{{ message }}

Хайрулла Ҳамидовдан: Янги давр

«Олтин тўп» соврини ўтган асрнинг ўрталаридан бери топшириб келинаётган бўлса-да, бошқалар ҳам мен каби бу совринга 90-йиллар бошида эътибор қаратган бўлса керак. Мен ҳам жуда-а-а эътибор қаратганман деёлмайману, йилнинг энг яхши футболчилари рўйхатига қараганимда, бу соврин Италиядаги мундиалдан бошлаб ўз аҳамиятини топгандек туюлаверади. Футболчиларини ҳам таниганим учундир балки.

Ҳа, мен учун ҳам Пеле етиб бўлмас чўққи, Кройфф отамнинг суюклиси, Гарринча санъаткор, Месхи собиқ иттифоқ дурдонаси, Яшин қора пантера ва Тофик Баҳрамов ҳакамлар сиймоси бўлиб гавдаланса-да, уларни ҳаётим йўлида параллел учратмаганим учун Марадонанинг ёнига қўя олмайман. Диего дўстимдек, акамдек кўринаверади.

Ўтмиш юлдузларини ҳам Папен ва ван Бастендақа гол ура олишмаган деб ўйлайвераман. Баджо сиймоси каттароқ туюлаверади. Улғайганим сари кузатганим – Зидан ва Роналдиньо футбол академияси учун мукаммал қўлланма. Бразилиялик Роналдо гол машинаси. Бўлди, футбол мен учун ўз сабоқларини шу таҳлит бериб бўлган гўё.

Магистратурада эса, Бекхэм, Рауль, Недвед, Дель Пьеро, Бергкамп, Тотти, Фигу, Шевченко, Клюйверт ва яна бир қатор даҳолар қўшимча дарс ўтиб, футболда бундан бошқа кашфиёт яратиб бўлмаяжаклигини тушунтириб кетишган менга.

Ва ҳатто “Милан” 2007 йилги Чемпионлар Лигасини енгганида ва унда бразилиялик Кака суперўйин кўрсатиб, йил охирида «Олтин тўп»га лойиқ кўрилганида ҳам мен учун охирги қўнғироқ чалиб бўлинган эди. Кейин билсам, бу қўнғироқ охирги қўнғироқ эмас, танаффусга чорловчи қўнғироқ экан.

Футбол ўзи алдамчи ўйин. “Чемпион” газетаси чиқариб юрган пайтимиз, аниқроғи, 2007 йилнинг охирларида кириш мақола ёзган эканман, яқинда кўриб қолдим ва уялиб кетдим. Лекин уялишим асносида ўзини оқламаган тахминларимдан хурсанд ҳам бўлдим. Биласизми ўшанда нима ёзган эканман? “Сўнгги магиканлар” футбол билан хайрлашмоқдалар, бундан буён футбол роботлар ўйини бўлиб қолажак, энди бразилиялик Роналдо сингари йилига 30талаб гол урадиган ҳужумчи чиқмайди, Зиданга ўхшаб тўп билан айланадиган, Роналдиньо сингари эластик ҳаракатлар соҳиби бошқа туғилмайди, деган эканман. Қалай?!

Ўқиган одам ўша кун ҳолати билан ишонган, турган гап. Ростанам-да, 2002 йилги мундиалдан сўнг фақат жамоавий ўйин кўрсатаётган терма жамоалар қитъа ва жаҳонни енгаётган бир пайтда, бошқача фикрга келишнинг имкони бормиди?! Каннаваро ажойиб ўйинчи, аммо у «Олтин тўп»ни олгач, бу совриннинг қиймати қайларга тушиб кетди, деб аюханнос солган биз бўламиз, азизлар! Шу боис ҳам, Каканинг 2007 йили Парижда ғолиб бўлгани-да ҳеч кимни севинтирмаган. “Милан” мухлисларидан бошқа.

Мен мақола ёзган ва Кака «Олтин тўп» соҳибига айланган ўша 2007 йил кейин маълум бўлишича, тўфондан олдинги сукунат эди.

Биз-ку, ўттиздан ошган, футбол деб аталмиш жозибали ўйиндан борича меҳрни кўрган мухлисларга қандайдир янгилик у қадар зарур эмас эди. Ёш, эндигина футболга ошино бўлган кўнгиллар яқин орада недир содир бўлажаклигини балким кутишгандир, биз буни билолмаймиз. Қаердандир янги меҳмон кутган бўлишса, ажаб эмас.

Ва у ростан ҳам келди.

Футболнинг шу жойда футболлиги тутиб қолди. У недир янги ҳодиса, ҳеч қачон кўрилмаган ҳодиса истаб қолди: “Бу шундай ҳодиса бўлиши керакки, узоқ чўзилсин, футболнинг роботлар ўйинига айланиб бораётганига шаъма қилганларга қаттиқ зарба бўлсин!”

Шундай бўлди ҳам.

Ўша лаҳзадан бошлаб футбол мени яна ёшликка, лекин ғалати ёшликка қайтарди. Кап-катта одамману, мессичи ва роничилар замондошига айланиб қолдим. Мисол учун, отамга қарайман, уни бирор бир футболчи қирққа етганида олдинги даврига қайтара олмаган. Кройффнинг номини ўчириб юборишга қудрат топмаган отам. Менда ва менинг тенгдошларимда шу давр содир бўлди.

Қизиғи, бу даврни ҳеч ким ўйлаб топмади. Кимдир айтаётганидек, уларни пиар қилиб шиширишмади, қандайдир компания бу иш устида бош қотирмади. Уларнинг иккиси замона зайли билан, кўнгил майли билан, футбол сайли билан кириб келишди яшил майдонга.

Тўғриси, ҳозир Месси ва Роналду ҳақида янги гап айта олмайман. Мен фақатгина уларнинг атрофида бўлиб ўтган ҳодисаларни баён этиш орқали ўзи биз қандай замонга тушиб қолганимизни тушунтиришга уриниб кўраман.

Кака 2007 йили «Олтин тўп» соҳиби бўлганида шу икки йигит унинг олдида жимгина турган. Демакки, Лео ҳам, Криш ҳам футболда мавжуд одамлар эди. Лекин нега ўшанда ҳеч ким бу икки ўғлоннинг ўн йил давомида шу даргоҳга тинмасдан ташриф буюражаклигини тахмин қила олмаган?

Менимча, бу ҳодиса содир бўлишини фақатгина Месси ва Роналдунинг ўзи ўша куни қалбан ҳис этган. Ахир, иккиси «Олтин тўп» қўлдан қўлга ўтиб келаётган бир матоҳ даврида яшашди-ку, барқарорлик деган тушунча футболда йўқолиб кетганини ўз кўзлари билан кўришди-ку. Каканинг олдида туришардию, аслида ундан зўр эканликларини жуда яхши билиб туришарди иккиси. Бу уларнинг ички оламидан портлаб чиқаётган исён эди.
Ишонаверинг, футбол қай бир даҳони юзага чиқарар экан, ундан олдинги ва ундан кейинги даврни ҳам шунга боғлаб қўяди. Кака ўша куни “МЮ” ва “Барса” афсунгарларининг ҳақиқий кучини билмаган. Йиллар ўтибгина, “мен «Олтин тўп»ни қўлга киритган охирги ерликман” деганида, ўша кунларда қандай гравитация кучига қарши турганини англаб етган.

2007 йил футболдаги ана шунақа эврилиш йили бўлганди. Келинг энди, чин дилдан иқрор бўлайлик-да, футболни уч даврга бўлиб чиқайлик:

Пелегача бўлган “болалик даври”, Пеледан 2007 йилгача бўлган “ёшлик даври” ва  Каканинг олдида «Олтин тўп»ни охирги ерлик олаётганига норизо ҳолда турган икки ўғлоннинг асри...

2008 йилдан кейин бу спорт турида балоғат даври бошланди. Ҳа, ҳа, балоғат даври. Чунки инсон балоғатга етгандагина барқарорлик ҳосил қилади. Тетик туради, курашлардан чарчамайди, беш марта йиқилса, олти бора ўрнидан тура олади. Бу, Месси ва Роналду даври бўлди.

2018 йилнинг энг яхши футболчиси номи Хорватия терма жамоаси сардори Лука Модричга топширилганига қарамай, аслида Лео ва Криш даври тугади деб бўлмайди. Чунки аргентиналик афсунгар ҳали 31 ёшда, олдингидан кўра хавфлироқ. Лекин энди бир текис давом этган 10 йиллик ҳокимликка чек қўйилди. Шуниси рост. Месси ва Роналду яна биттадан «Олтин тўп» ҳам олади дейлик – мен бунга ишонаман – лекин уларнинг юриши барибир 2018 йил бир тўхтагани ҳақида гапирилади.

Қаранг энди – Кака ва Модрич. Ярим ҳимоячилар. Лука «Олтин тўп»ни қўлига олиб: “Тўп ниҳоят майдон марказига қайтди”, деди. Чиройли сўзлар, тан оламиз. Аммо у тўпни марказга қайтаргани билан футболнинг кейинги ҳаётига нима бермоқчи? Қандай маъно тақдим этмоқчи?

Бугун Модричнинг «Олтин тўп»и ҳақида гаплар кўп. Эътирофдан кўра эътирозлар талайгина. “Асрнинг энг катта ўғрилиги” деб ёзмоқда “Марка” нашри. Италия газеталари “«Олтин тўп»га ҳам VAR тизими керак”, дейишди. “Йил давомида ўнта гол ура олмаган футболчи 50дан зиёд гол урувчилардан «Олтин тўп»ни тортиб олди”, деганлар бўлди.

Аслида-чи? Бизнингча, Лука керакли пайтда яхши мавсум ўтказди, холос. Хорват шу ўйини ва шу натижалари билан 2010 ё 2014 йили учталикка ҳам кира олмасди. Ишонмайсизми, Снайдер, Иньеста ва Риберидан сўранг! Ҳатто Модричнинг ўзи ҳам бу нарсани яхши тушунгани учун «Олтин тўп»ини юқоридаги юлдузларга бағишлаганини айтиб ўтди.

Ҳа, одамлар Месси ва Роналдудан чарчашди. Чарчашибди. Каканинг олдида жилмайиб турган ва “сизларга шундай шоу қилиб берайликки, биздан бошқа ҳаммани унутиб юборингизлар” деб кириб келган монстрларнинг узоқ давом этган кураши ҳамма-ҳамманинг жонига тегиб бўлибди.

Ҳозир кўпчилик Модрич баҳона Иньеста ва Снайдерни эслаяпти. Уларга ФИФА нохолислик қилган, деган сўзлар тўлиб кетди изоҳларда. Тўғри, Испания ва Голландия юлдузи 2010 йили бугунги Модричдан-да яхшироқ ўйин кўрсатишган, бунга ишонаман. Бироқ, хотирамга мурожаат қилиб, ўша кунларга қайтадиган бўлсам, мундиалда гол ура олмаган Мессининг ўша мавсумда футболчи ҳаёти давомида йўллаши амримаҳол голларни қалаштириб ташлаётганидан сармаст дунёни кўраман.

“Реал”га бориб қутуриб кетган, кўзи қонга тўлиб ҳар ўйинда йўлбарсг айланаёзган Кришнинг ҳаракатларига ҳайратланиб турган оломонни кузатаман.

Ўшанда Снайдер «Олтин тўп»ни олса ё 2013 йили шу соврин Риберига кетиб қолса борми, бу ёввойи оломон мазкур қарорга ҳозиргидан-да кўпроқ эътироз билдириши мумкинлигини тушуниб етяпман.

Месси ва Роналдунинг ўша кунги ўйинларини бугуннинг кўзи билан, қайсики ҳар ҳафта бир хил курашни кўравериб чарчаб кетган кўз билан кўришга шошилманг, ўша куннинг ёрқин нигоҳи билан томоша қилиб кўринг-чи, қандай аҳволга тушиб қоларкансиз?!

Мухлислар, мутахассислар, журналистлар, ҳамма-ҳаммага Аргентина ва Португалия юлдузлари жуда ҳам жонга текканлиги маълум бўлиб қолди – ФИФАнинг “The Best”ида ҳам, Франция нашрининг “Олтин тўпи”да ҳам ким бўлса бўлсин, шу иккиси бўлмасин деб, исталган юлдузни белгилаб ташлайверибди ҳамма.

Гризманни биринчи ўринга, Мбаппени иккинчи ўринга, Модрични учинчи ўринга қўйган бир журналистнинг интервьюсини ўқидим. У Модрич олганидан хурсанд. Ия, ахир, сен франциялик юлдузни белгилагансан-ку, нега хорват ютса, шодланасан, дейдиган одам йўқ. Чунки ҳамма битта ҳақиқатни билиб турибди: Ким олса ҳам шу иккиси олмаса бўлди эди.

Адолат қарор топди, дейишимиз керак барибир. Адолат гоҳида қарор топиши учун ўз сониясини билса бўлди экан. Қачон катта саҳнага чиқишини англаса бўлди экан. Лука ўша олтин паллага тўғри келиб қолди. Акс ҳолда, қандай қилиб, нозик ҳаракатли Гризманн каби жаҳон чемпионлигини қўлга киритмасдан туриб, Роналду сингари ҳеч қаерда тўпурар бўлмасдан туриб, Неймар каби финт қила олмасдан, энг зўр ассистликка даъво ҳам қилмай, ташқи кўринишию лидерлиги билан алоҳида ажралиб ҳам турмай, ҳеч қачон клубида биринчи рақамли юлдуз бўлмаган, техник қобилияти Мессининг ярмича ҳам бўлмаган йигит, қандай қилиб «Олтин тўп» олиши мумкин эди? Анови иккисидан қутулиш учун янги эртак керак эди оламга. Бўлди.

Бу эртакнинг Золушкаси бўлганинг билан қутлаймиз, Лука! Энди сени тарихда футболни эски ҳолига, ерга қайтарганинг билан эслаймиз. Шу ишни сен қиласан деб ўйламагандик лекин. Янги телефон русуми сотиб оладиган вақтинг келди. Табрик...

Хайрулла Ҳамидов

Манба: t.me/x_hamidov
Киритиш

Ўхшаш хабарлар