{{ message }}

Жаҳонгир Меҳмонов: Икки даврали формат тарафдориман (ИнтерФутбол блоги)

Pepsi Суперлига-2018 бронза медали совриндори - «Навбаҳор» янги мавсумда ҳам ўз олдига жиддий вазифаларни қўймоқда. Куни кеча «лочинлар» Қримда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинини якунлаб, Наманганга қайтишди. Йиғин доирасида учта ўртоқлик учрашуви ўтказилди. Биз мазкур сафарнинг сўнгги куни жамоа етакчиларидан бири Жаҳонгир Меҳмонов билан суҳбат қурдик.

- Жаҳонгир, «Навбаҳор» билан амалдаги шартномангизни узайтирдингизми ёки ҳали яна бир йиллик келишувингиз бормиди?

- 2018 йилнинг якунида жамоа билан шартномам ниҳоясига етганди. Клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби билан музокаралардан сўнг келишувни узайтирдик.

- У қанча муддатга узайтирилди?

- Бир йилга.

- Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини таниқли мутахассис Андрей Канчельскис қўл остида ўтказдинглар. Россиялик мураббий ҳақида нималар дея оласиз?

- Ҳар бир мураббийнинг ўзига яраша услуби бўлади. Табиийки, Канчельскисда ҳам. Фаолият олиб борган клублари ҳаммага аён. Ундан кўп нарса ўрганишга ҳаракат қиляпмиз.

Қаттиққўлми?

- Керакли вазиятда қаттиққўл ва талабчан. Вазиятга қараб футболчилар билан ҳазиллашиб ҳам туради.

- «Навбаҳор»нинг ўтган йилги эгаллаган ўрни жамоанинг имкониятлари даражасига мос бўлдими ёки яна бир поғона кўтарилиш мумкинмиди?

- Бронза медали яхши натижа, деб ўйлайман. Мавсум давомидаги меҳнатларимизнинг мевасини олдик. Ҳар бир инсон астойдил ишласа, ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларига албатта эришар экан.

- Бу йил жамоа олдига қандай вазифа қўйиляпти?

- Фақат биринчи ўрин, яъни чемпионлик вазифаси қўйилган. Бу мақсадимизга эришамиз, деган умиддаман.

- Вазиятга реал қарасак, бунинг имкони бормикан?

- Албатта, имконсиз нарсанинг ўзи йўқ! Юқорида айтганимдек, меҳнат қилсак, ниятимизга эришамиз.

- Лекин «Пахтакор» ва «Локомотив» клубларида ҳам шундай истак бор...

- Тўғри. Аммо биз ҳам шу кучли жамоалар сингари чемпионлик учун курашамиз. Маррани юқорироқ олавериш керак.

- Жамоа раҳбарияти ўтган мавсум маошлари бўйича тўлиқ ҳисоб-китоб ишларини амалга оширдими?

- Ҳа, жамоанинг футболчилардан умуман қарзи йўқ.

- 12та клуб иштирок этган Суперлиганинг ўтган йилги формати сизга маъқул келдими?

- Йўқ! Негаки, жадвалнинг иккинчи қисмига бўлган эътибор кескин кама-йиб кетди. Қуйи олтиликдаги деяли барча ўйинларга қизиқиш бўлмади, ҳисоб. Олдинги форматда ҳар бир баҳс қизиқарли кечарди. Евопанинг кучли лигалари икки даврали оддий форматда ўтказилади. Биз ҳам аввалги тизимга қайтишимиз керак. Шунда чемпионатимиз янада кучаяди.

- «Навбаҳор»нинг Қримдаги йиғини қандай ўтди? Ўртоқлик ўйинлари, таркибдаги янги футболчилар қандай таассурот қолдирди?

- Янги мавсумга тайёргарлик режа асосида кетяпти. Бу илк хориж йиғинимиз эди. Икки маҳалдан машғулотлар ўтказилди. Йиғин доирасида Қрим жамоаларига қарши учта ўртоқлик учрашувида майдонга тушдик. Янги футболчиларнинг бари профессионал, ўз ишини яхши билади. Уларнинг аксарияти тажрибали ўйинчилар.

- Азиз Турғунбоевнинг трансфери яхшигина муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу жараён ҳамон давом этяпти. Жамоадошингизнинг «Навбаҳор»да қолиши аниқ бўлдими?

- Ҳа. Катта эҳтимол билан у янги мавсумни ҳам «Навбаҳор»да бошлайди. Осиё кубогида миллий жамоамиз таркибида майдонга тушиб, Эктор Купер бошчилигидаги машғулотларда иштирок этди ва улкан тажриба тўплади.

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: uff.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар