олишга интиламан. Жамоа учун кўп нарсага кўз юмишга тўғри келади.

- Жуда чарчасангиз керак...

- Албатта. Баъзан чарчоқ сезилади. Айрим ҳолларда эса унинг ўрнини қўрқув эгаллайди. Гоҳида эса эртага чиқиш эшикларини кўрсатишлари мумкинлиги ҳақида ўйлайман.

- «Атлетико»да юлдузлар билан қандай чиқишасиз?

- Биз кўп йиллардан биргаликда буён ишлаяпмиз. Муносабатларимиз аъло, ҳурмат жойига қўйилади. Албатта, бу йигитлар машҳур, майдонга туширмаганингда, норози бўлишади. Ўзим ҳам футбол ўйнаганман, балки Гризманн даражасига чиқмагандирман, аммо жанговарликни сақлаб қолардим. Ўшанда мураббийлар менга тўғри йўналиш бериш учун провокатордек ҳаракат қилишарди. Футболчининг мураббийга муносабати уни майдонда қанча ўйнатгани эмас, балки кунлик машғулотлардаги ишга боғлиқдир. Мен имкон қадар қўл остимдаги ўйинчининг ёрқин қирраларини очишим, нималаргадир даъват этишим керак. Мабодо унинг жаҳли чиқса, яхши, чунки бу ғазаб муваффақиятга етаклаши мумкин.

- Борди-ю кимдир сиздан ранжимаса-чи?

- Омадини бошқа жамоадан излайверсин!

- Юлдуз футболчи жамоада алоҳида мавқега эга бўлиши лозимми?

- Бу хусусда кўп гапирилган. ОАВда шундай тўқима образ пайдо бўлган – жамоадаги юлдуз. Бошқа томондан, мураббийлар матбуотнинг хабарларига кўра иш тутишлари керакми? Шахсан мен бу борада ҳеч нима демоқчи эмасман.

- Лекин жамоа ўйини айнан юлдузлари ҳисобига қурилади-ку?!

- Тўғри. Бироқ жамоа юлдузга қанчалик боғлиқ бўлса, юлдузнинг ҳам жамоага боғлиқлиги бундан кам эмас. Унинг шу даражага етишида шерикларининг ҳиссаси катта бўлади. Гризманн ўзига керакли бўлган жамоалар – «Атлетико» ҳамда Франция термасида тўп сураётгани учун ҳам ҳозирги мавқеига эришди.

- Футболчилар билан суҳбатлашиш чоғида мураббий маълум масофани сақлаши керакми?

- Шубҳасиз. Аммо кўпинча ўйинчиларнинг ўзлари масофа сақлашади. Ҳар ким мустақил бўлишга интилади. Муҳими, бундай интилиш яқинларингизни хафа қилмасин.

- Футболчи мураббийдан қўрқиши керакми?

- Агар отасидан қўрққан ўғил сингари бўлса, майли.

- Яхши ўйинчи, керак пайтда жамоаси учун ўзини қурбон қилиши лозимми?

- Ҳақиқий юқори савияли футболчи бўлса – ҳа. Айнан шунинг учун унинг даражаси баланд бўлади. Бир оғайним шундай деганди: «Ажойиб футболчи ҳеч қачон муаммо туғдирмайди. Савия ҳам айнан шундан келиб чиқади!» У ҳақ. Барча муаммолар аслида юлдуз бўлмасада, ўзини осмонда юргандек ҳис қиладиганлардан келиб чиқади.

- Антуан Гризманн – юлдузми?

- Албатта! Янада аниқроқ айтадиган бўлсам, у ўзидаги юлдузликни Франция термасига ҳам юқтирган. Ажойиб футболчи, ўз олдига юксак мақсадлар қўядиган жамоа айнан шундайларга эҳтиёж сезади. Мен «Атлетико» ва Франция термасини назарда тутяпман. Антуан маълум муддат сояда юриб, керакли паллада катта саҳнага чиқиши мумкин. ЖЧ ярим финали доирасидаги Бельгияга қарши баҳс (1:0)нинг бир вазиятини яхши эслайман. Қарши ҳужум пайти Гризманн Мбаппега узатма йўллади, Килиан эса олдинга интилди. Режага кўра, Антуан ҳам унга қўшилиши лозим эди. Аммо у нима қилди? Рақибнинг энг хавфли ўйинчи Азарнинг қаерда турганини кўрди ва мазкур ҳолатда жамоаси манфаати учун тўғри йўлни танлади. Ўшандаёқ миямда бир фикр чарх урганди: унинг миясига компьютер ўрнатилган! У ҳар бир вазиятда керакли ишни бажаради. Ўша ҳолатда ҳам Гризманн барчасини тўғри ҳисоб-китоб қилди, ҳужум самарасиз якунланишини сезиб, кейинги ўйин ҳолатига тайёрланди.

- Антуан «Атлетико»га келгани йили (2014) унинг «миясида компьютери бормиди»?

- Туғма иқтидор соҳиби экани яққол кўринганди. «Атлетико»га келишидан аввал («Реал Сосьедад»да) Гризманн чап ярим ҳимояда ўйнарди, мен эса уни ҳужумга қўйдим. Шунда мендан ранжишди. Ахир клуб унга қанот ярим ҳимоячиси сифатида 30 миллион евро тўлаганди-да. Раҳбариятга Гризманн иккинчи ҳужумчи вазифасини аъло даражада бажариши мумкинлигини тушунтиришга тўғри келди. Бунинг учун унда ҳамма нарса етарли: гол сезиш қобилияти, ажойиб зарба, соғлом фикр... Янги позицияга тезда мослашишига ишончим комил эди. Аммо бунинг учун кўп ишлашга тўғри келди, хусусан, унинг жисмоний ҳолати бўйича. Антуан «Атлетико»да кўп жиҳатлар бўйича ривожланишга эришди.

- Баъзан омма Гризманн нега бор масъулиятни ўз зиммасига олмаётганини тушунмайди...

- Нима демоқчилигингизни тушундим... 2018 йили Гризманн Франция термаси ва «Атлетико»га жуда кўп нарса берди, ҳали ҳеч бир футболчи бундай қилганини кўрмадим. Мана ҳамма гап қаерда! Агар йигит бутун жамоа ўйинини тўғри йўналишга солаётган бўлса – у бебаҳо футболчидир!

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Киритиш