{{ message }}

Шота Арвеладзе: Одил Аҳмедовни «Пахтакор»да кўришни истаган эдик

“Пахтакор” бош мураббийи Шота Арвеладзе Осиё Чемпионлар лигаси саралашининг иккинчи босқичида “Эйр Форс” клубига қарши кечадиган ўйин олдидан матбуот анжуманида иштирок этди ва саволларга жавоб берди.

- Ҳаммани бошланаётган янги мавсум билан табриклайман. Умид қиламанки, бу мавсум биз учун омадли келади. Бунинг учун имкон қадар кўп ишларни амалга оширишга ҳаракат қилдик.

- Рақибнинг кучли ва кучсиз жиҳатлари ҳақида нима дея оласиз?
- Ҳа, биз рақибнинг уч, тўртта ўйинини кўрдик. Охирги икки ўйинини ўрганиб чиқдик. Рақибимиз жиддий, жуда яхши ўйин намойши этади. Стандарт вазиятларда анча кучли. Охирги уч йилда кетма-кет ОФК Кубогини қўлга киритган. Аммо аввал ҳам айтиб ўтганимдек биз уйда ўйнаймиз. Албатта бизда қийинчиликлар бор. Ярим таркиб футболчилари терма жамоа ихтиёрида бўлди, аммо шунга қарамай яхши тайёрланишга ҳаракат қилдик.

- Тайёргарлик жараёни ва янги таркибдан кўнглингиз тўлдими?
- Мураббийнинг кўнгли ҳеч қачон тўлмайди ва бу энг катта муаммоларимиздан бири. Ҳар доим янада кўпроғини истайсан. Хавотирга солаётгани эса, бизда ўртоқлик ўйинлари етарлича бўлмади. Ярим жамоа узоқ вақт ихтиёримизда бўлмагани эса вазиятни яна бироз мураккаблаштиради. Шундай экан, футболчиларнинг ўзаро тушуниб ўйнаши менимча энг оғриқли масала. Аммо бу муаммони бартараф этишга уриндик. Таркибда бу йил жуда катта рақобат бор, деб ўйлайман. Ўзим истаган футболчиларни максимал тарзда жамлашга улгурдик. Албатта мураббий янада кўпроғини истайди. Клуб раҳбариятига катта раҳмат. Ўзаро маслаҳатлашиб, кўпроқ эътиборни ўзбек футболчиларига қаратишга қарор қилдик. Албатта мухлислар ва биз истаган футболчини ҳар доим ҳам таркибга жалб этиш имкони бўлмайди. Масалан, Одил Аҳмедовни ҳам таркибда кўришни истагандик. У билан уч марта кўришиб, гаплашиб олдим. Аммо у ҳозир жамоамиз аъзоси эмас.

- Янги футболчилар ҳақида нима дея оласиз?
- Улардан кўп нарса кутяпмиз. Янги футболчиларнинг потенциалини келгуси ўйинларда яхшироқ кўриб олишимиз мумкин.

- Азиз Турғунбоев ҳақида савол. Сиз у билан шартнома имзоладингиз, аммо энди у жамоангиз футболчиси эмас. Режалар ўзгардими?
- Бу саволга имкон қадар қисқа жавоб беришга ҳаракат қиламан. Биз охирига қадар у жамоамизда бўлишини истадик, чунки у жуда яхши футболчи. Ва у билан шартнома имзоладик. ЎФА ҳам бу шартномани рўйхатга олди. Шундай экан, у бизнинг футболчимиз бўлиши керак эди. Жазо чораларига келадиган бўлсак, ҳаммамиз ҳам қайсидир маънода айбдормиз. Биз ҳам, футболчи ҳам, “Навбаҳор” ҳам. Жазо чоралари тўғри бўлди. Турғунбоевни “Пахтакор”да кўришни истаган эдик. У уч-тўрт позицияда ўйнай оларди. Аммо ниятимиз ниятлигича қолиб кетди. Кўрамиз, энди нима бўлади. Биз ҳеч ким билан муносабатни бузишни истамаймиз. Ҳамма ҳам хато қилади.

- Ўтган йили катта эътибор легионерларга қаратилган эди. Бу йил фақат Симич қолди. Нима, яхшироқ легионер топа олмадингизми?

- Ўтган йили ким энг яхши тўпурар бўлди?
- Безерра.

- Ким энг яхши футболчи бўлди?
- Безерра.

- Исмаэл қанча гол урди?
- Ўн олтита, адашмасам.
- Агарда легионер яхши пул олаётган бўлса, у ўз иқтидорига яраша ҳақ олади. У биз истаган стандартларга жавоб бера олади. Ҳар доим ҳам ўзинг истаган маҳаллий футболчини қўлга кирита олмайсан. Агар танловда қанчадир футболчи бўлса, ҳаммасини ҳам таркибга жалб этишнинг иложи йўқ. Шу боис бўш қолган позицияга хориждан футболчи чақиришга мажбур бўласан. Бу йил жуда катта ҳажмда ишларни амалга оширдик. Шу боис ҳам легионерлар сони камроқ бўлди.

Агар қўшимча вақт бўлса, жамоангиз бунга тайёрми?
- Футболчилар ҳар куни машғулот олиб бормоқда. Ҳамма ўйинга тайёр. Ўйлайманки, 120 дақиқа тўп суриш муаммо бўлмайди. Қолгани ўйин сифатига боғлиқ.

- Жароҳатлар борми?
- Комилов, Собирхўжаев ва Симич майдонга туша олмайди.

Кримец: Янги мавсум билан табриклайман. Янги мавсум биз учун ўтган йилгига қараганда яхшироқ келишини тилайман. Янги мавсумда кўпроқ совринга эга бўлсак яхши бўларди.

Ўтган мавсум ҳимояда кўп муаммо бўлган эди? Менимча ҳар қандай кучли ҳимояда ҳам муаммолар бўлади. Шундай экан, кўпроқ ишлашга ва энг яхши ҳимоя чизиғини ташкил этишга уриниб кўрамиз.

Манба: www.uff.uz
Киритиш

Ўхшаш хабарлар