{{ message }}

Football Leaks асосчиси қўлга олинди (ИнтерФутбол блоги)

У ЧИНДАН ҲАМ ШУ ЛОЙИҲА РАҲБАРИМИ? Football Leaks - 2006 йили Жулиан Ассанж томонидан асос солинган, аноним манбалардан олинган махфий маълумотлар чоп этиладиган машҳур WikiLeaks сайтининг бошқача кўриниши. 2015 йилдан иш бошлаган Football Leaks Роналду, Бэйл ёки Неймар сингари юлдузларнинг трансферлари билан боғлиқ турли тафсилотларни ошкор этиши билан танилган.

Ўтган йилнинг кузида ушбу порталда Чемпионлар Лигаси ўрнига Суперлига ташкил қилиниши, Қатар ЖЧ-2022 мезбонлигини «ПСЖ» амир ихтиёрига ўтиши эвазига қўлга киритгани, суперклублар молиявий «фейр-плей» қоидаларини алдов йўл билан четлаб ўтишгани ҳақида маълумотлар чоп этилди. Роналдунинг номусга тегиш бўйича айблангани билан боғлиқ хабарлар ҳам айнан Football Leaks орқали тарқалди. WikiLeaks асосчисининг номи анчадан буён машҳур, уни нималарда айб-лашмади-ю, у қаерларда яширинмади дейсиз. Football Leaks ташкил этилиши ортида ким турганини эса узоқ вақт тахмин қилишди.

Айрим деталлар Россия ОАВ орқали ошкор бўлди. Sports.ru ходимлари Football Leaks вакили билан «Яндекс» почтаси орқали суҳбатлашишди. Германиянинг Der Spiegel ҳафтаномаси журналисти, «Football Leaks: футболнинг нопок бизнеси» китоби муаллифларидан бири Рафаэль Бушманн эса портал асосчиси билан кўришиб, гаплашган ягона (балки бошқалар ҳам кўришишгандир? Бу ҳақда кейинроқ) шахс бўлди. Юқорида номи тилга олинган китобнинг иккинчи муаллифи Михаэль Вурцингер Sport Connect билан гаплашди. Ушбу интервьюлардан сўнг Football Leaks раҳбари тўғрисида шундай тасаввур уйғонди:

• У ўзини «Жон» деб атайди, португал эмас, аммо Лиссабонда туғилган.

• У малласоч.

• У ёш, бешта тилда бемалол гаплашади, яна иккита тилни, жумладан, русчани ўрганмоқда.

• Бир ҳудудда икки кундан ортиқ турмайди, телефонда GPS созламаларини бузадиган софтдан фойдаланади.

• Антиквариат сотувидан даромад топади.

• Унинг асосий мақсади - «ифлосланган, айниган футбол дунёсини тозалашда кўмаклашиш».

• Мана бу сўзлар ҳам «Жон»га тегишли: «Фанатлар чипта, атрибутика, трансляцияларни сотиб олиш орқали коррупцияга муккасидан кетган футбол тизимини боқишаётганини тушунишлари керак».

• Журналистлар ихтиёрида у билан боғлиқ 18 миллиондан кўпроқ ҳужжатлар бор. Айтишларича, «Жон» Der Spiegel қароргоҳида борганида, эгнида йиртиқ жинси шим, тешик пайпоқ ва ифлосланган ботинка бўлган. У махсус жиҳозланган хонада, одатда, терговчилар ва солиқ агентлари ишлатадиган махсус дастурлар ёрдамида кўплаб маълумотларни топган. Хабарларга кўра, Бушманн ва «Жон» кўпинча Шарқий Европадаги конспиратив хонадонларда кўришишган, шундай учрашувлардан бири аниқ Будапештда бўлиб ўтган. Куни кеча айнан Венгрия пойтахтида 30 ёшли португалиялик Руи Пинтунинг қўлга олингани хабар қилинди. Португалиянинг Sabado журнали маълумотларида таъкидланишича, у «Бенфика»га тегишли электрон ҳужжатларни ўғирлаганликда айбланган. Энди Пинтуга нисбатан 10 йиллик қамоқ жазоси тайинланиши кутилмоқда. Кейинги бир ой мобайнида у ватанига қайтарилади. Айнан Руини Football Leaks асосчиси сифатида кўришмоқда. Турли маълумотларнинг фош этилиши 2015 йилга тўғри келиб, ўшанда Португалия футболидаги ноқонуний ишлар ошкор қилинганди.

Ўтган йилнинг декабрида ўша Sabado нашрида гумондор жиноятчи ҳақида катта мақола чоп этилганди.

• Руи Пинту - компьютерни мустақил ўрганган, ҳеч қандай курсларга қатнамаган, коллежда эса тарихдан сабоқ олган.

• Уни 23 ёшлигида сўроқ қилинган, Кайман оролларидаги банкдан 300 минг доллар ўғирлаганликда айбланганди. Ўшанда 100 минг жарима тўлаб, жазодан қутулиб қолганди.

• Ўша қонунбузарликни у Порту билан чегарадош бўлган Вила-Нова-ди-Гая шаҳридаги ота-онасининг уйида амалга оширганди. Энди эса Будапештда фаолият юритмоқда.

• Руи Пинтунинг адвокати бор - Анибал Пинту. Адашлар дуэти товламачилик йўли билан клубларга босим ўтказган, агар талаб қилинган пул тўланмаса, маълумотлар Football Leaks сайтида чоп этилган.

• «Бенфика», «Спортинг», «Порту» клублари ҳамда Doyen Sports Investments лойиҳаси 2015 йилда бошланган ҳужумларнинг дастлабки жабрдийдалари бўлган. Ўшанда «Порту» ўйинчилари шартномалари билан боғлиқ маълумотларнинг ўғирланиши юзасидан тергов ҳаракатлари бошланган, айниқса, Пинту да Кошта («Порту» хўжайини)нинг ўғли қатнашган тўлов жараёни эътибор марказида бўлган.

• Ҳужумдан энг кўп «Бенфика» жабр кўрган - ўтган икки йил мобайнида минглаб электрон хатлар ўғирланган, уларда клубнинг айрим ҳакамлар, шунингдек, футбол структураси раҳбарлари билан муносабатлари ҳақида маълумотлар бўлган.

2016 йили Рождество арафасида Руининг ота-онаси яшайдиган уй кузатув остида бўлди, гумондорнинг ташрифи кутилди. Аммо у келмади. Яқинда manchikoni.com сайтида Пинтунинг ота-онаси билан уюштирилган интервьюни чоп этди. «Ўғлимиз айбланаётган ишларни бажариш учун етарлича компьютер уқувига эга эканлигига шубҳам бор. Ҳозир у катта эҳтимол билан эркин ижодкор сифатида фаолият юритмоқда», - дея жавоб берди Франсишку Гонсалвеш.

Лиссабон шаҳри раҳбарияти Венгрияга учта хат жўнатиб, маҳаллий полиция Руи Пинтуни ушлаб, уларга топшириши, жиҳозларни мусодара қилишини сўрашди, аммо илтимос рад этилди.

Doyen спорт бўлими раҳбари Нелиу Лукашнинг айтишича, 2015 йилнинг 3 октябрида у қозоғистонлик Артём Лобузов исмли шахсдан электрон мактуб олган, унда 500 мингдан 1 миллион еврогача бўлган сумма эвазига фирманинг махфий маълумотларини интернет сайтларидан ўчириш мумкинлиги таклиф қилинганди. Кейинроқ Doyen ва Голландиянинг «Твенте» клуби ўртасида тузилган ноқонуний шартнома тафсилотлари ошкор бўлди. Унда ташкилот айрим футболчиларнинг ҳуқуқини қўлга киритгани қайд этилганди. Натижада «Твенте» уч йилга еврокубоклардан четлатилди, аммо молиявий муаммолар гирдобига тушиб қолган клубни бу кўп ҳам ташвишлантирмади. Охир-оқибат «Твенте» ўтган мавсум якунларига кўра Эредивизини тарк этди.

Ўз навбатида, Football Leaks вакили 11 Freunde порталига берган интервьюсида Нелиу Лукаш билан алоқаси борлигини инкор этиб, унга ҳам Артём Лобузов хат жўнатиб, 650 минг еврога маълумотларни сотиб олмоқчи бўлганини таъкидлаган. Қизиғи, Der Spiegel «Жон» билан учрашув ҳақидаги мақолада Анибал Пинту айнан Лобузовнинг вакили экани, октябрь ойида Лиссабонда суҳбат уюштириб, Лукаш ҳамда унинг адвокати билан муҳим масалаларни муҳокама қилишни режалаштирганини ёзган. «Ўша ўзини Лобузов деб таништирган шахс аслида «Жон»нинг ўзи эмасми?», саволига эса мужмал жавоб қайтарган. Натижада келишув амалга ошмаган - Лобузов полиция томонидан кузатув ўтказилиши мумкинлигидан ҳайиқиб (чиндан ҳам, ҳуқуқ-тартибот ходимлари уни кузатишаётганди), Лукаш ҳамда унинг адвокати билан учрашувни бекор қилган. Пуллар эса Нелиунинг ўзида қолиши мумкинлигини таъкидлаган: адвокатларга бериш учун. Якунда ҳаммаси кутилганидек бўлди, зеро Football Leaks сайтидаги мақола нафақат «Твенте», балки Doyen компаниясига ҳам зиён етказди.

Daily Mail нашрининг хабар беришича, ўша ой (ажойиб тасодиф) «Жон» Бушманн билан кўришганида, Руи Пинту Венгрияда спортга ихтисослашган веб-сайтлардан бирининг (тахминларга кўра, бу 888sport.com бўлган) вакили билан гаплашиб, Football Leaks билан алоқадорлигини инкор этган. Ўшанда Венгрия полициясининг собиқ ходими Англия матбуотига берган интервьюсида Пинту турли интернет-кафеларда ишлагани, ҳозир уларнинг барчаси ёпилгани ҳақида маълум қилган. Бундан ташқари, у кутубхона ва университетларнинг IP-манзиллари орқали умумий серверлардан фойдаланган.

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: uff.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар