{{ message }}

Эътироф: 2018 ЙИЛ РАМЗИЙ ЖАМОАСИ

«ИнтерФутбол» йил давомида PepsiСуперлиганинг ҳар бир туридан сўнг рамзий терма тузиб чиқди. Табиийки, ундан ўзининг ёрқин қирраларини намоён этган сара футболчилар жой олишди. Энди йил якунланиб бораётган бир паллада яна сарҳисоб қиламизда, ўша рамзий жамоалардан ўрин олганлардан иборат яна бир якуний термани тузиб чиқамиз. Унга аввалги рўйхатга энг кўп кирган, шунингдек, мавсум давомида фаоллиги билан бошқа ҳамкасбларидан ажралиб турган энг яхши футболчилар жой олишди. Таркиб 3-5-2 тактик схемасида тузилган.

Дарвозага «Қўқон-1912» кипери Ўткир Юсуповни жойлаштирдик. Бу футболчи аксарият учрашувларда қўқонликларни мураккаб вазиятларда қутқарди. Айниқса, Юсуповнинг пенальтидан йўлланган зарбаларни қайтариш бўйича маҳорати таҳсинга сазовор.

Ҳимоя марказидан Анзур Исмоилов ўрин олди. Маълум муддат Хитой чемпионатида тобланган маҳоратли футболчининг тажрибаси «Локомотив»га асқотди. Анзур мудофаадаги ишини ажойиб тарзда уддалашдан ташқари, жамоасининг муҳим голларига муаллифлик қилди. Ўнг қанотга «Навбаҳор» билан бронза медалларига эга чиққан Жаҳонгир Меҳмоновни жойладик. Ушбу футболчи ҳам «лочинлар» сафидаги етакчилардан бирига айланиб, деярли ҳар бир ўйинда ўзининг мукаммал спорт формасида эканлигини намоён этди. Ҳимоянинг чап томонидан эса Фаррух Сайфиев жой эгаллади. Дастлаб Шота Арвеладзе томонидан ишонч билдирилмаган футболчи, ҳал қилувчи босқични кўтаринки кайфиятда ўтказиб, натижада миллий терма бош мураббийининг ҳам эътиборини тортди. Шу тариқа Сайфиев Осиё кубоги-2019да қатнашадиган таркибга киритилди.

Ярим ҳимоячилар бешлиги ҳам қизиқарли тус олди. Ўзбек футболининг умидли ёшларидан бири Остон Ўрунов, бу йил гол уришдан кўра ассистентликни кўпроқ қойиллатган Сардор Собирхўжаев, «Қизилқум» ғалабаларига муносиб ҳисса қўшган Артур Геворкянҳамда «ўзбек Мессиси» Жавоҳир Сиддиқов йилнинг энг яхши футболчилари қаторидан жой олишди. Ва албатта, асл позицияси ярим ҳимоячи бўлишига қарамай, Pepsi Суперлига-2018 тўпурарига айланган Тиаго Безеррани ҳам унутмадик. Бразилиялик легионер учун бу йил чин маънода муваффақиятли келди.

Ҳужум чизиғидан эса мураккаб паллада «Насаф» халоскорига айланган Бобур Абдухолиқов ҳамда «темирйўлчилар»нинг тиниб-тинчимас форварди Марат Бикмаев жой олишди. Айнан шу футболчилар тўпурарлар пойгасида Тиаго Безеррага жиддий рақобат туғдирганлардан бири эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ва албатта, рамзий терма бош мураббийлигига «Локомотив» билан навбатдаги чемпионликни нишонлаган Андрей Фёдоров лойиқ кўрилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу рўйхатни тузиш чоғида қийинчилик вужудга келди. Зеро, ўзининг ижобий жиҳатларини намойиш этган футболчилар кўп эди. Кези келганда, Сардор Рашидов, Икром Алибоев, Жалолиддин Машарипов, Азиз Турғунбоев, Жавлон Иброҳимов, Зоҳид Абдуллаев, Артём Филипосян, Одил Ҳамробеков, Мурод Холмуҳаммедов, Жасур Ҳасанов каби юксак маҳорат соҳибларининг иштироклари ҳам мухлисларга манзур бўлганини алоҳида эътироф этиш керак.

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Киритиш