{{ message }}

«Муштарак» икки юлдуз- Роналду ва Неймар...

5 февраль куни замонавий футболнинг энг сара икки юлдузи ўзининг туғилган айёмини нишонлади. Гап тегишлича 34 ва 27 ёшга тўлган Криштиану Роналду ҳамда Неймар ҳақида кетяпти. Португалиялик футболчи бугун нафақат «Ювентус» клуби, балки бутун Италия чемпионатида биринчи рақамли «юз» мақомига кўтарилиб улгурди. Бразилиялик ҳужумчи эса жаҳондаги энг қимматбаҳо футболчидир. «ССФ» нашри иккисининг таваллуд куни муносабати билан уларнинг ўхшаш томонларига эътибор қаратди. Очиғи, Роналду ва Неймар ўртасида муштарак жиҳатлар кўплигидан енгилгина «шок»ка тушиш ҳеч гап эмас.

 Улар битта тилда гаплашишади. Роналду - португалиялик, Неймар - бразилиялик. Ҳар икки мамлакатда португалча асосий тил ҳисобланади. Ҳаммаси узоқ тарихга бориб тақалади. Португаллар 15-асрдаёқ Бразилияни колонизациялаштира бошлашган. Хуллас, Жанубий Америка мамлакати 1825 йилга келибгина мус­тақилликка эришган, албатта, бир неча урушлардан сўнг.

Улар фамилиядошлар. Португал тилида гаплашадиганларга қарасак, фамилиялари нисбатан мураккаб. Яъни фамилиянинг барча бўғинлари алоҳида ёзилади. Қизиғи, Криштиану ва Неймарнинг исм-шарифида битта бўғин бир хил, фақат ёзилишида бироз фарқ бор: Сантуш ва Сантос. Қолаверса, улар ҳар икки футболчи фамилиясида бир жойда келади -Криштиану Роналду душ Сантуш Авейру ва Неймар да Сильва Сантос Жуниор.

Улар Пушкаш номидаги мукофотни қўлга киритишган. Роналду йилнинг энг чиройли голи учун бериладиган совринни олдинроқ ютган. Аниқроғи, португалиялик футболчининг 2009 йили «МЮ» сафида ЧЛ ўйинида «Порту» дарвозасига урган голи ФИФА томонидан энг чиройлиси сифатида эътироф этилганди. Ўшанда махсус сўров иштирокчиларидан 17,68 фоизи Криштиану ижросидаги голни ёқлаб овоз берганди. Неймар эса бу совринга 2 йилдан кейин эга чиқди. Унинг Бразилия чемпионатида «Сантос» учун «Фламенго»га дарвозасига йўллаган голи (сўровда 34 фоиз овоз тўплаган) чиндан ҳам, ақлни шошириб қўядиган даражада чиройли чиққанди.

Улар битта бренд элчилари. Роналду ҳам, Неймар ҳам Nike компанияси билан «шерик». Тўғри, бу ҳамкорликда бир неча муҳим фарқли жиҳатлар бор. Криштиану 2016 йилиёқ Америка бренди билан бир умрлик шартнома тузди. Турли манбалар маълумотига кўра, ҳомийлик келишувининг баҳоси миллиард долларга етиши мумкин. Ўз ўрнида айтиш керак, португалиялик «жавоҳир» ва Nike ўртасидаги ҳамкорлик 2003 йили йўлга қўйилди. Дарвоқе, америкаликлар дунёда атиги икки кишини муддатсиз элчи сифатида тан олишган, яъни Роналдудан ташқари, баскетбол юлдузи Леброн Жеймс ҳам муддати чексиз битимга эга. Неймарга келсак, у Nike билан оддийроқ келишувга эришган. Лекин бу ҳамкорликдан айниқса, «ПСЖ» катта манфаат кўраётганини алоҳида айтиш керак. Чунончи, бразилиялик юлдуз Парижга кўчиб ўтгач, Nike компанияси клубга нақ икки баравар кўп ҳомийлик пули ажрата бошлади. Шу тариқа «ПСЖ»нинг йиллик улуши 60 миллион долларга етди. Неймарнинг ўзига эса ажойиб бонус белгиланган: агар футболчи «Олтин тўп» соҳибига айланса, Nike унга қўшимча 1 миллион евро тўлайди.

Улар қулоқларини тешишган. Ҳаттоки, ҳар иккисини. Криштиану бу жараённи бошдан ўтказган вақт «МЮ» сафида ўйнарди. Балдоқли Роналдуни ким соғинди? Айтиш мумкинки, бу ўзига хос одат. Неймар эса ёшлигидаёқ қулоқларини зирак тақишга мослаштирган. Умуман, ҳар икки футболчи кундалик ҳаётда тақинчоқ билан юришни хуш кўради. Фарқли томони шуки, Неймарнинг қулоқларидаги тешиклар кўпроқ - ҳар бирида 4тадан.

Улар ди Мария билан бирга ўйнашган. Роналду ва аргентиналик Анхель ди Мариянинг йўллари «Реал»­да кесишган. «Бенфика»дан чин юлдуз мақомида «Қироллик клуби»га ўтган Анхель кейинчалик мегаўйинчилар даврасида зерикдими, ҳар ҳолда, «МЮ»га йўл олди, шундан сўнг «ПСЖ»да пайдо бўлди. Ди Мария айни пайт етакчи вазифасини бажармоқда. Хусусан, Неймар жароҳат туфайли четга чиққач, унинг жамоадаги роли янада ошди.

Улар солиқ тўловларидан «қочишган». Ўзи Испанияда ўйнаган қайси юлдуз бу борада муаммога учрамаган? Роналду йиллар давомида Испания ғазнасига солиқ тўламагани учун ҳаттоки, қамоққа тушиш хавфи остида қолди. Португалиялик ўтган йилнинг декабрь ойидагина барчаси жиддийлигини фаҳмлаб, хатосини тан олди ва 19 миллион евро миқдорида жарима тўлашга ваъда берди. Шунга қарамай, испанлар уни 23 ойлик шартли қамоқ жазосига маҳкум этишди. Неймар ҳам вақтида Испания қонунчилиги олдида бош «эгди». Тўғрироғи, 2017 йили 7та сондан иборат рақамда белгиланган жаримани индамайгина тўлашдан ўзга чора тополмади. Боз устига, Неймарнинг 2013 йили «Сантос»дан «Барселона»га ўтишига боғлиқ иш ҳали ёпилганича йўқ. Бу келишувга ҳамон «ифлос трансфер» сифатида қаралмоқда.

ДАВОМИ

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда

Киритиш