{{ message }}

Эктор Купер: Хавотирга ўрин йўқ, ўртоқлик ўйини бўлмагани муаммо эмас

Осиё Кубоги гуруҳ босқичи, биринчи тури доирасида Ўзбекистон ва Уммон миллий терма жамоалари ўртасида кечадиган учрашув олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Дастлаб журналистлар саволларига Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ва жамоа сардори Одил Аҳмедов жавоб беришди.

Матбуот анжуманининг дастлабки қисмида Эктор Купер Уммонга қарши кечадиган ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

-Эртага Уммон терма жамоасига қарши майдонга тушамиз. Бу жамоани жуда ҳурмат қиламиз. Умуман, биз бу мусобақадаги ҳар бир жамоага алоҳида ҳурмат билан муносабатда бўламиз. Шу билан бирга ўз кучимизга ҳам тўғри баҳо берамиз. Мусобақанинг дастлабки учрашувлари ҳар қандай натижа бўлиши мумкинлигини кўрсатиб берди. Шундай экан, эртага бўладиган ўйинга жуда жиддий қараяпмиз.

-Умар Ал Хабси майдонга туша олмаслиги қай даражада ўйинга таъсир ўтказади, деб ўйлайсиз?

Одил Аҳмедов: Ал Хабси жуда кучли дарвозабон деб ўйлайман. У майдонга тушмаслиги Уммон учун жуда катта муаммо. Агар бу йўқотиш бизга фойда келтирса, биз фақат хурсанд бўлар эдим.

-Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубогига тайёрланиш жараёнида қарийб 50 кун вақт ўтди, аммо ўртоқлик ўйини бўлмади. Бу ҳолат мураббийни хавотирга солмайдими?

-Мен хавотирда эмасман, ҳеч қандай муаммо йўқ. Биз шундай бўлишини истадик. Бу менинг қарорим эди. Мисол учун баъзи ўртоқлик ўйинлари фойда келтирмаслиги ҳам мумкин. Агар мусобақа олдидан Осиё Кубогида иштирок этадиган кучли жамоа билан ўйнаганимизда, бошқа гап эди. Аммо бундай ўйин чиқмади. Иккинчи даражали жамоалар билан ўйнаш эса бизга керак эмас. Умуман олганда, ўртоқлик ўйинлари бўлмагани биз учун муаммо эмас. Хавотирга ўрин йўқ.

-Эктор Купер бир ой ичида терма жамоа қиёфасини кўрсатамиз, деб айтган эди. Жамоа Осиё Кубогига мураббий истаганча тайёргарлик кўра олдими?

-Биз маълум вақт давомида бирга ўйнадик ва баъзи ишларни амалга оширдик. Аммо маълум ҳолатлар юзасидан ҳали ишлашда давом этишимиз керак. Ҳеч бир мураббий эртага майдонга тушиб, ўйинни ўзгартириб юбораман, деб айта олмайди. Уммон билан бўладиган баҳсда имкон қадар ўзимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

-Терма жамоада руҳий ҳолат юқори даражада, дедингиз. Аммо жисмоний ҳолат борасида нима дея оласиз? Чунки жамоада айнан шу масалада муаммолар бўлган.

Одил Аҳмедов: -Ҳозир асосан машғулотларда жисмоний тайёргарликка урғу бермоқдамиз. Чунки майдонда 90 дақиқа югуриш керак. Ким кўпроқ югурса, ким кўпроқ тўп билан муомалада бўлса, ўша ютади. Ўйлайманки, бу мусобақада муаммо бўлмаслиги керак.

Шу билан матбуот анжумани якунига етди. Бироздан сўнг Уммон билан ўтажак матбуот анжумани бошланади.

Манба: www.uff.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар