{{ message }}

Лев Данг: «Вьетнам халқига қувонч бағишладик»

У тўққиз ёшидан Москванинг «Спартак» клубида футбол билан шуғулланишни бошлаган, 14га тўлганида эса «Динамо»даги афсонавий адашининг изидан борди. Онаси - рус актрисаси, отаси - вьетнамлик балет артисти. У 8х8 форматидаги футбол турнирида Россия чемпионлигини қўлга киритган, Лаоснинг энг яхши дарвозабони мақомига эришган, Вьетнам биринчи лигаси клуби ўйнайдиган стадион хонасида кун кечирган. Икки ой аввал эса у Жануби-Шарқий Осиё кубоги соҳибига айланишдан ташқари, ҳозирга қадар минтақанинг бир клубидан бошқасига сотилган энг қиммат дарвозабони бўлди. Яқинда «Советский спорт» нашри журналисти Осиё кубоги-2019 кашфиётларидан бири сифатида эътироф этилган вьетнамлик дарвозабон Лев Данг билан суҳбатлашди.

 - Россияда туғилгансиз, ҳозир эса Вьетнам термасида ўйнаяпсиз. Бу қандай содир бўлди?

- Москвада таваллуд топганман. Онам - рус, собиқ актриса; отам эса вьетнамлик балет артисти. Улар Россияда ўқиш пайтида танишишган. Саккиз ёшимда мактабга борганман, иккинчи синфга ўтганимда эса Москванинг «Спартак» клуби тизимида шуғулланишни бошлаганман.

- Лев Яшиннинг туғилган кунида худди уникидек қора кепка кийиб тушган оқ-қора тасвирдаги фотосуратингизни Интернет тармоғига жойладингиз...

- Лев Яшин - бутун дунёдаги дарвозабонлар учун намуна. Замонавий киперлардан ўша пайт Буффон ва Касильяснинг ўйинлари ёқарди. Ҳозир ҳам кўплаб маҳоратли посбонлар бор. Уларга қараб, ҳавас қилади киши. Аммо ҳеч бирига кумир сифатида қарамайман. Шунчаки, уларнинг айримларини тақлид қилишга арзийдиган ҳамкасб деб биламан.

- Айни пайт жаҳоннинг энг яхши дарвозабони ким? Айнан шу паллада?

- Ўйлашимча, бу Давид де Хеа. Куртуа ҳам жуда яхши кипер. Облак - умуман, «қутурган» дарвозабон.

- Вьетнамда мухлислик даражаси қандай?

- Бизда энг зўр фанатлар бор. Улар қайсидир жиҳатдан европалик ишқибозларга ўхшашади - жамоа билан сафар ўйинларига боришади, фаерлар ёқишади. Улар ҳақиқий безорилардир. Умуман, Вьетнамда бироз бошқачароқ мухлислик қилишади - ҳайқириқлар йўқ, асосан мусиқадан фойдаланишади. Жамоамиз ўйинларини кўриш учун жуда кўп томошабин ташриф буюрарди. Стадион ўз бағрига 30 минг мухлисни сиғдира олади, ўйинларга эса ўртача 18-20 минг ишқибоз келарди.

- Илк марта терма жамоа таркибига чақирилганингиз ёдингиздами?

- 2017 йили Осиё кубоги саралаши доирасидаги Иорданияга қарши баҳсда миллий жамоа сафида дастлабки ўйинимни ўтказганман. Биз 0:0 ҳисобини қайд этгандик ўшанда, мен эса учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилганман - ажойиб дебют.

- Демак, термангиз Осиё кубоги-2019 1|8 финал босқичида Иордания тўсиғидан ўтгач, миллий жамоадаги ўрнингиз янада мустаҳкамланибди-да?

- Ҳа, эътиборлиси, мени яна ўйиннинг энг яхши футболчиларидан бири сифатида эътироф этишди.

- Тўғри-да, рақиб футболчиларининг пенальтидан йўллаган зарбаларини бартараф этдингиз, шу тариқа жамоангизни чорак финал сари етакладингиз.

- Ҳа, бу ёқимли. Лекин хато қилганимизда, дакки беришади. Ҳозир мақташлари мумкин - ҳар ҳолда, пенальти зарбасини қайтардим (кулади). Ўша Иорданияга қарши кечган дастлабки ўйиндан сўнг Вьетнам термасининг асосий дарвозабонига айландим - жароҳат сабаб атиги учта ўйинни ўтказиб юбордим. Саралаш гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаб, Осиё кубоги йўлланмасини қўлга киритдик. Сўнгра 2018 йилда олдимизга Жануби-Шарқий Осиё кубоги бош совринига эга бўлиш вазифаси қўйилди.

- Декабрда мазкур мусобақада зафар қучдинглар. Сиз бешта учрашувни «қуруқ» ўтказдингиз...

- Ҳа, бу ютуқ ёқимли бўлди - биз ўн йил аввалги ғалабани такрорладик - Вьетнам учун буюк ғалаба. Турнирда рекорд даражадаги серияни қайд этдим - 405 дақиқа дарвозам дахлсизлигини сақлаб қолдим. Тўртта «қуруқ» ўйиндан сўнг биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларида тўп ўтказиб юбордим. Аммо чемпионатнинг рамзий термасидан жой олдим.

- Финалда сафарда Малайзия билан дуранг ўйнадинглар, уйда эса 1:0 ҳисобида ғалаба қозондинглар. Савол: нима сабабдан ўйиннинг 9-дақиқасида сариқ карточка олдингиз?

- Ўша вазиятда ҳавода кураш кечганди. Ҳужумчи билан тўқнашиб кетдим. У қўли билан ножўя ишора қилганди, мен ҳам худди шу тарзда жавоб қайтардим. Шунинг учун огоҳлантириш олдим. Дарвоқе, Осиё кубогида Иорданияга қарши баҳсни ҳам айнан шу ҳакам бошқарди.

- Ғалабани нишонлаш чоғида «Дзюба ишораси»ни кўрсатдингиз...

- Сезибсиз-да. Шунчаки, менга Артёмнинг жаҳон чемпионати пайтида голларини худди шу тарзда нишонлаши ёққанди: «Ватанимга хизмат қиламан!». Мен ҳам ишқибозларга гарчи Вьетнамда туғилмаган бўлсамда, ушбу юрт обрўси учун боримни беришга тайёр эканимни кўрсатишга интилдим. Ҳаётимда кўп қи-йинчиликларни бошдан кечирганман. Мазкур чемпионатдан сўнг нафақат спортчилар, балки ёш болакайларга ҳам намуна бўлдим, уларга ҳеч қачон таслим бўлмаслик кераклигини кўрсатдим. Ўзларига ишониб, мақсад сари олға боришлари лозимлигини тушуниб етишди, деган умиддаман.

- Вьетнам термаси Осиё кубогида чорак финалгача етиб борди. Бу мазкур мамлакат футболи учун тарихий воқеами?

- Албатта. Тўғри, ўз уйимизда ўтган Осиё кубогида ҳам чорак финалга йўлланма олгандик, аммо у пайтлари турнирда камроқ жамоа қатнашарди - гуруҳ босқичидан ўтсангиз, 1|4 финалдаги иштирок нақд бўларди. Бу сафар эса тарихимизда илк марта «плей-офф» ўйинида рақибдан устун келдик - бундай даражадаги дастлабки ютуғимиз ҳисобланади бу.

- Мазкур ҳолатни, айтайлик, Россия термасининг жаҳон чемпионати чорак финалига чиққани билан қиёсласак бўладими?

- Таққослаш мумкин. Гарчи бу ютуқ халқимиз учун кўпроқ нарсани англатса-да. Иорданияга қарши кечган баҳсда ғалаба қозонганимиздан ке-йин Вьетнамдаги шаҳарларда нималар бўлганини тасаввур ҳам қилолмайсиз. Мамлакатнинг кўплаб аҳолиси кўчаларга чиқди, марказий майдонлар одамлар билан лиқ тўлди.

- Ўз майдонингизда ўтган Жануби-Шарқий Осиё кубогидаги ютуқни қандай нишонладинглар?

- Агар Осиё кубоги ушбу мусобақадан кейиноқ ўтказилмаганида, янада кенгроқ нишонлардик. Биз учун икки қаватли автобус буюрттиришарди, пойтахт кўчаларини кезиб, кубокни барчага кўрсатардик, асосий майдонда ўтадиган катта концерт дастурида меҳмон бўлардик... Бироқ бизга фақат тўрт кунлик дам беришди, сўнгра Вьетнам бош вазири билан учрашувга таклиф қилишди. У ерда мамлакат олдидаги хизматларимиз учун учинчи даражали мукофот топширишди. Бу ғоят улкан соврин - оддий одам унга эришиш учун 30 ёки 40 йил ишлаши керак бўлади. Шундан кейин бир ҳафта Ханойда машғулот ўтказдик ва Осиё кубогига тайёргарлик кўриш мақсадида Қатарга йўл олдик. Навбатдаги бир ҳафтани Дохада ўтказгач, қўшни мамлакатга йўл олиб, мусобақадаги иштирокни бошладик: Абу-Дабида Ироққа қарши илк ўйинимизда майдонга тушдик.

- Осиё кубоги якунланди, энди бемалол аввалги ютуқни нишонласангиз бўлаверади.

- Ҳа. Биз учун бу тарихий натижа. Вьетнам халқига қувонч ҳадя этдик.

- Осиё кубоги чорак финали доирасидаги Японияга қарши баҳсда жамоангиздаги кайфият қанақа эди?

- Ажойиб. Чунки руҳан ўзимизни енгил ҳис қилаётгандик. Ҳамма ғалаба қозонишни истайди, японлар ютуққа эришишлари шарт эди, биз эса халқимиз учун чемпионга айланиб улгургандик. Япония термасига қарши баҳс ўзига хос тажриба майдони вазифасини ўтади - ахир рақиб таркибида Англия, Германия, Испания чемпионатида тўп сурадиган ўйинчилар бор. Бу жуда қизиқ. Шундай даражани Эрон билан ўйинда ҳам ҳис қилгандим.

- Россия чемпионатида ўйнайдиган Азмун сиз қўриқлаган дарвозани икки бор ишғол қилди. У кучлими?

- Ҳа, жудаям. Иккинчи голни ураётганида, корпус ёрдамида икки ҳимоячимизни доғда қолдирди. Унинг оёғига тепишди, маҳкам ушлаб қолишга интилишди. Азмун шунда ҳам мувозанатни йўқотмади. Оддий вьетнамлик бундай паллада ўн марта йиқилган бўларди. У эса йўқ. Боз устига, дарвоза томон зарба йўллашга ҳам улгурди.

- Осиё кубоги-2019 давом этаётган паллада Таиланднинг «Муангтон Юнайтед» клуби билан шартнома имзоладингиз. Бу қандай содир бўлди?

- Ҳа, улар билан яқинда - январь ойи бошида келишувга эришдик - бу ҳақда кўпчилик билмайди. Таиланднинг собиқ чемпиони, жуда номдор клуб. Ушбу жамоа Осиё Чемпионлар Лигасида қатнашади. Бу мен учун олдинга ташланган катта қадамдир. Таиланд чемпионати даражаси Вьетнам лигасиникидан юқори. Бу мен учун Японияга кетишдан аввал ўзига хос трамплин вазифасини ўтайди.

- Мақсадингиз «кунчиқар юрт»га кетишми?

- Тўғри, барча Европага боришни хоҳлайди. Янги клубим аввалги кучли дарвозабонини Бельгия лигасига қўйиб юборгани учун ҳам мени харид қилди. Аслида, бу чемпионатдан одатда, Японияга йўл оладиганлар кўпчиликни ташкил этади. Мазкур клубнинг собиқ ўйинчиларидан бири Андрес Иньеста тўп сурадиган жамоа сафига қўшилган. Дарвоқе, менинг трансферим Жануби-Шарқий Осиёдаги дарвозабонлар учун энг қиммати бўлди. Мазкур келишувнинг амалга ошишида россиялик агент Андрей Грушин кўмаклашди. У даставвал менга ишонч билдирмаганлардан бири эди.

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Киритиш