{{ message }}

ФУТБОЛЧИЛАРНИНГ ЭНГ АҲМОҚОНА 5та ХАРИДЛАРИ

Сир эмас, футбол энг оммалашган ва севимли спорт туридир. Шунга мувофиқ, ўйинчилар эртакнамо туюладиган даражада кўп маош олишади. Юлдузлар гонарари ҳақида гап очилганида, айримлар ҳайратдан савол беришлари оддий ҳол: «Оҳ-ҳо, шунча пулни нима қилишади?» Ўринли мулоҳаза, зеро, сара футболчиларнинг йиллик даромадлари миллион-миллионларни ташкил қилмоқда. Табиийки, моддий томондан тўлиқ таъминланган футболчилар қимматбаҳо харидларга ҳақлилар: кошона мисоли турар-жой, учқур автомобиль, ҳаттоки, шахсий самолёт...  Лекин гоҳида айрим спортчилар ғалати харидлар учун пулни шунчаки, ҳавога совуришадики, беихтиёр ёқангни ушлайсан. Sports.ru сайтининг қуйидаги «элит» рўйхати айнан футболчилар томонидан амалга оширилган энг аҳмоқона қимматбаҳо харидларни ўз ичига олган.

 Пьер-Эмерик ОБАМЕЯНГ (Габон) - Сваровски крис-талл (биллур)лари билан безатилган бутса. Шубҳасиз, футболчининг экипировкасида энг муҳими - бу бутса. Жорий мавсум АПЛда бош тўпурар бўлишни кўзлаётган «Арсенал» ҳужумчиси Пьер-Эмерик Обамеянг экипировка таркибидаги ушбу элементни ғоят қардлайди. Ҳар ҳолда, габонлик голеадор бутсаларидан бир жуфтига нақ 4000 дона Сваровски кристалли билан зеб берган. Шу тариқа унинг баҳоси чамаси 3700 еврога етган. Обамеянг бутсасини зийнатлаш учун 50 соатдан кўп вақт кетганини ҳам алоҳида айтиш керак.

Карлос ТЕВЕС (Аргентина) - туфли. Оддий ва енгил оёқ кийими учун 220 минг доллар сарфлаш мумкинми? Асло. Агар у қимматбаҳо тошлар билан безатилган бўлсачи? Унда мумкин. Хуллас, аргентиналик ҳужумчи Карлос Тевес турмуш ўртоғини соф олтин ва 2000 дона  бриллиантдан тайёрланган пойафзал билан сийлашни хоҳлаб, бунинг учун 220 000 доллар сарфлади. Ҳа, «Бока Хуниорс» клуби фахрининг маҳбубаси ўзини ҳақиқий маликадек ҳис этса керак. Тўғри, Карлоснинг қимматбаҳо совғасида шаҳар бўйлаб сайрга чиқиш нечоғли қулай ёки ноқулай - бу маълум эмас.

Поль ПОГБА (Франция) - ит учун боғич. Оддий эмас, албатта, олий сифатли табиий чармдан тайёрлангани. Бироқ нархи «тишлайди», барибир. Жозе Моуриньодан қутулгач, «МЮ»нинг марказий ҳудудида чинакамига яйраётган Франция терма жамоаси ярим ҳимоячиси Поль Погба уйидаги овунчоғи - Лион Бишон зотига мансуб итини турли-туман совғалар билан ром этишни хуш кўради. Россия мундиалида олтин медаль ютган футболчи тўрт оёқли дўсти учун хусусан, Amour брендига тегишли бежирим боғич сотиб олди. Олий сифатли табиий чармдан ишланган ушбу матоҳ 800 дона бриллиант билан безатилган. Энди нархига келсак, Поль якка тартибдаги буюртма асосида тайёрланган бўйинбоғ ёхуд боғичга «бор-йўғи» 900 минг доллар тўлади...

Жибриль СИССЕ (Франция) - лорд мақоми. Бунисига нима дейсиз? Франция миллий жамоаси тарихида ўзига хос имиджи билан ҳам из қолдирган собиқ футболчи «Ливерпуль» клуби шарафини ҳимоя қилган вақтда Англия лорди унвони (ҳақиқийси)ни Чешир графлиги ҳудудидаги алоҳида Фродсхэм ер мулки билан бирга сотиб олди. Тўғри, айнан қанча тўлагани аниқ эмас, аммо анча «енгил» бўлгани тайин. Шундай қилиб, футболчи умумий қоидаларга кўра, зодагонга айланди. Аниқроқ айтсак, Кот-д`Ивуардан келган муҳожирлар оиласида туғилган асли африкалик футболчининг исм-шарифи анча узайди - Жибриль Сиссе сэр Жон Смит лорд Мэнор. Бироқ афсуски, лорд унвонининг берилгани ҳам Сиссенинг кундалик ҳаётдаги хатти-ҳаракатларига сира таъсир қилгани йўқ. Чунончи, лорд Мэнор вақти-вақти билан турли можаролар марказига тушишда давом этди...

Александр КОКОРИН ва Павел МАМАЕВ (Россия) - шампан виноси. Оддий спиртли ичимлик учун 250 минг доллар-а... «Тўқликка  шўхлик» - Россиянинг туб аҳолисидан неча-неча марталаб кўп пул топадиган футболчиларнинг ресторанда биргина ичимлик учун чорак миллион доллар сарфлашганини бошқача изоҳлаш мумкин ҳам эмас. Мана, «шўхлик»нинг давоми ҳам бор экан - «Зенит» ҳужумчиси ва «Краснодар» ярим ҳимоячи ўтган йили яна эътибор марказига тушишди. Йўқ, улар бу сафар худди 2016 йилдаги каби маишатбоз эмас, зўравонлик сабаб, муаммога дуч келишди. Аҳмоқона харидларига келсак, икки дўст Россия термасининг Евро-2016даги омадсизлигидан кейин таътил кунларини Монте-Карлода ўтказишган ва бир кечада 500 шиша шампан виносига 250 минг доллар сарфлашган. Футболчиларнинг ўша оқшом тунги клубда айнан қанча пул қолдиришгани эса маълум эмас. Аммо фақат шампан виносига  ажратилган сумманинг ўзи ҳайратдан донг қотиш ва пул топиб, ақл топмаган футболчиларга ачиниш учун етарли...

Марио БАЛОТЕЛЛИ (Италия) - кўзойнак. Жанжалкаш ҳужумчи - дабдабанинг ҳақиқий ҳавасманди. У ҳар нарсада ҳашаматга интилади. Марио томонидан амалга оширилган биттагина харидга қараб, унинг дабдабага нечоғли «қул» эканлигини тўлиқ англаш мумкин: 2017 йили Dolce& Gabbana фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган кўзойнак учун чамаси 380 минг доллар тўлаган. Хуллас, дунёдаги энг қимматбаҳо кўзойнак ҳамон Балотеллига тегишли.

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Киритиш