{{ message }}

Кападзе – мультичемпион, Ибрагимович, Роббен ва Гиггз ҳам (ИнтерФутбол блоги)

 

Қайси футболчилар миллий чемпионатларда энг кўп олтин медаль ютишгани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Кимлар турли мамлакатлар ва турли клубларда шундай муваффақият қозонишганини биласизми? Журналистлар шу саволларни ўртага ташлаб, тегишли жавоблар излашди. Эътиборлиси, жаҳон футболидаги мультичемпионлар орасида ҳамюртимиз Темур Кападзе ҳам бор. Умуман, миллий жамоамиз собиқ ярим ҳимоячиси бу борада олдинги ўринлардан бирида!

ЖАМИ УНВОНЛАР СОНИ БЎЙИЧА

Ҳаттоки, баъзи яхши ва жуда яхши савиядаги футболчиларга ҳам бутун фаолиятлари давомида миллий чемпионатларда лоақал бир бора ғалаба қозониш насиб этмаслиги мумкин. Энг ёрқин мисол - Стивен Жеррард. Ҳа, англиялик хавбек Европа ЧЛда зафар нашидасини сурган, АПЛда 3 марта вице-чемпион мақомига эришган, аммо лиганинг олтин медалига етолмаган, барибир. Голландиялик Робин ван Персининг Стивга нисбатан ҳазилнамо мурожаатини эсланг: «Тўхта, АПЛдаги ғолиблик учун олган медалинг қаерда?» Шунинг баробарида футболда яна бир тоифа ўйинчилар борки, уларга чемпионлик бобида омад шунчаки, «ёпишиб» олади! Бунда юлдуз ёки чинакам кучли ижрочи бўлиш ҳам шарт эмас. Дейлик, Россияда чемпионлик унвони бўйича Дмитрий Ананко мутлақ рекордчи саналади. Қаранг, «Спартак» сафида нақ 9 марта мамлакат чемпиони бўлган бу ҳимоячи Россия термаси сафида атиги 1 бора майдонга тушган. Чунки Ананко энг яхши ҳимоячилар қаторига кирмасди. Умуман, жаҳон миқ­ё­­сида олсак, 9та чемпионлик унвони у қадар юқори натижа саналмайди. Ананко бу борада иккинчи юзталик орасида. Мисол учун, 58 нафар футболчи миллий чемпионатларда 10 марта ёки кўпроқ зафар қучган.

24 нафар футболчи - 10 карра чемпион. Бу гуруҳда «Аякс» ва «Фейеноорд» билан Голландия Эредивизиони ҳамда «Барселона» сафида Испания Ла-Лигасида ғалаба нашидасини сурган Йохан Кройфф бор. «Реал» афсонаси Хосе Мартинес Пирри эса 10та чемпионлик медалини ҳам «Қироллик клуби»да ютган. Шунингдек, Вальтер Самуэль, Петер Шмейхель, Жуниньо Пернамбуканова Дэвид Бекхэм каби машҳур футболчилар ҳам фаолиятлари давомида 10 карра чемпион бўлишган.

15 нафар футболчи - 11 карра чемпион. Пол Скоулз барча унвонларини «МЮ» билан қўлга киритган. Бу гуруҳда Португалия футболи афсонаси Эйсебио, фаолиятини ҳамон давом эттираётган хорват Дарио Срна, собиқ дарвозабон Витор Байя, яна Арьен Роббен, Златан Ибрагимович ҳамда унинг яқин дўсти Максвеллни кўриш мумкин.

12 нафар футболчи - 12 карра чемпионГари Невилл 12та «олтин» учун «МЮ»дан миннатдор бўлиши керак. БАТЭнинг икки вакили - Виталий Родионов ва Дмитрий Лихтарович, шунингдек, Сергей Ребров ва Валентин Белькевич («Динамо» К.) шу гуруҳда. «Мадрид» тарихидаги икки ёрқин юлдуз ҳам бор: Ференц Пушкаш ва Пако Хенто.

4 нафар футболчи - 13 карра чемпион. Ҳамюртимиз Темур Кападзе венгриялик Имре Шлоссер, Мисрфутболи афсонаси Ҳуссам Ҳассан ҳамда Уэльс фахри Райан Гиггз қаторида. Темур ўз ҳисобидаги аксарият олтин медалларни Ўзбекистонда расмийлаштирган бўлса, Ра­йан фақат Англияда зафар қучган. Топ-лигалардаги чемпионлик сони бўйича рекорд айнан «МЮ» афсонасига тегишли.

2 нафар футболчи - 14 карра чемпион. Александр Шовков­с­кий Киев «Динамо»си сафида Украинанинг 14 карра чемпиони мақомига эришди. Футбол тарихидаги энг кучли ҳужумчилардан бири Альфредо ди Стефано эса 14та олтин медални 3та мамлакатда ютган - Испания, Аргентина ва Колумбияда.

1 нафар футболчи - 16 карра чемпион. Гап норвегиялик Роар Странн ҳақида кетмоқда. Унинг коллекциясидаги 16та «олтин»нинг барчасида «Русенборг» муҳри бор. Роар илк ютуғини 1990 йили, охиргисини эса мавсум-2010да нишонлаган. «Русенборг» - Норвегиянинг энг совриндор клуби (26 карра чемпион), унинг бу борадаги энг яқин таъқибчиси - «Фредрикстад» атиги 9 бора зафар қучган. Хуллас, Странн чемпионлик масаласида биргина «Русенборг»ни инобатга олмаганда, Норвегиянинг ҳар қандай клубидан ҳам олдинда.

МИЛЛИЙ ЧЕМПИОНАТЛАР ХИЛМА-ХИЛЛИГИ БЎЙИЧА

Навбат турли мамлакатларда энг кўп зафар қучган футболчиларга келди. Бу борадаги статистикада ҳам қизиқарли жиҳатлар кўп. Умумий олганда, нақ 24 нафар футболчи 4та ёки кўпроқ мамлакатнинг бош лигасида олтин медаль ютган.

23 нафар футболчи - 4та миллий чемпионат ғолиби. Аввало, топ-биринчиликларда ғалаба қозонган футболчиларни эътироф этиш керак. Булар - Габриэль Хайнце, Уэсли Снейдер, Хамес Родригес, Тьерри Анри, Робиньо, Деку, Алекс, Марк ван Боммель, Ривалдо, Карлос Тевес ва яна ўша Дэвид Бекхэм, Златан Ибрагимович, Арьен Роббен, Макс­велл. Дэвид Англияда «МЮ», Испанияда «Реал», АҚШда «Лос-Анжелес Гэлэкси» ҳамда Францияда «ПСЖ» билан шоҳсупага кўтарилди. Ибрагимович ва Максвелл параллель йўналишда ҳаракатланишди: Голландия, Италия, Испания ва Франция. Роббен ҳам аввалига Голландия чемпионатида зафар қучди, кейин АПЛ, Ла-лига ва Бундеслигани забт этди. Лукас Барриос «Спартак»да Россия чемпиони мақомига эришмаган бўлсада, Германия, Хитой, Бразилия ва Чилида мақсадга эришди.

1 нафар футболчи - 6та миллий чемпионат ғолиби. Мутлақ рекордчи ҳам маълум вақт Россияда ўйнаган ва Лукас Барриос каби чемпион бўлмай кетган. Бу йигит - Матей Кежман. Серб ҳужумчиси собиқ Югославия, Голландия, Англия, Туркия, Беларусь ва Гонконг чемпионидир. Ваҳоланки, у вақтида «Зенит», «Атлетико» ва «ПСЖ» каби кучли жамоаларда ҳам чакки тўп сурмаган. Фақат ўйнаган вақти шу клубларнинг чемпионсизлик даврига тўғри келганди.

 

КЛУБЛАР ХИЛМА-ХИЛЛИГИ БЎЙИЧА

Жами 20 нафар футболчига 4та ёки кўпроқ клуб сафида миллий чемпионат ғолиби бўлиш насиб этган. Хусусан, Темур Кападзе нақ 5та клуб билан зафар байроғини кўтарган.

5та клуб сафида чемпион бўлган футболчилар

Темур Кападзе (Ўзбекистон): «Нефтчи», «Пахтакор», «Бунёдкор», «Локомотив» (барчаси Ўзбекистон), «Астана» (Қозоғистон)

ДАВОМИ

Манба: www.uff.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар