{{ message }}

«Реал» Мадридда ҳам «Мелилья»ни тор-мор келтирди, Асенсио ва Искодан дубль!

Испания Кубогининг 1/16 финал босқичидан ўрин олган  «Реал» Мадрид – «Мелилья» учрашуви ўз ниҳоясига етди. «Сантьяго Бернабеу»да бўлиб ўтган ўйинда ҳам мадридликлар йирик ғалабани қўлга киритишди.

Ҳисоб учрашувнинг 33–дақиқасига келиб очилди: Марко Асенсио марказдан жарима майдонига ёриб кирди ва дарвозани аниқ нишонга олди. Орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас мезбонлар яна гол уришди: Винисиус Жуниор чап қанотда тезлик олиб рақиб жарима майдонига кириб келди ва марказга тўпни узатди, у ерда Асенсио яқин масофадан тўпни дарвозага аниқ йўналтирди.

39-дақиқада Асенсио тўпни жарима майдонига узатди, ҳимоячилардан илдамроқ ҳаракат қилган Хави Санчес тўпга тўхтатиб ўтирмай зарба берди ва ҳисобни йирик кўринишга олиб келди.

Иккинчи бўлим дебютида Иско узоқ масофадан чиройли зарба йўллаб, суперголга муаллиф бўлди.

75-дақиқада Асенсиодан пас қабул қилиб олган Винисиус жарима майдонига ёриб кирди ва иккинчи уринишда тўпни дарвозага аниқ йўллади. 81–дақиқада меҳмонлар ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлишди, Касми пенальтини аниқ бажариб, жамоасининг илк голини урди.

83-дақиқада жарима майдони марказида узатма қабул қилиб олган Иско ўзининг аниқ зарбаси билан ўйинга нуқта қўйган голга муаллиф бўлди.

Шу тариқа, «Реал» ушбу ўйинда ҳам йирик ғалабани қўлга киритди ва кейинги босқичга йўл олди.

Ушбу учрашувда киритилган голларни UFF.uz Media каналида томоша қилишингиз мумкин.

Испания Кубоги, 1/16 финал

Реал Мадрид – Мелилья 6:1 (3:0, 3:1)

Голлар: 1:0 – 33 Асенсио, 2:0 – 35 Асенсио, 3:0 – 39 Хавьер Санчес, 4:0 – 47 Иско, 5:0 – 75 Винисиус Жуниор, 5:1 – 81, пенальти Касми, 6:1 – 83 Иско.

Реал Мадрид – Навас, Хавьер Санчес, Вальехо, Одриосола, Карвахаль (Фран Гарсия, 46), Льоренте (Себальос, 46), Вальверде, Асенсио, Иско, Винисиус Жуниор (Фидальго, 79), Диас.

Мелилья – Морено, Mizzian (Отеги, 46), Ричи Сегура, Маанан, Менудо (Брайан Мартин, 60), Ортега, Pepe, Руано (Brahim, 56), Torres, Касми, Оскар Гарсия.

Илк ўйин - 4:0 

Манба: www.uff.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар