{{ message }}

Қиш, «қайноқ» келишув…

«Милан» ниҳоят, узоқ кутилган трансферни амалга оширди. Ўзи истаган даражада ўйин кўрсатолмаётган, ҳозирги ҳолатда скудетто мақомига тенг саналган ЧЛ йўлланмасини қўлга киролмаётган жамоа ярим йил олдин «Ювентус»дан ижара келишуви асосида олинган Гонсало Игуаин билан хайрлашиб, унинг ўрнига шижоатлироқ ҳужумчи харид қилди. Зеро, не-не умидлар билан чақирилган аргентиналик тўпурар тезроқ Маурицио Сарри бошқарувидаги «Челси» сафига қўшилиш йўлларини қидиргани учунми, «россонерлар»га айтарли наф келтиролмади. Натижада миланликлар ишончни сира оқламаган ижарачи ўрнини каттагина маблағ эвазига тўлдиришди. Хуллас, жамоа «А» сериясида биринчи давра кашфиётига айланган Кшиштоф Пентекни Генуядан Миланга олиб ўтиш учун 35 млн. евро сарфлади. Боз устига, «Женоа» белгиланган  маблағни бирданига олади. Генуяликлар тўловни кейинроқ амалга ошириш шартига ҳам, «Милан»нинг қайсидир футболчисини олиш таклифига ҳам кўнишмади. Диққатни тортадиган факт шуки, «Женоа» польшалик иқтидорни ёзда атиги 4,5 млн. еврога харид қилганди. Демакки, Энрико Прециози бу трансфердан мўмай фойда соҳибига айланди. «Милан»чи? Мураккаб паллада амалга оширилган «қайноқ» трансфер нечоғли эффект беради? Бунга Кшиштоф Пентекнинг янги жамоадаги ўйинигина аниқ жавоб бериши мумкин. Биз эса ҳозирча польшалик ҳужумчининг ижобий ва салбий жиҳатларини ўрганиш орқали муайян хулоса чиқаришга уриниб кўрамиз...

Пентек «Милан» сафига қўшилгач, «Женоа»даги одатий рақами - «9»дан воз кечди ва «19»ни олди. Бу қарорини 9-рақам «Милан» вакиллари учун «тавқи-лаънат» мақомини олгани билан изоҳлаш мумкин.

Умидбахш хусусиятлар

Навқиронлик. Кшиштоф эндигина 23 ёшга тўлди. Номдор жамоада киройидек фаолият бошлашнинг айни вақти. Андрей Шевченко ҳам шу ёшида Милан клуби сафига қўшилганди. Қисқаси, 30 ёшдан ошган фахрий Гонсало Игуаиндан фарқли ўлароқ, Пентекнинг футболдаги асосий йўли ҳали олдинда. Сир эмас, 20-25 ёшли футболчиларда мотивация анча кучли бўлади. Гонсалога эса Миланда айнан талаб даражасидаги иштиёқ етишмади, чоғи.

Янги муҳитга мослашув. Кшиштоф «Женоа» сафидаги илк учрашувларидан эътиборан бутун Италияни ўзига қаратди. Дейлик, унинг дебютини фантастик старт сифатида тилга олиш мумкин. Нотаниш йигитча Италия кубоги доирасида «Лечче»га қарши кечган баҳсдаёқ голлари ҳисобини очди. Бу бошланиши эди - польшалик ҳужумчи кейинчалик 7та учрашувдан иборат голли серия тақдим этди. На янги муҳит, на бегона хорижий тил ва на жамоанинг ўзгача тактик услуби Пентекка муаммо туғдирди. Оддий ифода этганда, Кшиштоф келди, кўрди ва кетма-кет голлар ура бошлади.

Дарвоза томон интилиш. «Бу ҳужумчини «Тепдим, тепяпман, тепишда давом этаман» дея онт ичадиган ўйинчилар тоифасига киритиш мумкин» - мазкур ибора «Милан» скаутининг баҳорда Пентек хусусида ёзган ҳисоботидан олинган. Шу қисқача таъриф «Милан» дебютантининг ўйин услубига берилган ҳаққоний баҳодир. Кшиштоф асосан ўнг оёғи билан тўп тепади. Лекин чап оёғи ҳам чакки эмас. Польшалик тўпурар шунинг баробарида «иккинчи қават»да самарали ўйнаш салоҳиятига эга. Мисол учун, «Женоа» сафида «А» серияси ўйинларида урган 14та голидан 5таси бош билан берилган зарбалар маҳсулидир. Яна бир муҳим жиҳат - польшалик футболчи айни пайт «А» серияси бош тўпурари учун аталган совринга яққол даъвогарлик қилмоқда. Тўғри, пойгадаги асосий рақиблари ўта жиддий - марказий ҳужумчилар Криштиану Роналду, Дуван Сапата ва Фабио Квальярелла. Таққослаш учун айтсак, Игуаин гол уриш бобида атиги 29-поғона (!)да эди.

Юксак фойдаланиш коэффициенти. Кшиштофнинг сермаҳсул ўйинида асосий омил - бу самарали зарбалар. У қишки трансферларгача «Женоа»нинг чемпионатдаги 14та голини ўз номига ёзиб қўйди. Ваҳоланки, мутахассислар Кшиштофнинг битта ўйин-га тўғри келадиган зарбалари сонидан келиб чиқиб, унинг кўпи билан 10-11та гол уришини тахмин қилишганди. Қаранг, польшалик янги голеадорда зарбалар аниқлиги 46 фоизга тенг. Тўғри, бу «А» серияси учун энг юқори кўрсаткич эмас. Аммо Игуаинда зарбалар аниқлиги 35 фоиз бўлганини инобатга олсак, «Милан» мухлислари энди ҳужумлар самаралироқ чиқишига умид боғлашлари мумкин. Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Пентек рақиб жарима майдончаси ичида тўп билан унча кўп мулоқот қилмайди. Яъни ҳар бир учрашувда ўртача 4 мартагина. Бундан хулоса шуки, ҳужумчи жуда тез қарор қабул қилади, зарба йўллашни пайсалга солмайди.

Бонус: голни ўзига хос тарзда нишонлаш. Кшиштоф голларини нишонлашда оддий ва ёдда қоладиган ҳаракатлардан фойдаланади. Ҳа, бунинг ўйинга алоқаси йўқ. Аммо нишонлаш услуби гол муаллифи, аниқроғи, унинг имиджи учун муҳим. Кшиштофнинг камтарона ҳаракатлари миланлик мухлисларга ҳам маъ-қул келса, ажабмас. Муҳими, шундай ҳаракатларга йўл очадиган голларни кўпроқ урса, бас.

Умидсизлик уйҒотадиган жиҳатлар

Шошма-шошарлик. Аслида «Милан»даги умумий вазият яхши эмас. Барча умидларни барбод қилган ҳолда, жамоадан кетган таниқли юлдуз ўрнини кечагина бош кўтарган ва атиги ярим мавсум самарали тўп сурган тасодифий ҳужумчи эгаллади. Савол: «Милан» Пентек номзоди хусусида қанча бош қотирди? Леонардо етакчилигидаги мутасаддиларнинг нуфузни сақлаб қолишга қаратилган режалари шу трансфер ортига яширинган эмасми? Яна Шевани ёдга олсак, уни таркибга қўшиш жараёни нақ бир йилга чўзилганди - «россонерлар» шунча вақт изланишган, украиналик ҳужумчини атрофлича ўрганишган.

Тажриба озлиги. Ҳа, Пентекнинг кўрсаткичлари ҳайратланарли. Бироқ «А» сериясидаги ярим йиллик муваффақият олисни кўзлайдиган лойи-ҳа учун кафолат эмас. Ажойиб жисмоний камолотга эришган ҳужумчи илҳом билан тўп сурди, рақиблар уни дурустроқ ўрганишга улгурмадилар. Умуман, қисқа вақт ичидаги сермаҳсулликка ишончсизлик билан қараш учун омиллар етарли. Бундан ташқари, ўртамиёна жамоада ўйнаш бош-қа, гранд таркибида тўп суриш бошқа. Номдор жамоада талаблар ҳам, босим ҳам баланд бўлади, ахир.

Бир хиллик. Пентек - айнан гол уриш учун «чархланган», жарима майдончаси ичида эффект беришга ихтисослашган ҳужумчи. Уни марказий ҳудудда ўйнатиш орқали қандайдир самарага умид боғлаш бефойда. Иван Юрич вақтида «Женоа»да шу усулни қўллаб кўрганида, Пентекнинг маҳсулдорлиги пасайиб кетганди. Ҳужумчи кейин Чезаре Пранделли қўл остида ўзига келди. Таажжубки, у мавсум бошидан буён лоақал 1та самарали узатмага муаллифлик қилгани йўқ. Чунки Кшиштоф «пас» берувчи эмас, гол урувчидир. Қолаверса, унга ўхшаган ҳужумчиларнинг нечоғли самарали ўйнашлари ярим ҳимоячиларга боғлиқ. Ҳозирги «Милан»нинг асосий муаммолари эса айнан шу чизиқ атрофида. Тўғри, яна бир янги ижрочи - Лукас Пакета вазиятни бироз яхшилар... Ҳар ҳолда, кўпчилик бразилиялик тезкор ўйинчидан ижобий маънода «портлаш» кутмоқда.

Кутроне билан ўхшашлик. «Россонерлар» сафида яна бир иқтидорли йигит борлигини унутмаслик лозим. Гап Патрик Кутроне ҳақида кетяпти. Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, Кшиштоф ва Патрик бир хил услубда ҳаракатланувчи ҳужумчилар сирасига киришади. Иккиси ҳам шижоатли, лекин уларнинг техник салоҳиятларини мақташ ортиқча. Ҳа, ҳужумни якунлаш масаласида Пентекка ҳам, Кутронега ҳам эътироз билдириш қийин, аммо уларда яратувчанлик хислати ҳали шаклланмаган. Рақамлар асосида айтсак, 1та ўйинда ўртача ҳисобда 15-16та узатма билан чекланишади. Кутроне ҳаракатчан, Пентек эса «иккинчи қават»да устунроқ. Шуни назарда тутсак, улардан сермаҳсул дуэт чиқиши эҳтимоли паст. Ҳаттоки, истар-истамас тўп сурган Игуаин ҳам дриблинг маҳорати эвазига иккиси ўрнини тўлдириши мумкин эди, фақат...

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Киритиш